“Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йилида амалга оширишга оид давлат дастурига мувофиқ Олмалиқ кон-металлургия комбинатида самарали ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, комбинат технологик ишлаб чиқариш жараёнида ҳосил бўлаётган кислотали ва ишқорли оқова сувларни тозалаш бўйича Ўзбекистонда биринчи бор Финляндия тажрибаси қўлланилмоқда.
Ўзбекистон Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Инновацион ривожланиш агентлиги ҳамда Финляндиянинг "EPSE OY" компанияси 2024 йилда Олмалиқ кон-металлургия комбинатининг оқова сувларини тозалаш бўйича тажриба лойиҳасини қўллаш бўйича уч томонлама шартнома имзоланган эди. Айни кунларда Финляндиянинг "EPSE OY" компанияси кислотали ва ишқорли оқова сувларни тозалаш бўйича пилот лойиҳасини комбинатда жорий этмоқда. Тажриба тариқасида пилот қурилма Ангрен кон бошқармасининг "Кўч-булоқ" конининг тозалаш иншоотларига ўрнатилди ва синов ишлари олиб борилмоқда.
Эътиборлиси, компания пилот лойиҳа даврида махсус реагентни қўшиш эвазига оҳак сарфи 60 фоизга қисқартирилади. Шунингдек, тозалаш жараёнидаги сув талаб даражасига етказилади. Тозалаш жараёнида ҳосил бўлаётган қуйқа таркибидан эса рангли металларни ажратиб олиш имконияти яратилади.
Синовлар якунида финляндиялик мутахассислар лойиҳанинг тежамкорлиги ва самарадорлигини исботлаши ва ушбу занжирни саноат миқёсида қўллаш хамда кимёвий сув тозалаш иншоотлари ишлаш самарадорлигини 99,5 фоизга етказиш бўйича хулоса бериши керак. Бу хулоса комбинатнинг Ангрен кон бошқармаси ҳамда Рух ва Мис эритиш заводларининг тозалаш иншоотлари учун олинади.
Синов таҳлилларининг дастлабки маълумотларига кўра, ушбу лойиҳанинг амалга оширилиши саноат оқова сувларининг зарарли таъсирини юқори даражада камайтириш имконини беради. Келгусида эса бу тажриба Ўзбекистоннинг барча саноат корхоналарида қўлланилиши режалаштирилган.
ОКМК ахборот хизмати