Океанда сузувчи шаҳар пайдо бўлиши мумкин
Бир вақтнинг ўзида 80 минг нафаргача одамни қабул қила оладиган улкан “Freedom Ship” лойиҳаси яна муҳокамалар марказида.
Муаллифлар уни оддий круиз кемаси эмас, балки океанларда сузиб юрувчи ҳақиқий шаҳар сифатида тасвирламоқда. Агар лойиҳа амалга ошса, у инсоният тарихида қурилган энг йирик денгиз иншоотига айланади.
Тахминан 1,6 километр узунликдаги кемада турар жойлар, мактаблар, меҳмонхоналар, шифохона, боғлар, савдо марказлари ва спорт мажмуалари жойлашади. Лойиҳага кўра, бу ерда 50 минг киши доимий яшайди, яна ўн минглаб меҳмонлар эса вақтинча истиқомат қилиши мумкин. Уларнинг кундалик эҳтиёжларига 20 минг нафар ходим хизмат кўрсатади.

Кемада 15 минг ўринли стадион, музейлар, концерт зали, аквапарк ва ҳатто икки қаватли гастрономик марказ бўлиши режалаштирилган. Болалар учун мактаблар, талабалар учун таълим муассасалари ташкил этилади. Йирик ҳудуд бўлгани сабабли йўловчилар ҳаракати учун ички трамвай тизими ҳам қурилади.
Лойиҳа муаллифлари кема ҳар икки йилда Ер шари бўйлаб бир марта айланиб чиқишини режалаштирмоқда. Улкан ҳажми туфайли у портларга кира олмайди ва асосан халқаро сувларда ҳаракатланади. Шу боис меҳмонлар унга махсус паромлар ёрдамида чиқиши кўзда тутилган.
“Freedom Ship” ғояси илк бор 1990 йиллар охирида илгари сурилган эди. Ҳозирча қурилиш ишлари бошланмаган бўлса-да, ташаббускорлар сармоя жалб қилиш устида иш олиб бораётганини айтмоқда. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, лойиҳа қиймати қарийб 14 миллиард еврога баҳоланмоқда.
Мутахассислар фикрича, агар режа амалга ошса, “Freedom Ship” нафақат дунёдаги энг катта кема, балки денгиздаги биринчи доимий шаҳар сифатида ҳам тарихга кириши мумкин.
Мусулмон Зиё, ЎзА