1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни билан боғлиқ тадбирлар бутун дунёда бўлгани каби Ўзбекистонда ҳам кенг нишонланмоқда.
Мазкур сана муносабати билан Оилавий болалар уйларининг бир гуруҳ вакиллари Сенатга таклиф этилди.
Айтиб ўтиш керакки, Оилавий болалар уйлари Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси асосида ташкил этилган бўлиб, бу масканларга Меҳрибонлик уйида тарбияланаёган болалар қабул қилинган ва улар оила муҳитида тарбия қилинмоқда. Айни пайтда юртимизда юздан зиёд шундай маскан бор.
Оилавий болалар уйларини ташкил этган ота-оналар 5-6 нафардан етим болаларни ўз бағирларига олиб, уларга оталик, оналик меҳрини бермоқда.
Самимий руҳда ўтказилган учрашувда давлатимиз томонидан болаларнинг манфаатларини таъминлаш борасида олиб борилаётган ишлар, Меҳрибонлик уйларининг ўрнига Оилавий болалар уйлари ташкил этилгани, оила муҳитининг аҳамияти, болаларнинг салоҳиятини юзага чиқариш борасида ишга солинаётган имкониятлар юзасидан қизғин фикр алмашилди.
Аҳамиятлиси, болаларнинг ўзлари ҳам мулоқотда фаол қатнашиб, ўз фикрларини баён қилди.
Сенаторлар ўзлари сайланган округларда фаолияти йўлга қўйилган Оилавий болалар уйларига ҳар томонлама кўмаклашиб туриш бўйича фикрлар билдирди.
Шу билан бирга, кўриб чиқилаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг болалар манфаатларига мос келиши, бу йўналишда қабул қилинган қонунчилик ҳужжатларининг амалдаги ижроси устидан парламент назоратининг қатъий олиб борилиши белгилаб олинди.
Н.Абдураимова, ЎзА