Оила – жамиятнинг асоси. Хўш, оиланинг асосини нима ташкил этади? Албатта оиланинг ҳуқуқий асосини қонуний никоҳ ташкил этади. Чунки фақат қонуний никоҳгина оилада эр-хотин ва болалар ўртасида ўзаро ҳуқуқ ва мажбуриятларни келтириб чиқаради.
Никоҳ ўзи нима – у келишув, битим, шартнома, аҳднома ёки бўлажак келин-куёв ўртасидаги иттифоқми, деган савол туғилиши табиийдир. «Никоҳ» сўзи арабча бўлиб, «қўшилиш» деган маънони англатади. Луғавий маънога кўра, никоҳ бу икки жинсдаги шахсларнинг ўзаро розилик, ихтиёрийлик, тенглик, белгиланган никоҳ ёшига етганлик асосида аҳдлашиб тузиладиган иттифоқдир.
Конституциянинг 63-моддасида «Никоҳ томонларнинг ихтиёрий розилиги ва тенг ҳуқуқлилигига асосланади», дейилади. Амалдаги Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 15-моддасида никоҳ ёши аёллар ва эркаклар учун 18 ёш деб белгиланган бўлсада, мутахассислар 20 ёшдан кейин никоҳга кириб оила қуриш мақсадга мувофиқ деб таъкидлайди.
НИКОҲ ТУЗИШ ТАРТИБИ
Оила кодексининг 13-моддасида никоҳ тузиш тартиби ва шартлари белгилаб берилган бўлиб, никоҳ Фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органларида тузилади. Диний расм-русумларга биноан тузилган никоҳ ҳуқуқий аҳамиятга эга эмас. Оила кодексининг 14 ва 15-моддаларига мувофиқ никоҳланувчиларнинг ўзаро розилиги ва уларнинг никоҳ ёшига етганлиги никоҳ тузишнинг асосий шарти ҳисобланади.
Ҳозирги кунда Оила кодексига янги норма сифатида «Никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш» тўғрисидаги 17-модда киритилди. Мазкур моддада никоҳланувчи шахсларнинг давлат соғлиқни сақлаш тизими муассасаларида бепул асосда тиббий кўрикдан ўтиши белгилаб қўйилган.
Бу борада Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 25 августдаги 365-сонли қарори билан тасдиқланган «Никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш тўғрисидаги низом» қабул қилинган. Мазкур низом ФҲДЁ органлари томонидан рўйхатдан ўтказиладиган барча никоҳларга жорий этилади, 50 ёшдан катта шахсларнинг никоҳини рўйхатдан ўтказиш ҳоллари бундан мустасно. Низом талабларига мувофиқ никоҳланувчи шахслар ўзлари яшаш жойларидаги тиббий муассасадан белгиланган тартибда тиббий кўрикдан ўтадилар.
Оила кодексининг 29-моддасига биноан, никоҳ шартномаси-никоҳланувчи шахсларнинг ёки эр ва хотиннинг никоҳда бўлган даврда ёхуд эр ва хотин никоҳдан ажралган тақдирда, уларнинг мулкий ҳуқуқ ҳамда мажбуриятларини белгиловчи келишувдир.
Оила қураётган бугунги ёшлар ичида бу жараёнгача, тадбиркорлик қобилияти ёки интеллектуал салоҳияти билан моддий-молиявий жиҳатдан анча нарсага эришганлари кўпчиликни ташкил этади. Эр ва хотиннинг никоҳгача ўзига тегишли бўлган мол-мулки, шунингдек, улардан ҳар бирининг никоҳ давомида ҳадя, мерос тариқасида ёки бошқа битимлар асосида олган мол-мулки фақат ўзининг мулки ҳисобланади. Шу маънода эр-хотиннинг биргаликдаги умумий мулки эса уларнинг никоҳ давомида орттирган, шунингдек, никоҳ қайд этилгунга қадар умумий маблағлари ҳисобига олинган буюм ёки бошқа нарсалари бўлиши мумкин.
Никоҳ давлат рўйхатига олингунига қадар тузилган шартнома, у давлат рўйхатига олинган кундан бошлаб кучга киради. Шартнома ёзма шаклда тузилади ва албатта нотариал идора орқали тасдиқланиши шарт.
Никоҳ шартномасини ишончнома орқали тузишга йўл қўйилмайди.
Никоҳ шартномасини тузишда томонларнинг паспортларига кўра шахслари аниқланади. Никоҳ тузишдан олдин никоҳ шартномасини тузишга келганлар билан нотариус томонидан суҳбат ўтказилгач ёки эр-хотиннинг никоҳ тузилганлиги ҳақидаги гувоҳномаларига асосан, бу шартнома нотариал тасдиқланиш учун қабул қилинади. Нотариус шартноманинг мазмуни амалдаги қонунларга зид бўлмагандагина тасдиқлашга ҳақли.
Фуқаролик кодексининг 354-моддасига мувофиқ никоҳ шартномасини тузиш ихтиёрийдир. Яъни бундай шаклдаги шартномани тузиш ёки тузмаслик эр ва хотиннинг ўзига боғлиқ.
НИКОҲ ШАРТНОМАСИНИНГ ЯНА БИР АФЗАЛЛИГИ
Никоҳ шартномасининг яна бир афзаллиги шундаки, у ўзида нафақат эр-хотиннинг мол-мулкини вужудга келтириш ёки унинг ҳуқуқий тартибини ўзгартириш, шу билан бирга, эр-хотиннинг бир-бирига моддий таъминот беришини тартибга солишини ҳам акс эттиради. Шу боис никоҳ шартномасини фақат мулкий низоларни ҳал қилишга ёрдам берувчигина эмас, балки никоҳни мустаҳкамловчи омил деб қараш ҳам мумкин.
Мазкур ҳуқуқий ҳужжат биз учун янгилик бўлиб, 1998 йилда қабул қилинган янги Оила кодекси билан амалиётга жорий этилди. Никоҳ шартномаси никоҳдан ўтувчилар ва никоҳдаги эр-хотин ўртасида тузилади. Шартнома никоҳ давлат рўйхатига олингунга қадар тузилган бўлса, Оила кодексининг 30-моддасига асосан никоҳ ФҲДЁ органларида рўйхатга олинган вақтдан бошлаб қонуний кучга киради.
Томонлар оила даромадлари ва харажатларини тақсимлаш бўйича ҳуқуқ ва мажбуриятларини никоҳ шартномасида белгилаб қўйишлари мумкин. Бу қоида доимий иш ҳақига ҳам, кундалик харажатларга ҳам, айтайлик, биргаликдаги мол-мулк таркибига кирувчи нарсаларни сақлаш ва таъмирлаш, болаларни ўқитиш билан боғлиқ сарф-харажатларга ҳам тегишли. Шунингдек, эр-хотин зарурат туғилганда бир-бирларини пул билан таъминлаб туриш шартларини олдиндан келишиб олишлари ҳам мумкин. Бундай шартлар Оила кодексининг 17-боби талабларига мос бўлиши керак. Худди шунингдек, томонлардан бирининг бошқасига моддий таъминот учун алимент тўлаш тартиби ва миқдори алимент тўлаш тўғрисидаги махсус келишув билан белгиланиши мумкин.
Яна бир муҳим жиҳат – томонлар суд томонидан никоҳдан ажратилганда, улардан ҳар бирига топшириладиган мол-мулкдаги улушни ўзаро келишувда белгилаш ҳуқуқига эга. Бунинг афзаллиги шундаки, никоҳ даврида эр-хотиндан бири уй-рўзғор юмушлари ва болаларга қараш билан машғул бўлиб, даромад орттира олмайди. Бундай ҳолатда тарафлар никоҳидан ажратилгандан кейин ушбу тараф тегишли моддий таъминотсиз қийин аҳволга тушиб қолиши мумкин.
Кодекснинг 32-моддасига мувофиқ никоҳ бузилган пайтдан бошлаб никоҳ шартномасининг амал қилиши ҳам тугайди, никоҳ шартномасида никоҳ бузилганидан кейинги давр учун назарда тутилган мажбуриятлар бундан мустасно.
Никоҳ шартномаси исталган вақтда ўзгартирилиши, тўлдирилиши ва бекор қилиниши мумкин. Лекин эр-хотиннинг ўртасидаги унинг ўзгартирилиши ёки бекор қилиниши тўғрисидаги келишув ёзма шаклда бўлиши ва нотариал тартибда тасдиқланиши керак. Никоҳ шартномасидан бир томонлама воз кечишга йўл қўйилмайди.
Шу ўринда таъкидлаш лозимки, никоҳ шартномаси тузишдан мақсад, фақат мулкни тақсимлаш эмас. У ўзаро аҳилликни таъминлашга, оиланинг умумий мулкини авайлаб-асрашга хизмат қилади, исрофгарчиликларнинг олдини олади, томонларнинг оила олдидаги масъулиятини оширади.
Ойбек ҲАСАНОВ,
Фарғона вилоят
суди раиси
ўринбосари