АОКАда 2025 йилнинг ўтган даврида оила ва хотин-қизлар билан ишлаш соҳасида амалга оширилган ишлар ҳамда истиқболдаги режаларга бағишланган матбуот анжумани ташкил этилди.
Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Умида Абдуллаева мавзу юзасидан оммавий ахборот воситалари ходимларига батафсил маълумот берди.
Эътироф этилганидек, Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан янги Ўзбекистонда аёл ва бола ҳуқуқларини таъминлаш, уларни ҳар томонлама ҳимоялаш учун халқаро стандартларга асосланган ҳуқуқий ва институционал база шакллантирилди. “Аёлни эъзозлаш – эзгулик ва адолат мезони” деган ғояни ҳаётга татбиқ этиш мақсадида аёлларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, ижтимоий, ҳуқуқий, психологик, тиббий ёрдам бериш тизими йўлга қўйилди. Хотин-қизлар турли соҳа ва тармоқларда самарали фаолият юритиб, Ватанимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшмоқда.
[gallery-24248]
2017 йилда бошқарув соҳасида хотин-қизлар ўртача 27 фоизни ташкил этган бўлса, ҳозирда бу рақам 35 фоизга етди. Аёллар улуши тадбиркорлик соҳасида 45 фоиз, сиёсий партиялар таркибида 49 фоизни ташкил этмоқда.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларининг 38 фоизи, Сенат аъзоларининг эса 27 фоизи, Халқ депутатлари маҳаллий кенгашлари депутатларининг 32 фоизи хотин-қизлардир. Бу натижалар сиёсий ирода, халқчил ёндашув ва энг муҳими, аёлнинг имкониятига билдирилган юксак ишонч самарасидир.
Ҳуқуқий база, молиявий ёрдам, касб-ҳунар ўргатиш, субсидиялар, имтиёзлар – барчаси хотин-қизлар учун кенг имконият эшикларини очди. Бу борада миллий тажриба – Ўзбекистон модели яратилди. Хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш йўналишида 100 га яқин ҳужжатлар қабул қилинди.
Жорий йилда соҳага доир 8 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинди. Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида Ўзбекистон Республикасининг 1053-сон қонуни имзоланди.
Қонун билан айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритилди. Хусусан, Оила кодексига киритилган қўшимчага кўра, никоҳдан ажратиш тўғрисидаги ишлар кўриб чиқилаётганда суд оилавий (маиший) зўравонликдан жабрланган шахснинг талабига кўра ярашиш учун муҳлат тайинламаслиги белгиланди.
Уй-жой кодексига киритилган қўшимчага кўра, турар-жойдан фойдаланиш ҳақидаги низолар кўриб чиқилаётганда суд тарафларнинг келишувига асосан турар-жой мулкдорининг ташаббусига кўра турар-жойга мажбурий тартибда киритилаётган тарафни турар-жой мулкдорига тегишли мутаносиб шароитларга эга бўлган бошқа турар жойга киритиш ёки ижарага олинган турар-жой учун ижара ҳақини тўлаш мажбуриятини мулкдорнинг зиммасига юклатиши мумкинлиги белгиланди.
Президент қарорига кўра, 28 нафар қиз Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан тақдирланди. Натижада ушбу нуфузли мукофот билан тақдирланган қизлар сони 480 тага етди. Жамият ва давлат ҳаётида фаоллик ва ташаббускорлик кўрсатган, шунингдек, Ватан ҳимояси йўлида фарзандлари ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг ва Олимпия ҳамда Паралимпия чемпионларининг оналари – 333 нафар аёл “Мўътабар аёл” кўкрак нишони билан тақдирланди.
Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 9 июндаги 322-сонли қарорига мувофиқ, 3 минг 856 нафар мутахассислиги бўйича 5 йил меҳнат стажига эга, лекин олий маълумоти йўқ талабгор хотин-қизларга тавсиянома берилди.
Ҳукуматнинг 2020 йил 23 июндаги 402-сонли қарорига мувофиқ, 14 минг 99 нафар эҳтиёжманд оилалардан бўлган талабгор хотин-қизларга тавсиянома берилди.
Жорий йил бошида 30 ёшдан юқори бўлган 7 миллион 638 минг 646 нафар хотин-қизлар билан суҳбатлар ўтказилиб, анкета-сўровномалари тўлдирилди. Натижада “Аёллар дафтари”нинг 6-босқичига республика бўйича 1 миллион 22 минг 476 нафар хотин-қизлар киритилди. Шу кунгача улардан 763 минг 779 нафарига амалий ёрдамлар кўрсатилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 14 мартдаги “Оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳамда 7 мартдаги 96-сон қарори ижроси юзасидан республика бўйича бир қатор ишлар амалга оширилди.
2025 йилда хотин-қизларни даромадли меҳнат билан таъминлаш, касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиш, олий таълим билан қамраб олиш, қишлоқ хўжалиги йўналишида даромадли меҳнат билан таъминлаш бўйича ҳудудлар кесимида прогноз кўрсаткичлар тасдиқланди. Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги томонидан Хотин-қизлар тадбиркорлик марказларида хотин-қизларни касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиш бўйича ўқув дастурлари тасдиқланди.
Жорий йилнинг ўтган даврида хотин-қизларни қўллаб-қувватлашнинг асосий мақсадли кўрсаткичларини бажариш бўйича муайян ишлар амалга оширилди. Жумладан, 156 минг 290 нафар хотин-қиз касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитилди. Бунда, 117 минг 911 нафари касб-ҳунарга, 24 минг 357 нафари томорқадан даромад топишга, 8 минг 569 нафари хавфсиз миграция тамойили асосида хорижий тил ва касб-ҳунарга, 5 минг 453 нафари дарахт ва гул кўчатларини етиштириш бўйича ўқитилди.
Тижорат банклари томонидан жорий йил 1 июнь ҳолатига 174 минг 885 нафар хотин-қизга салмоқли миқдорда кредит маблағлари ажратилган. Шундан, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастури доирасида 82 минг 558 нафар хотин-қизга 1 миллиард 294,5 миллион сўм кредитлар ажратилган. Шу йилнинг ўтган даврида 1 миллион 690 минг 136 нафар хотин-қиз даромадли меҳнат билан таъминланди.
Шундан, 358 минг 264 нафар хотин-қиз доимий иш билан таъминланди. Хусусан, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги томонидан 110 минг 36 нафар, тижорат банклари томонидан 248 минг 228 нафар хотин-қиз иш билан таъминланди.
Оилада ҳуқуқий маданиятни ошириш, улар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикасини ташкил этиш, тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олиш йўналишида ҳам қатор ташкилий ва амалий ишлар олиб борилди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 3 январдаги “Республика маҳаллаларида жиноятчиликнинг барвақт профилактикаси самарадорлигини янада ошириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида” қарори ижросини таъминлаш бўйича қатор чора-тадбирлар амалга оширилди.
“Хонадонбай” ишлаш орқали хотин-қизларнинг турмуш тарзи ва оилавий шароитини ўрганиш натижасида ҳуқуқбузарлик содир этиш эҳтимоли бўлган 13 минг 759 та муаммоли оилалар ҳамда 3 минг 860 нафар алоҳида тоифадаги хотин-қизлар аниқланди. Уларга “Оқила аёллар” ҳаракати аъзолари ва бошқа ижтимоий фаол аёллардан иборат жами 17 минг 716 нафар “тарбиячи-маънавий ҳомий”лар бириктирилди. Натижада 11 минг 65 та оиладаги турли ижтимоий маиший муаммолар ҳал этилди, 2 минг 951 нафар хотин-қизларнинг ижтимоийлашуви таъминланди.
Тарбияси оғир ва мунтазам дарс қолдирадиган 3 минг 248 нафар мактаб ўқувчи-қизларнинг ота-оналари билан якка тартибдаги суҳбатлар ўтказилиб, 2 минг 53 нафар ўқувчи-қизлар мактабларга қайтарилди ва 1 минг 268 нафари турли фан ва ижодий тўгаракларга жалб этилди.
“Хавфсиз оила” модули орқали Оила-турмуш муносабатлари доирасида ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш мақсадида судларда низолашаётган 48 минг 711 та низоли оилаларнинг 29 минг 467 таси ўрганилди ва 13 минг 984 тасида низолар судгача ҳал этилди.
Ҳудудларда ўтказилаётган тарғибот компанияларида ахборот-маърифий командалар томонидан жами 67 минг 196 та тарғибот тадбирлари ўтказилди. Тадбирларга 209 минг 342 нафар фаол тарғиботчилар жалб этилди. Тадбирларда жами иштирок этганлар 368 минг 504 нафарни ташкил этди.
“Е-ижтимоий профилактика” ахборот тизимида хотин-қизлар фаолларига юборилган хулосалар ижроси тўғрисида, хотин-қизлар жиноятчилиги ҳамда уларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликлар, шунингдек, хотин-қизлар ўртасида ўз жонига қасд ва суиқасд ҳолатлари, низоли оилалар билан ишлаш, одам савдоси, миграция йўналишларида амалга оширилган ишлар мунтазам таҳлил қилиниб борди.
Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш бўйича ҳам тизимли ишлар олиб борилди. Ўтган йилнинг ўзида тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олиш борасида 2 та қонун, 1 та Президент қарори, 2 та Вазирлар Маҳкамаси қарори қабул қилинди. Уларга кўра, хотин-қизлар ва болаларнинг ҳуқуқлари, қонуний манфаатлари ҳимоя қилинмоқда.
Тазйиқ ва зўравонликдан жабр кўрган хотин-қизларни ҳимоя қилиш мақсадида зўравонликдан жабрланган ва тазйиққа учраган 55 минг 757 нафар хотин-қизга “ҳимоя ордери” расмийлаштирилди. Энг муҳими, 22 минг 527 та оила яраштирилди ва 28 минг 193 та низоларнинг асл сабаблари бартараф этилди. Ҳимоя ордери берилган 9 минг 275 нафар тазйиқ ва зўравонлик содир этган зўравон шахслар тузатиш дастурига йўналтирилди.
Юртбошимизнинг 2025 йил 3 январдаги “Республика маҳаллаларида жиноятчиликнинг барвақт профилактикаси самарадорлигини янада ошириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида” қарори 2025 йилда амалга оширадиган ишлар учун дастуриламал бўлди. Ҳар бир туман (шаҳар)да “Ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш марказлари” фаолиятини “оила-маҳалла-таълим муассасаси” тамойили асосида ташкиллаштиришнинг ҳар ойлик сифат индикаторлари белгиланиши йўлга қўйилиб, фаолияти устидан назорат ўрнатилди.
Маҳаллаларда, таълим муассасаларида ва барча меҳнат жамоаларида тарғибот компанияларини кучайтириш бўйича ҳар бир ҳудуд ва туман (шаҳар)ларда профилактик ва ахборот-маърифий гуруҳлар шакллантирилди. Натижада содир этилган жиноятларнинг сабаблари ва омилларини ўрганиш орқали низоли оилалар ва ҳуқуқбузарлик содир этиш эҳтимоли бўлган хотин-қизлар билан манзилли ишлаш тизими йўлга қўйилди.
Анжуманда 2025 йилнинг иккинчи ярмида амалга ошириладиган ишлар ҳақида ҳам атрофлича маълумот берилди.
Назокат Усмонова,
Ойбек Пардаев(суратлар), ЎзА