Оила ажрашса, ипотека уйи кимга қолади?
Ажрашиш жараёнида ипотекадаги уй-жой ва кредит қарзи тақсимоти кўплаб оилаларни ташвишга солади. Ўзбекистон қонунчилиги бундай мураккаб вазиятда эр-хотин ҳуқуқларини қандай ҳимоя қилади?
“Оила ва гендер” илмий-тадқиқот институти матбуот хизмати қуйидаги маълумотларни тақдим этди.
Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 23-моддасига кўра, никоҳ давомида орттирилган мол-мулк, агар қонун ёки никоҳ шартномасида бошқача тартиб белгиланмаган бўлса, эр-хотиннинг биргаликдаги умумий мулки ҳисобланади. Демак, никоҳ даврида ипотека кредити орқали сотиб олинган уй фақат эр ёки хотин номига расмийлаштирилгани сабаблигина унинг шахсий мулкига айланиб қолмайди.
Шунингдек, эр-хотиннинг умумий қарзлари уларга белгиланган улушларга мутаносиб равишда тақсимланади. Масалан, суд уй-жойдаги улушларни эр ва хотин ўртасида тенг белгиласа, умумий қарз мажбурияти ҳам тегишли улушларга мутаносиб равишда тақсимланиши мумкин. Хусусан, никоҳ давомида ипотека асосида олинган уй-жой, қоида тариқасида, эр-хотиннинг умумий мулки ҳисобланади. Суднинг эр-хотин ўртасида қарзни тақсимлаши банк билан тузилган кредит шартномасини ўз-ўзидан ўзгартирмайди. Кредит шартномасидаги қарздорлик, биргаликда қарз олувчилар ва гаровга оид шартлар ҳам инобатга олинади.
Айрим ҳолларда эр-хотиндан бири уйда яшашни истайди, иккинчиси эса ўз улушини олишни хоҳлайди. Бундай вазиятда томонлар ўзаро келишувга эришиши мумкин. Келишув бўлмаса, масала судда кўриб чиқилади. Суд ишнинг ҳолатлари, мулкка бўлган ҳуқуқлар, томонларнинг улушлари ва мавжуд кредит мажбуриятларини баҳолайди. Зарур ҳолларда уйни бўлиш, бир тарафга қолдириш ва иккинчи тарафга тегишли компенсация белгилаш масалалари ҳам кўриб чиқилиши мумкин.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА