Президентимизнинг 2021 йил 1 апрелдаги “Илмий ва инновацион фаолиятни ривожлантириш бўйича давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги фармонига мувофиқ ҳар бир вилоятдаги биттадан туманлар “Инновацион ҳудудга айлантирилаётган туманлар рўйхати”га киритилди.
Тошкент вилоятидан Оҳангарон туманининг ушбу рўйхатга киритилгани ҳудуд аҳли учун ҳам қувончли воқеа бўлди. Хусусан, тасдиқланган чора-тадбирлар режасига мувофиқ, Самарқанд вилоятининг Ургут ва Тошкент вилоятининг Оҳангарон туманларида телемедицина хизматини ташкил этиш белгиланган эди.
Ҳозирда Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан эълон қилинган стартап танловида ғолиб бўлган “Innovative Developers” МЧЖ томонидан телемедицина хизматини ташкил этиш, дунёдаги зарур ускуналари ва дастурий маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи корхоналар билан музокаралар олиб борилиб, керакли асбоб-ускуналар харид қилиниб, ишга туширилмоқда. Шундай телемедитцина хизмати Оҳангарон туманида ҳам йўлга қўйилиб, “Telemed Clinic” клиникасининг очилиш маросими ўтказилди.

Мазкур тадбирда туман ҳокими Абдурасул Абдуллаев ҳудудда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, хусусан, тиббиётни ривожлантириш борасидаги амалий ишлар биринчи галга аҳоли саломатлигини тиклашга ёрдам беришини таъкидлади. Шундан сўнг меҳмонлар клиникада яратилган шароитлар ва замонавий технологиялар билан танишди. Бу ерда клиника раҳбари Бахтинур Худанов Австрия, АҚШ, Хитой ва бошқа ривожланган мамлакатлардан келтирилган асбоб-ускуналар ёрдамида аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатилиши, айниқса, бу борада “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”да рўйхатда турувчи фуқароларга бир қатор имтиёзлар бўлиши ҳақида айтиб ўтди.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, телемедицинанинг афзалликлари шундаки, бунда, биринчидан, олис ҳудуддаги беморларга малакали ва сифатли тиббий хизмат кўрсатиш йўлга қўйилса, иккинчидан, масофадан туриб ташхис қўйиш, масофадан туриб даволаш ишларини амалга ошириш мумкин. Бунинг натижасида, беморларни реал вақтда текшириш ва даволаш имкониятлари ошади.

Бундан ташқари, шифокорлар беморларни ташхислаш режаси, даволаш тактикаси, профилактика йўналишлари бўйича маслаҳатлашуви олиб борилади. Яъни, телемедицина орқали шифокорлар ўзаро мулоқот қилиб, беморларни қандай усуллар билан даволаш бўйича маслаҳатлар олиб бориш имкони яратилади.
А.Мусаев, ЎзА