Президент Шавкат Мирзиёев раислигида туризмни янада ривожлантириш бўйича устувор масалалар юзасидан видеоселектор йиғилиши ва соҳадаги тадбиркорлар билан мулоқот ўтказилмоқда.
2023 йил Самарқандда ўтган Глобал туризм инвестиция форумида 2,3 миллиард долларлик келишувларга эришилган эди. Лекин айрим лойиҳалар бўйича ишлар суст кетаётгани кўрсатиб ўтилди.
Масалан, Наманган, Андижон, Тошкент, Хоразм, Фарғона вилоятлари ва пойтахтдаги лойиҳаларга ҳалигача ер танланмаган. Сирдарё ва Жиззахда хорижий ҳамкорларга бирорта лойиҳа таклиф қилинмаган.
Шу билан бирга, ишлар тўғри ташкил этилган ҳудудларда натижа бор. Масалан, хорижий инвесторлар билан Шаҳрисабз тумани Ғелон ва Сарчашма қишлоқлари орасида 3 минг гектарлик тоғ-чанғи комплексини ташкил қилиш, Мираки қишлоғида туризм зонасини барпо этиш ишлари бошланди.
Иқлими, табиати Шаҳрисабзга ўхшаш бўлган Оҳангарон, Ургут, Янгиқўрғон, Поп, Чортоқ, Бахмал туманлари ҳокимларида бу борада бирорта ташаббус йўқлиги танқид қилинди.
ЎзА