Тошкент вилояти Оҳангарон туманида “PAK-MERIT BLEACHING CLAY” масъулияти чекланган жамияти томонидан янги завод қурилмоқда.
Активлаштирилган оқартирувчи гил ишлаб чиқаришга мўлжалланган мазкур лойиҳанинг умумий қиймати 7,52 миллион долларини ташкил этади.
Мазкур маҳсулот майдаланган бентонит бўлиб, юқори фаол адсорбентга асосан ўсимлик мойлари ва нефть саноатидаги ёғларни рангсизлантиришда фойдаланилади. Яъни, кундалик турмушда ишлатиладиган ўсимлик мойларини истеъмолга яроқли ҳолга келтиришда фойдаланиладиган порошок ҳисобланади.
Завод ишга тушгач, йилига 10 минг тонна активлаштирилган гил ишлаб чиқариш қувватига эга бўлади. Маҳсулотнинг 20 фоизи ички бозорни тўлдиришга етарли бўлиб, 80 фоизини Покистон давлатига экспорт қилиш мўлжалланган. Маҳсулот ишлаб чиқариш учун зарур бўлган хом ашёлар, хусусан, бентонит Навоий вилоятидан, сульфат кислота эса Олмалиқ шаҳридан (ОКМК) олиб келиниши кўзда тутилган.
Ҳозирга қадар инвесторлар томонидан жами 5,1 миллион долларлик инвестициялар ўзлаштирилган. Ажратилган ер майдонида қурилиш-монтаж ишлари якунланмоқда. Хитой компанияси томонидан 2,97 миллион долларлик технологик асбоб-ускуналар келтирилган.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, Активлаштирилган гил мамлакатимизга юз фоиз импорт килинаётган маҳсулотлардан ҳисобланади. Завод ишга тушгач, импортга тўлиқ барҳам берилади.
А.Мусаев, ЎзА