“Оҳ, сенинг ёшлигинг менда бўлсайди...”
Бугун Ўзбекистон халқ ёзувчиси Ҳамид Ғулом таваллуд топган кун. У 1919 йил 25 апрелда Тошкент шаҳрида туғилган. (2005 йили вафот этган)
Атоқли шоир ва адиб бир қатор марказий газеталарда, Ўзбекистон Давлат нашриётида, радиода масъул вазифаларда ишлаган. 1958 йилда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида Бошкарув котиби, кейинроқ Ғафур Ғулом нашриётининг директори лавозимларида фаолият олиб борган.
Ҳамид Ғуломнинг “Қўшиқларим”, “Днепр бўйида”, “Ғалаба йўлида” асарларида халқимизнинг фашизмга қарши курашдаги қаҳрамонликлари тасвирланган. Ўқувчилар унинг “Машъал”, "Мангулик" романлари, “Олмос қизи”, “Ёзёвон” повестлари, “Тошкентликлар” асарларини яхши билади. Адибнинг “Вафонинг узун йўли” хотиралар тўплами ҳам китобхонлар томонидан қизғин кутиб олинган.
Ўзбекистон халқ ёзувчиси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби , “Эл-юрт ҳурмати” ва “Меҳнат шуҳрати” орденлари соҳиби, атоқли шоир, ёзувчи Ҳамид Ғулом юртимиз истиқлолга эришган фараҳли кунлар истиқлол фарзандлари – ёшларга қарата ички бир “ўкинч”, “армон” билан “Оҳ, сенинг ёшлигинг менда бўлсайди...” дея ёзган эди.
ОҲ, СЕНИНГ ЁШЛИГИНГ МЕНДА БЎЛСАЙДИ…
Кўнгил ёшлигини ҳар дам қўмсайди,
Оҳ, сенинг ёшлигинг менда бўлсайди!
Такрор этмас эдим бағри тошлигинг,
Оҳ, менда бўлсайди сенинг ёшлигинг!
Намунча енгилсан, намунча дайди!
Оҳ, сенинг ёшлигинг менда бўлсайди!
Бўлмасди беғамлик, бебардошлигинг,
Оҳ, менда бўлсайди сенинг ёшлигинг!
Тонг юлдузи каби бир он кулсайди!
Оҳ, сенинг ёшлигинг менда бўлсайди,
Ўтда ёндирардим кўнгил ғашлигинг,
Оҳ, менда бўлсайди сенинг ёшлигинг!
Юрак илк севгига яна тўлсайди!
Оҳ, сенинг ёшлигинг менда бўлсайди,
Шодлик, кўкламлигинг, серқуёшлигинг
Жаҳон ёритарди худди Ёшлигинг!