Оғир атлетикачиларимизнинг Осиё чемпионатидаги медаллари сони 5 тага етди
Ҳиндистоннинг Гандҳинагар шаҳрида оғир атлетика бўйича давом этаётган Осиё чемпионатида Ўзбекистон терма жамоаси аъзоларининг умумий медаллари сони 5 тага етди.
Терма жамоамиз аъзоси, истеъдодли спортчимиз Муҳаммадқодир Тоштемиров қитъа чемпионатида учинчи бор шоҳсупага кўтарилди.
-96 килограмм вазн тоифасида совринли ўринларга даъвогарлик қилган полвонимиз барча дастурларда кумуш медални қўлга киритди.

Муҳаммадқодир Тоштемиров даст кўтаришда 166 кг., силтаб кўтаришда 207 кг. ва икки кураш натижасига кўра, 373 кило оғирликдаги тошларни бўйсундириб, Ўзбек оғир атлетика мактабининг муваффақиятли одими бардавом эканлигини намойиш этди.
Эркаклар ўртасида 54, аёллар ўртасидаги 35-қитъа чемпионати ҳисобланган мазкур биринчиликнинг ортда қолган баҳсларида Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари 1 та олтин, 3 та кумуш ҳамда 1 та бронза, жами 5 та медаль билан 28 та мамлакат орасида кучли бешликни банд этиб турибди.
Бугун, 17 май куни чемпионатнинг сўнгги кунги баҳсларида терма жамоамиз аъзоси Амир Абдуллаев +110 килограмм вазн тоифасида ўз омадини синовдан ўтказади.

Эслатиб ўтамиз, 28 давлатнинг 172 нафар оғир атлетикачилари қатнашаётган чемпионатнинг ёпилиш маросими 18 май куни ташкил этилади.
Т.Рўзиев, ЎзА