Бу ҳақда Халқаро оғир атлетика федерацияси (IWF) маълум қилди.
Жорий йил бир қатор спорт турлари бўйича Париж-2024 ўйинларига рейтинг очколарни тақдим этадиган спорт мусобақалари ўтказилиши белгиланган.
Ана шундай баҳслардан бири шу йилнинг октябрь-ноябрь ойларида Хитойнинг Чунцин шаҳрида оғир атлетика бўйича катталар ўртасида ўтадиган жаҳон чемпионати ҳисобланаётган эди.
Бироқ, 23 март куни Хитой оғир атлетика федерацияси мамлакатда коронавирус касаллигининг янги тўлқини ёйилиши сабабли ушбу чемпионатни қабул қила олмаслиги бўйича Халқаро оғир атлетика федерациясига мурожаат йўллади.
Айнан ушбу чемпионатда жаҳон оғир атлетикачилари 2024 йилги Олимпия ўйинлари учун илк рейтинг очколарини жамлаши лозим эди.
Халқаро оғир атлетика федерацияси (IWF) сайтининг маълум қилишича, ҳозирда мазкур чемпионатни қабул қиладиган янги номзод давлат қидирилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 2024 йилги Олимпия ўйинларидаги оғир атлетика баҳсларининг эркаклар ва аёллар ўртасидаги вазн тоифалари 5+5 этиб тасдиқланган.
Яъни, Париж спорт майдонларида эркаклар 61, 73, 89, 102, +102 килограммда, аёллар 49, 59, 71, 81, +81 килограммда XXXIII ёзги Олимпия ўйинларининг медаллари учун кураш олиб боришади.
Тўлқин Рўзиев, ЎзА