Айни кунларда Кинематография агентлиги буюртмасига биноан «Ҳужжатли ва хроникал фильмлар киностудияси» ДУК томонидан шоир, тарихчи ва таржимон Муҳаммадризо Эрниёзбек ўғли Огаҳий ҳақида ҳужжатли фильмни суратга олиш ишлари давом этмоқда.
«Огаҳий» фильми Президентимизнинг 2020 йил Адиблар хиёбонига ташрифи давомида берилган топшириқлари юзасидан суратга олинмоқда. Мазкур кинокартина «Халқ юраги» номи остида суратга олинаётган 24 қисмли туркум фильмдан бири ҳисобланиб, яқин кунларда экран юзини кўриш режалаштирилган.
Ҳужжатли фильм сценарийсини Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Гўзалой Матёқубова ёзган. Фильмга Муроджон Одилов постановкачи режиссёрлик қилмоқда.
Ҳозирги кунда фильм ижодий жамоаси Хоразм вилоятида объектлар кўриги ҳамда актёрлар фотокастингини ўтказиб бўлган. Суратга олиш ишлари Сейран Ковалов бошчилигида давом этмоқда.
– Огаҳий ҳақида бадиий, илмий китобларни ўқиб, фильм сценарийсини ёзишга киришдим, – дейди Г.Матёқубова. – Шоир, таржимон, тарихчи ва жамоат арбоби Огаҳий шахси мен учун жуда яқин. У қолдирган бой маънавий мерос мени доим ўзига мафтун этган. Хоразмда Огаҳийни барча яхши кўради, асарларини севиб ўқийди. Ушбу ҳужжатли фильмда томошабин ўзларига керакли бўлган илмий маълумотларни олибгина қолмасдан, Огаҳий ҳаёти ва ижодига қайта мурожаат қилишларини хоҳлардим. Сценарийни 8 марта такрор ёзишга тўғри келди. Ушбу жараёнларда огаҳийшунослар Нурёғди Тошев, Ҳилола Назирова каби ўз соҳасининг етук билимдонлари билан фикр алмашдим. Адиблар Эркин Самандар ва Комил Авазларнинг Огаҳий ҳақида ёзган бадиий асарларига қайта мурожаат қилдим. Огаҳийнинг «Таъвиз ул-ошиқун ”(«Ошиқлар тумори») лирик куллиётидан фойдаландим.
Тарихий фильмларни суратга олиш ишлари бирмунча қийин иш. Чунки тарих ҳар бир маълумотни қайта текширишни талаб этади. Рақамлар, сонлар кишини чалғитади. Йиллар ўтгани сайин воқеалар турли хил ёритила бошланади. Манбалар бири-бирини рад этади. Огаҳий яқин ўтмишда яшаб ўтган бўлса-да, унинг ҳаёти ва ижодий фаолияти ҳақида турли хил қарашлар учрайди. Картина директори Ойбек Содиқов бошчилигида огаҳийшунос олимлардан муҳим маълумотлар йиғилмоқда, фикрлар олинмоқда.
Кинематография агентлигининг ЎзАга маълум қилишича, Огаҳий ҳақида бадиий фильм суратга олиш ҳам режалаштирилган.
Д.Маматова, ЎзА мухбири