Ғофуржон Мирзаев: Ишонинг, бугунги Сирдарё кечаги Сирдарё эмас!
2019 йилда 7033 нафар чет давлатда ишлаб юрган сирдарёликлар ўз Ватанига қайтди ва уларнинг 90 фоизи доимий иш ўрнига эга бўлган.
ҲОКИМ МИНБАРИ
"Сирдарё деганда, сирдарёлик деганда, азим Сайхун дарёси соҳилларидаги сўлим бир воҳа, қадим Мирзачўл бағрида боғу бўстонлар, шаҳар ва қишлоқлар бунёд этиб келаётган мард ва матонатли инсонлар кўз ўнгимизда намоён бўлади".
Шавкат МИРЗИЁЕВ.
Сирдарё вилояти – Ўзбекистон Республикасининг марказида жойлашган бўлиб, 1963 йил 16 февралда ташкил топган. У мамлакатнинг шарқий ва ғарбий вилоятларини бир-бири билан боғлаб туради. Сирдарё вилояти пойтахтга яқинлиги, Қозоғистон ва Тожикистон Республикалари билан чегарадошлиги, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ҳамда қайта ишлаш учун етарли хом ашё базасига эга эканлиги, саноат ривожи, меҳнат ресурслари билан таъминланганлиги, инфратузилма объектларининг мавжудлиги, энг муҳими халқининг меҳнаткашлиги, фидойилиги билан ажралиб туради. Сирдарё вилоятининг майдони 4,28 минг квадрат – километр, чегарасининг узунлиги 191,2 километр. Аҳолиси 841,9 минг киши. Вилоят ҳудудида 8 та туман, 3 та шаҳар ва 222 та маҳалла фуқаролар йиғини бор. Вилоят маркази – Гулистон шаҳри.
– Ғофуржон Ғаниевич, хориж инвестициясини жалб этиш, йирик лойиҳаларни амалга ошириш, янги иш ўринлари яратиш юзасидан вилоятда 2019 йилда қандай ишлар амалга оширилди?
– Албатта, 2019 йил халқимиз тарихида унутилмас воқеаларга бой бўлди. Давлатимиз раҳбарининг узоқни кўзлаб олиб бораётган сиёсати, халқимизнинг фидокорона меҳнати билан улкан ютуқларга эришдик. Албатта, бу ютуқлар ўз-ўзидан бўлгани йўқ, турли қийинчилик ва синовларни ҳам бошимиздан кечирдик.
Аммо шукрона билан таъкидлаш керакки, якунланган 2019 йил янги Ўзбекистон тарихига буюк ўзгаришлар олиб келганлиги, хусусан Сирдарёда ҳам ёрқин из қолдиргани айни хақиқат.
Муҳтарам Президентимизнинг ўтган йил 19 февраль куни Сирдарё вилоятига ташрифи давомида 2019 йилда вилоятда умумий қиймати 1,4 триллион сўмлик 224 та инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш режалаштирилган эди. 2019 йил 30 декабрь ҳолатига умумий қиймати 1 триллион 192 миллиард сўм ҳамда 225 миллион доллар миқдоридаги тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ўзлаштирилиши ҳисобига 257 та лойиҳалар амалга оширилди ва 3 минг 403 та янги иш ўрни яратилди.
Жумладан, Сирдарё туманида қиймати 55,1 миллиард сўмлик "Wandga Metal Samarez" қўшма корхонасининг “Саморез ва шруп маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ташкил этиш”, шунингдек, қиймати 30,3 миллиард сўмлик "Интер Милк" МЧЖнинг “Сутчилик йўналишида чорвачиликни ташкил этиш” лойиҳалари ишга туширилди.
Ховос туманида қиймати 72,9 миллиард сўмлик "Farm Agroimpex" МЧЖнинг “Замонавий усулда иссиқхона ташкил этиш”, Мирзаобод туманида қиймати 43 миллиард сўмлик "Bunyodkor Universal tekstil" МЧЖнинг “Гидропоник усулида иссиқхона ташкил этиш” лойиҳалари ишга туширилди. Умуман олганда вилоятда гидропоника усулида қурилган иссиқхоналар қисқа муддатда кўпайди ва айни вақтда янгилари бунёд этилмоқда.
Якунланган йилда Сирдарё тарихида илк маротоба I Халқаро инвестиция форуми ўтказилди. Ушбу иқтисодий анжуман натижасида 246,1 миллион долларлик 33 та келишувга эришилди. Таққос учун: агар 2017 йилда 17,1 миллион долларлик тўғридан тўғри хорижий инвестициялар ўзлаштирилган бўлса, ўтган йили бу кўрсаткич 225 миллион доллардан ошди, ёки бу борадаги ўсиш 13 баробарни ташкил қилди.
Бугунги кунда вилоятимизда 150 га яқин хорижий ҳамкорларимиз фаолият кўрсатмоқда.Жумладан, Хитой, Россия, Италия, Жанубий Корея, Беларусь, Қозоғистон, Афғонистон, Бирлашган Араб Амирликлари, Покистон, Туркия, Эрон ва бошқа давлатларнинг ишбилармон вакиллари турли соҳаларда ўз бизнес фаолиятини олиб бормоқда.
Ўз навбатида, вилоятимиз вакиллари ҳам хорижий давлатларга ташриф буюриб, савдо-иқтисодий соҳаларда ҳамкорлик қилиш бўйича бир қатор амалий ишларни йўлга қўйди. Биргина 2019 йилда Россия, Қозоғистон, Хитой, Италия, Ҳиндистон ва Беларусь давлатларига қилинган ташрифлар давомида қарийб 150 миллион долларлик лойиҳалар бўйича келишув битимларини имзоладик.
– Президентимиз Сирдарё вилоятига ташрифлари чоғида Сирдарё барча соҳаларда бошқа вилоятларга намуна бўлиши лозимлигини алоҳида таъкидлаган эди. Бугун Сирдарё – қайси соҳаларда бошқа вилоятларга намуна бўлди, деб айта оласиз?
– Маълумки, давлатимиз раҳбарининг 2018 йилда вилоятимизга қилган ташрифларида сирдарёликларнинг ҳамжиҳатлигига “Сирдарё — тажрибаси, юртга, Ватанга садоқат намунаси” дея юксак баҳо берган эдилар. Бу таъриф биз сирдарёликларни жуда руҳлантириб юборди. Ана шу кайфият, ана шу кўтаринкилик туфайли янги Ўзбекистоннинг тубдан ўзгараётган Сирдарёси том маънода кўркам қиёфага кирди.
Ишонинг, бугунги Сирдарё кечаги Сирдарё эмас! Сирдарёда бўлаётган ўзгаришлар, энг муҳими одамлар онги ва дунёқарашидаги ўзгаришлар янги Ўзбекистон, ўзгараётган Сирдарёнинг хақли равишда янги тарихи бошланганидан дарак беради. Бир сўз билан айтганда, бу янги тарихнинг мазмун-моҳияти Сирдарёда “Сўз ва амал бирлиги” шиорига қатъий риоя қилинаётганида, улкан бунёдкорлик ишларида, одамлар онги ва тафаккури ўзгарганида деб айтиш мумкин.
Бугун Сирдарё вилоятида нимагаки эришилган бўлса, уларнинг барчаси — Юртбошимизнинг Ўзбекистонимиз равнақи йўлидаги илғор ғоялари, ташаббуслари ва шахсий ибратларидан илҳомланган халқимизнинг бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қилаётгани самарасидир.
Агар биргина қишлоқ хўжалиги соҳасини оладиган бўлсак, кўп йиллар давомида эришилмаган ютуқлар, охирги уч йилликда фермер-деҳқонларимизнинг ҳалол меҳнатлари билан мўл ҳосил етиштирилди, давлатга шартномавий режадан ташқари қўшимча 50 минг тонна дон топширилди ёки ғаллачиликда 75 центнердан юқори ҳосилдорлик қайд этилиб, соҳада аввал ҳеч кузатилмаган натижаларга эришилди. Республикамизда биринчилар қаторида шартномавий режалар бажарилди. Қишлоқ хўжалигининг пахтачилик, ғаллачилик, мева-сабзавотчилик ва чорвачилик соҳаларида кластерлар фаолияти йўлга қўйилди. “Дехқонобод асл анори” мева-сабзавотчилик кластери республикамизда биринчилардан бўлиб “Global gap” халқаро сертификатига эга бўлди.
Бундан ташқари, бунёдкорлик соҳасида ҳам ўрнак бўладиган жиҳатларимиз кўп. Айни чоғда вилоятимизнинг турли ҳудудларида оз эмас, 4 мингга яқин объектларда қурилиш – таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Уларда минглаб юртдошларимиз доимий иш билан таъминлангани ҳолда, бунёдкорлик ишларида фаол иштирок этаётир.
Ўзингизга маълум, муҳтарам Юртбошимизнинг таклифи билан қисқа муддат – бир йил ичида Ховос туманининг марказида бутунлай бир янги шаҳар пайдо бўлмоқда. Яъни “Ховос сити”даги кўп қаватли турар жойлар ҳадемай ўз эгаларига топширилади. Натижада 1000 дан ортиқ оила ўз уйларига эга бўлишади. Яна Президентимиз Ховос тумани мисолида 2020 йилда тадбиркорликни ривожлантириш орқали иш ўринларини яратиш бўйича “Ховос тажрибаси” ни республиканинг бошқа барча ҳудудларига ҳам намуна сифатида жорий этишни таклиф қилдилар.
Ховос туманида ўтган йилда 234 та кичик бизнес субъектлари ташкил қилинди ва бу борада 2018 йилга нисбатан 3,5 баробарга ўсишга эришилди. Шунингдек, тажриба сифатида биринчи марта тадбиркорларга қулайлик ва шароитлар яратиш мақсадида Ховос туманида 7 та банк хизматлари маркази ташкил қилинди. Бунинг натижасида биргина Ховос тумани маҳаллий бюджетининг даромадлар режаси 2018 йилга нисбатан 1,7 баробарга ошди.
Шу кунларда Малайзиянинг Бинари менежмент ва тадбиркорлик университетининг Сирдарё вилояти филиалини очиш бўйича амалий ҳаракатлар олиб борилаётгани ҳам бежиз эмас. Гап шундаки, ушбу олий ўқув юрти ташкил қилингач, нафақат вилоятимиз балки бошқа ҳудудларга ҳам тадбиркорлик соҳасини ривожлантириш учун зарур бўлган малакали мутахассислар тайёрлаш имконияти пайдо бўлади. Чунки, бугунги замонавий бизнес олами тажрибасидан маълумки, тадбиркорлик равнақининг асосий пойдевори, бу малакали кадрлар, янгича ёндашув ва фикрлаш қобилиятига эга мутахассислардир.
Бундан ташқари, Сирдарё вилоятида тажриба лойиҳаси доирасида “Ягона реестр” автоматлаштирилган тизими(АТ) орқали кам таъминланган оилаларга ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдам беришни кўриб чиқиш ва тайинлашнинг автоматлаштирилган тизими йўлга қўйилди, қишлоқ хўжалигига оид бўлмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тартиб-тамойилларини апробация қилиш бўйича хуқуқий эксперимент ўтказилмоқда.
Умуман олганда бугун мамлакатимиздаги кўплаб ислоҳотлар илк бор айнан Сирдарёда амалга оширилаётганини мамнуният билан таъкидлаш ўринлидир. Шу маънода Муҳтарам Президентимиз томонидан илгари сурилган беш ташаббуснинг ватани ҳам Сирдарё эканлигидан фахрланамиз. Чунки мазкур ташаббуслар биринчи бор Сирдарёда янгради. Бу ғоялар бугун халқаро майдонда миллат тараққиётининг беш мустаҳкам томири сифатида эътироф этилмоқда ва юксак баҳоланмоқда.
Эътиборлиси, муҳтарам Президентимиз томонидан илгари сурилган беш ташаббус самараси қурилиш ва ободонлаштириш ишларида ҳам ўз ифодасини топмоқда. Масалан, “Обод марказ” дастури доирасида Сайхунобод тумани марказида амалга оширилган кенг кўламли бунёдкорликларни бунга мисол келтириш мумкин. Бу ерда ташкил қилинган ва беш ташаббус ғояларини ўзида мужассам этган туман марказининг ўзига хос меъморий ечимга эга мажмуаси бугун нафақат вилоят, балки мамлакатимиз бўйича намуна қилиб кўрсатса арзийдиган манзил десам, ҳеч ҳам муболаға бўлмайди. Айни чоғда Сайхун шаҳарчасининг бу тажрибаси вилоятимиздаги бошқа туманлар марказларини обод қилишда қўлланилаётгани ҳам фикримнинг ёрқин исботидир.
Ўтган 2019 йилда Тошкент шаҳридаги тиббий илмий марказларидан 258 нафар юқори малакали мутахассис 3 ой мобайнида вилоятимиз аҳолисини чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказди. Тиббиёт муассасаларимизда шу вақтгача вилоятда ўтказилмаган 18 турдаги ноёб операцияларни амалга ошириш йўлга қўйилди. Вилоят ҳокимлиги томонидан шифохоналарга 10 миллиард сўмдан ортиқ замонавий тиббий асбоб-ускуналар олиб берилди. Тиббий хизмат сифатини оширишга қаратилган изчил чора-тадбирлар натижасида бугунги кунда 91 та давлат тиббиёт муассасалари қаторида 78 та хусусий клиникалар ҳам фаолият кўрсатмоқда.
Сўзимнинг исботи сифатида бир мисолни келтирсам. 2019 йилда 4,5 минг нафар чет эл фуқаролари вилоятимиз тиббиёт масканларида ўз соғлигини тиклаб қайтди. Ўзингиз айтинг, ушбу рақамни бор-йўғи 3 йил илгари мисол қилиб келтириш мумкинмиди?
Қўшимча тарзда, вилоятимизда соғлиқни сақлаш тизимида эксперимент тариқасида Боёвут тумани ва Гулистон шаҳар тиббиёт муассасаларида беморларга электрон тиббий хизмат кўрсатиш тизими жорий қилинди. Бу эса беморларга навбат кутиш, стационарга жойлаштириш каби вақтни оладиган юмушлардан халос бўлиш имкониятини яратди.
Ушбу лойиҳага кўра, беморларнинг касаллик дафтари, шифокор навбатида туриш электрон тарзда юритиладиган бўлди. Шунингдек, беморларга масофадан ташҳис қўйиш амалиёти киритилди.
Яқинда, Президентимиз 2019 йил якунида Ўзбекистон ёшлари билан бўлган учрашувда ҳам айнан беш ташаббус ёшларимиз келажаги устуни эканлигини алоҳида қайд этди. Президентимиз ҳар ҳафтанинг бир куни ёшлар билан ишлаш куни, ҳар ўн беш кунда ёшлар куни бўлади деб айтдилар.
Биз Сирдарёда ёшлар билан ишлаш борасида ҳам беш ташаббуснинг амалдаги намунасини яратамиз.
Шундай экан, 2020 йилда ҳам бошлаган эзгу ишларимизни давом эттирган ҳолда ҳамжиҳат бўлиб, халқимиз, Ватанимиз равнақи учун хизмат қиламиз. Ўйлайманки, ҳохиш, истакка яраша меҳнат қилсак, Сирдарё тажрибаси - садоқат намунасини албатта исботлаймиз.
– Сирдарёда ишсизлик даражаси юқори. Янги корхоналар ташкил этиш даражасини ҳам юқори деб бўлмайди. Бу муаммоларни бартараф этиш борасида қандай ишлар амалга оширилади?
– Ижозат берсангиз, аввало ушбу саволингиздаги “Сирдарёда ишсизлик даражаси юқори” ва “Янги корхоналар ташкил этиш даражасини ҳам юқори” деб бўлмайди” деган гапларга нафақат мен, балки уни ўқиган кўплаб юртдошларимиз, айниқса сирдарёликлар қўшилмаслигини айтиб ўтсам. Негаки, ўтган сўнгги уч йилда иш ўринлари ташкил қилиш даражаси сезиларли даражада ўсди. Қолаверса, бандликни таъминлаш даражасини фақат йирик корхоналар билан ўлчаш ҳам тўғри эмас, деб ўйлайман. Чунки, кейинги йилларда фаолият бошлаган кўплаб кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик, оилавий бизнес иштирокчилари ҳам аввал доимий иш ўрнига эга эмас эдилар. Биргина Президентимизнинг беш ташаббуси доирасида деярли барча туманларда тикувчилик фабрикалари ташкил этилди. Бугунги кунда бу фабрикаларда 1,5 минг нафар хотин-қизларимиз меҳнат қилмоқда. “Сирдарё эркин иқтисодий зонасида бир эмас, бир неча лойиҳаларни амалга оширишга киришилди.
Эркин иқтисодий зоналар ҳудудига жами 43 та умумий қиймати 306 миллион долларлик лойиҳалар киритилган бўлса, шундан 151,9 миллион долларлик 27 та лойиҳа тўлиқ ишга туширилиши ҳисобига 3 мингга яқин янги иш ўрни ташкил қилинди.
Биргина, Ширин шаҳрида йирик метал маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи завод ишга тушиш арафасида. Шунингдек, сўнгги икки йилда вилоятда тўртта пахта етиштиришга ихтисослаштирилган, 10 та ғаллачилик ҳамда тўртта мева-сабзавотчиликка ихтисослаштирилган кластерлар ташкил қилиндики, мазкур тузилмалар туфайли соҳада ҳар жиҳатдан ривожланиш кузатилиши баробарида, кўплаб янги иш ўринлари ҳам яратилди.
Тўғри, ҳали бандликни таъминлаш борасида қиладиган ишларимиз талайгина. Ўтган 2019 йил бошида вилоятимизда ишсизлар 36 476 нафарни ташкил қилган эди. Уларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида бир қатор ишлар амалга оширилди.
Масалан, 2019 йилда янги иш ўринларини ташкил этиш бўйича давлат буюртмасининг мақсадли прогноз параметрлари 11791 тага белгилангани ҳолда амалда 12363 та (104,9 фоиз) янги иш ўринлари ташкил этилиб, дастур кўрсаткичлари ортиғи билан бажарилди. Хусусан, йирик лойиҳаларда 1028 та, кичик лойиҳаларда 9122 та, фаолият кўрсатмаётган, самарасиз фойдаланилаётган бинолар ва қурилиши тугалланмаган объектлар негизида 573 та, бюджет маблағлари ҳисобидан ишга тушадиган ижтимоий ва бошқа объектларда 276 та, давлат-хусусий шерикчилик асосида ишга тушадиган ижтимоий объектларда 574 та, ҳунармандчиликни ривожлантириш ҳисобига 417 та ва тижорат банклари кредитлари орқали 1000 га яқин янги иш ўринлари яратилди. Яна бир муҳим жиҳат шуки, дастур параметрлари барча ҳудудлар кесимида ортиғи билан таъминланди. Бандлик борасида яна бир эътиборли натижа қайд этилди. Яъни 7033 нафар чет давлатда ишлаб юрган фуқароларимиз Ватанга қайтди ва уларнинг 90 фоизи доимий иш ўринларига эга бўлди. Биласизми, бу нимадан далолат беради? Бугун Сирдарёда амалга оширилаётган ислоҳотлар, ишга туширилаётган саноат корхоналари ҳақида ижтимоий тармоқларда ҳам кенг ёритилаётгани ҳатто чет элга иш билан кетган юртдошларимизни ҳам эътиборини тортиб, яшаш жойларига қайтиб келгани билан муҳим ҳисобланади.
Яна бир муҳим жиҳатга эътиборингизни қаратмоқчиман. Бир вақтлар Сирдарёда туғилиб хорижда бизнес фаолиятини юритаётган сирдарёлик юртдошларимиздан Дантес Устажалилов қарийиб 30 миллиарддан ошиқ маблағ эвазига Гулистон шаҳрида замонавий гипермаркет қуриб фойдланишга топширилди. Шунингдек, Гулистон шаҳрида 14 қаватли тўрт юлдузли меҳмонхона қуриш устида европалик архитекторлар билан музокаралар олиб бораяпти.
Ўтган йилда туман – шаҳар Бандликка кўмаклашиш марказларига жами 34887 нафар фуқаро мурожаат қилган бўлиб, уларнинг 11917 нафари меҳнат бозоридаги мавжуд бўш иш ўринларига жойлаштирилди. Шу билан бирга 2791 нафарига ишсизлик нафақалари тайинланди, 1627 нафари турли йўналишлардаги касб ўқувига юборилди, 14270 нафари эса қурилиш, ободонлаштириш ва бошқа соҳаларга, ҳақ тўланадиган жамоат ишларини бажаришга жалб қилинди.
Бундан ташқари, биргина қишлоқ хўжалиги соҳасида 26 мингга яқин мавсумий иш ўринларига ишсиз фуқаролар жалб этиб борилмоқда. Жумладан, пилла етиштиришда 18 минг нафар, мева-сабзавотчилик йўналишида 6,5 минг нафар, иссиқхоналарда 1000 га яқин ишчилар фаолият юритмоқдалар.
Худди шунингдек, қурилиш соҳасида ҳам 10 мингдан ортиқ фуқаролар иш билан таъминланди. Бир неча лойиҳаларни амалга ошириш, мавжуд корхоналарда қўшимча қувватларни ишга тушириш ва албатта, тадбиркорликнинг барча йўналишларини қўллаб-қувватлаш, ривожлантиришга қаратилган режаларимиз бор. Ўзингизга маълумки, Сирдарёда яқин тарихда Сирдарё иссиқлик электр станцияси ва яна саноқли корхоналардан бошқа саноат субъектлари йўқ эди. Мана энди қаранг, воҳада тикув-тўқимачилик, фармацевтика, қурилиш материаллари, сантехника, шиша маҳсулотлари ... ҳатто энг замонавий лифтлар ҳам ишлаб чиқарилмоқда. Яна Сирдарё вилояти аввал бўлганидек, мамлакатимиз энергетика соҳасининг еткачиси мавқени янада мустаҳкамлаши кутилмоқда. Яъни вилоятда яна бир йирик иссиқлик электр станцияси бунёд этилиши режалаштирилаётир. Ўз-ўзидан аёнки, бу лойиҳа амалга ошгач минглаб иш ўринлари яратилиши билан бирга янги-янги корхоналар ташкил қилиш имконияти ҳам кенгаяди.
– “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла” дастурларига киритилган қишлоқ ёки маҳаллаларда аҳолини қийнаб келаётган муаммолар ўз ечимини топмай қолиб кетмоқда. Бунга сабаб нима?
– Тўғри, “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла” дастурлари ижроси доирасида айрим жойларда йўл қўйилаётган камчиликлар ҳам бор. Буни яхши биламиз ва ушбу муаммоларни ечиш бўйича аниқ чора–тадбирларни кўраяпмиз. Маълумот учун айтишим керакки, 2019 йилда жами 24 та қишлоқ, 8 та маҳаллада 228 миллиард сўмлик қурилиш, таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари олиб борилди. Дастурга асосан 334 километр ички йўллар, 73 километр пиёда йўлаклари таъмирланди, 790 дона тунги ёритиш чироқлари ўрнатилди, 291 километр электр ҳаво тармоқлари янгидан тортилди ва таъмирланди, 145 дона трансформаторлар созланди, 260 километр ичимлик суви тармоқлари ётқизилди, 11 километр газ тармоқлари таъмирланди, табиий газ етиб бормайдиган ҳудудларга 3 598 дона суюлтирилган газ баллонлари тарқатилди. Шунингдек, 224 та кўп қаватли уйлар таъмирланди, 62 дона тандирхона, 40 та болалар ўйин майдончалари, 34 минг квадрат метрлик тротуарлар қурилди, 20 километр ирригация, 58 километр мелиорация тармоқлари таъмирланди ва тозаланди, 127 та бозор ва савдо инфратузилма объектлари қурилди ҳамда таъмирланди.
Дастур доирасида 27 та мактаб, 18 та соғлиқни сақлаш, 10 та мактабгача таълим муассасалари таъмирланиб замонавий қиёфага келтирилди. Натижада қишлоқ ва маҳаллалардаги 24 мингта хонадонда яшовчи 107 минг нафар аҳолининг турмуш даражаси яхшиланди.
“Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла” дастурларига киритиладиган аҳоли пунктларини танлашда албатта, ўша маҳалла ёки қишлоқдаги мавжуд аҳвол чуқур ўрганилгани ҳолда аҳолининг талаблари ва таклифларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ушбу тамойилга айни дастур доирасида қурилиш ва ободонлаштириш ишлари бажарилган ҳудудларда ҳам амал қилинмоқда ҳамда йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш бўйича зарур чоралар кўрилмоқда. Ва энг муҳими, бундай нуқсонларга йўл қўймаслик учун нафақат мутасаддилар балки жамоатчилик назоратини кучайтирамиз.
– Сирдарё вилоятини янада ривожлантириш учун нималар қилиш керак деб ўйлайсиз?
– Ҳар қандай ривожланиш, тараққиёт аввало таълим самарадорлигининг қанчалик юқори эканлигига боғлиқлиги барчамизга маълум. Шу боис мен ҳам бутун мамлакатимиз каби Сирдарё вилояти равнақини ҳам ана шу омилда деб биламан.
Бугунги кунда вилоятимизда таълим соҳасидаги янгиликлар, хусусан жорий қилинаётган инновацион педагогик технологиялар тез орада ўз натижасини беришига ишонаман. Муҳими, бу ўзгаришлар мактабгача таълимдан олий ўқув юртигача бўлган тизимда уйғун равишда амалга оширилмоқда. Таълимни ривожлантиришда биринчи навбатда республикамизда тажриба тариқасида умумтаълим мактабларида фаолият юритаётган 12 мингдан ортиқ ўқитувчиларнинг салоҳиятини танқидий жиҳатдан ўрганиб чиқишдан бошладик. Касб тайёргарлигини ўрганиш мақсадида тест синовлари ўтказилди. Ўрганиш натижаларидан келиб чиқиб, ҳар бир ўқитувчининг шахсий услубий иш режаси ишлаб чиқилди. Туман ва шаҳарлар кесимида таянч мактаблари танлаб олиниб, ушбу таълим масканлари методик марказларга айлантирилди. Унинг натижаларига кўра таълим самарадорлигини ошириш юзасидан яна қандай ишларни амалга оширишимиз лозимлигини белгилаб олдик. Бир неча янгиликларни йўлга ҳам қўйдик. Масалан, раҳбарларга биттадан мактаб бириктирилди, Гулистон давлат университети профессор-ўқитувчиларининг умумтаълим муассасаларида ҳар ҳафтада бир марта дарс ўтишлари жорий қилинди. Ҳафтанинг жума куни эса бутун вилоятимиз бўйича “Мактаб куни” деб эълон қилинди. Шу билан бирга фидойи педагогларни меҳнатини рағбатлантириш мақсадида жорий ўқув йили учун таълим соҳаси ходимлари ўртасида “Энг яхши мактаб”, “Энг яхши мактаб директори”, “Энг яхши ўқитувчи” номинациялари бўйича танлов ташкил қилдик. Гулистон давлат университетида бугунги кун ва ҳудуд талабига мос янги таълим йўналишлари ҳамда Янгиер шаҳрида Тошкент кимё–технология институтининг филиали очилди.
Сўнгги йилларда эришган яна бир ютуғимиз борки, у ҳам бўлса мактабгача таълим ёшидаги болаларни боғчаларга қамраб олиш даражаси бир йилда 14, 3 фоизга ортди. Айни чоғда ана шундай ёшдаги ўғил-қизларнинг 58, 4 фоизи мактабгача таълим ташкилотларига жалб қилинган.
Ҳалима Худойбердиева номидаги ижод мактабининг очилиши
Шунингдек, Муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан ёш истеъдодларни рўёбга чиқариш мақсадида Сирдарё фарзанди бўлган Ҳалима Худойбердиева номидаги ижод мактабининг очилиши ҳам барча сирдарёликларни қалбига ғурур ва ифтихор бағишлаб, таълим соҳасида, адабиёт соҳасида миллий юксалиш ясади. Президентимиз “Ҳалима опа ўзбек онасининг ёрқин тимсоли, муқаддас ва мўътабар аёл намунасидир” деб юксак таъриф берган эдилар. Бу таъриф Ҳалима опа тимсолида бутун сирдарёлик оналарга берилган гўзал эътирофдир.
Ҳалима Худойбердиева номидаги ижод мактаби ўқувчилари
Қолаверса, ўтган йил якуни арафасида маданият ва маънавият ўчоғи театрнинг қайта таъмирланиб ишга туширилиши, шунингдек, Янгиер шаҳрида муҳтарам давлатимиз раҳбари ташаббуслари билан янги санаторийнинг ишга туширилиши ҳам юртдошларимиз онги ва тафаккурига катта ижобий таъсир ўтказади.
Биласизми, бугун ишонч билан айтаманки, Президентимиз томонидан халқ билан ишлаш борасида яратилган тизим ўз самарасини бермоқда. Хориж давлатлари томонидан ҳам юқори баҳоланмоқда. Биз бундан кейин ҳам ўйма-уй юриш, юзма-юз мулоқот орқали бошлаган ишларимизни давом эттирамиз. Зеро, муҳтарам Президентимиз таъкидлаганидек, “Халқ рози бўлса, ишимизда унум ва барака бўлади”. Шу боис, ривожланишнинг яна бир муҳим омили, бу шубҳсиз, одамларни рози қилиш, уларга муносиб яшаш шароитларини яратиш, эртанги кунга бўлган ишончини янада мустаҳкамлашда, деб биламан.
Қувонарлиси, бугунги кунда ҳар бир сирдарёликда шу юрт, шу жонажон Ўзбекистонимиз равнақи учун фидойилик, катта иштиёқ, ғайрат – шижоат бор. Давлатимиз раҳбари таърифлаганидек, “Сирдарёликлар гапирса юраги кўринади”. Ишончим комилки, улар буюк Ўзбекистоннинг янги тарихини яратишда фаол иштирок этиб, ана шу юксак эътирофга муносиб фидойилик намуналарини кўрсатадилар.
ЎзА мухбири Абдужалол ҚАЮМОВ суҳбатлашди
Аввал хабар берганимиздек, www.uza.uz сайтига келган саволларга Самарқанд вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов ҳамда Фарғона вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев жавоб берган эди.
Лойиҳанинг навбатдаги меҳмони – Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов саволларга жавоб беради.
Сайтимизни кузатиб боринг!