Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони
Сўнгги йилларда амалга оширилган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари суд ҳокимияти мустақиллигини ҳамда судлар фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш билан бир қаторда фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳуқуқ ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш имконини берди.
Шу билан бирга “Янги Ўзбекистон – янги суд” тамойили доирасида аҳолининг одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилишни жадаллаштиришни, соҳага илғор халқаро стандартларни жорий этишни талаб этмоқда.
2022 – 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида белгиланган вазифаларга мувофиқ, шунингдек, суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, судлар фаолияти самарадорлиги ва одил судлов сифатини ошириш мақсадида:
1. 2023 – 2026 йилларга мўлжалланган суд тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишнинг қисқа муддатли стратегияси (кейинги ўринларда – Стратегия) 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Стратегия доирасида қуйидагилар одил судловни таъминлашнинг устувор вазифалари этиб белгилансин:
“Инсон қадри учун” ғояси асосида чинакам адолатли суд тизимини шакллантириш ҳамда унинг фаолиятини халқ манфаати ва инсон қадр-қимматини самарали ҳимоя қилишга йўналтириш;
адолатли суд қарорлари қабул қилинишига эришиш орқали халқнинг, шу жумладан, тадбиркорларнинг суд тизимига бўлган ишончини мустаҳкамлаш, ҳар бир шахс суд ва судьялар сиймосида ўзининг ишончли ҳимоячисини кўришига эришиш;
фуқаролар ҳамда тадбиркорларга ўз ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини судларда ҳимоя қила олиши учун барча имкониятларни яратиш, суд ишларини юритишда тортишув ва тарафларнинг тенглиги тамойилларини тўлақонли рўёбга чиқариш, судларнинг холислигини амалда таъминлашга қаратилган қонунчиликни такомиллаштириш;
судлар фаолиятини тўлиқ рақамлаштириш, сунъий интеллект технологияларини жорий этиш, идоралараро электрон маълумот алмашинувини яхшилаш, суд мажлисларида масофадан туриб иштирок этиш имкониятларини кенгайтириш;
судьяларнинг мустақиллиги ва дахлсизлиги кафолатларини кучайтириш, судга ҳурматсизлик қилиш ва суд ишига аралашиш ҳолатларининг олдини олиш бўйича самарали механизмларни ишлаб чиқиш;
суд қарорларининг қатъий ижросини таъминлаш, бу борада давлат органлари ва маҳаллий ҳокимликларнинг масъулиятини ошириш;
судьялар ва суд ходимларида юксак муомала маданиятини шакллантириш орқали судга мурожаат қилган ҳар бир фуқаро ва тадбиркорда суддан, пировардида эса давлатдан розилик ҳиссини уйғотиш.
2. 2023 – 2026 йилларга мўлжалланган суд тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишнинг қисқа муддатли стратегиясини амалга ошириш бўйича ҳаракатлар дастури (кейинги ўринларда – Ҳаракатлар дастури) 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Олий суд (Б.Исламов), Судьялар олий кенгаши (Х.Ёдгоров), Бош прокурор (Н.Йўлдошев), шунингдек, масъул вазирлик ва идоралар раҳбарлари Ҳаракатлар дастурида назарда тутилган тадбирларнинг ўз вақтида ва тўлиқ бажарилиши учун шахсан масъул этиб белгилансин.
3. Олий суд томонидан Давлат хавфсизлик хизмати, Бош прокуратура, Адлия вазирлиги билан биргаликда жиноят ишлари бўйича суд қарорлари қонуний, асосли ва адолатли қабул қилинганлигини текширишнинг фуқароларга қулай ва соддалаштирилган тартибини яратиш мақсадида қуйидагиларни жорий этишни назарда тутувчи қонун лойиҳаси ишлаб чиқилганлиги маълумот учун қабул қилинсин:
туманлараро, туман, шаҳар судлари томонидан биринчи инстанцияда кўрилган ишларни вилоят ва унга тенглаштирилган судларда апелляция ёки кассация тартибида қайта кўриб чиқиш;
вилоят ва унга тенглаштирилган судлар томонидан апелляция ёки кассация тартибида кўрилган ишларни мазкур судларда тафтиш тартибида қайта кўриб чиқиш;
вилоят ва унга тенглаштирилган судлар томонидан тафтиш тартибида кўрилган ишларни Олий суднинг судлов ҳайъатларида тафтиш тартибида қайта кўриб чиқиш;
юқори инстанция судлари томонидан ишни янгидан кўриш учун қуйи судларга юбориш тартибини бекор қилиш ва уларга иш бўйича якуний қарор қабул қилиш масъулиятини юклаш.
Олий суд (Б.Исламов) манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда таклиф этилаётган янги тартибни амалиётга ўз вақтида ва самарали жорий этиш ҳамда унинг мазмун-моҳиятини аҳолига батафсил тушунтириш бўйича зарур ташкилий чораларни кўрсин.
4. Судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш мақсадида уларнинг ишига ҳар қандай аралашув қатъий жазоланиши, судьяларнинг хавотирсиз ишлаши учун давлат томонидан барча шароитлар яратилиши қайд этилсин.
Суднинг мустақиллиги ва судьялар дахлсизлигини таъминлашни кучайтириш бўйича қуйидаги чоралар белгилансин:
судга ҳурматсизлик қилиш ҳолатларини олдини олишнинг самарали механизмларини ишлаб чиқиш, бунинг учун маъмурий жавобгарлик чораларини кучайтириш ва жиноий жавобгарлик белгилаш;
суд ишларини ҳал этишга аралашганлик ва суд ҳужжатини ижро этмаганлик учун жавобгарлик чораларини кучайтириш, шунингдек, суд ҳужжатларининг ижро этилишини таъминлашга қаратилган таъсирчан механизмларни жорий этиш;
одил судловни амалга ошириш фаолиятига аралашганликка оид ҳар бир жиноят иши якуни бўйича жамоатчиликни оммавий ахборот воситалари орқали мажбурий равишда хабардор қилиш тартибини жорий этиш;
судьяга нисбатан турар жой дахлсизлигига, ёзишмалар, телефон орқали сўзлашувлар ва бошқа сўзлашувлар, алоқа тармоқлари орқали узатиладиган почта, курьерлик жўнатмалари ва телеграф хабарларининг сир сақланишига бўлган ҳуқуқларни чекловчи, шунингдек, абонентлар ёки абонент қурилмалари ўртасидаги боғланишлар тўғрисидаги ахборотни олишдан иборат тезкор-қидирув тадбирларининг ўтказилишига фақат Бош прокурорнинг санкцияси асосида йўл қўйилишини белгилаш;
жисмоний ва юридик шахсларнинг процессуал характерга эга бўлмаган, ҳуқуқий тушунтириш бериш борасидаги масалалар бўйича мурожаатларини адлия органлари томонидан кўриб чиқиш амалиётини йўлга қўйиш.
Олий суд (Б.Исламов), Судьялар олий кенгаши (Х.Ёдгоров) манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда мазкур бандда назарда тутилган чораларни амалга ошириш бўйича қонунчилик ҳужжатлари лойиҳаларини ишлаб чиқсин ва белгиланган тартибда киритсин.
5. Бош прокуратура ҳамда Олий суднинг барча босқичлардаги суд ишларини юритишда тортишув ва тарафларнинг тенглиги тамойилларини тўлақонли рўёбга чиқариш, судларнинг холислигини амалда таъминлашга қаратилган янги механизмни жорий этиш бўйича таклифлари маъқуллансин, унга кўра:
а) қуйидагилар Одил судловни амалга оширишга кўмаклашиш бўйича ихтисослашган прокурорлар корпуси (кейинги ўринларда – Ихтисослашган прокурорлар корпуси) этиб белгилансин:
Бош прокуратуранинг жиноий, фуқаролик, иқтисодий, маъмурий суд ишларини юритишда прокурор ваколатини таъминлаш бошқармалари;
Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар прокуратураларининг жиноий, фуқаролик, иқтисодий, маъмурий суд ишларини юритишда прокурор ваколатини таъминлаш бўйича тегишли бўлим ва тармоқлари;
туман (шаҳар) прокурорларининг мазкур йўналишлар бўйича тегишли ўринбосари ва ёрдамчилари;
б) Бош прокурорнинг соҳавий ўринбосарига – Бош прокуратура, шунингдек, қуйи турувчи прокуратуралар Ихтисослашган прокурорлар корпусининг, вилоят прокурорининг ва унга тенглаштирилган прокурорларнинг ўринбосарларига – Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар ва уларга тенглаштирилган прокуратуралар, шунингдек, туман (шаҳар) прокуратуралари Ихтисослашган прокурорлар корпусининг фаолиятини назорат қилиб, мувофиқлаштириб бориш масъулияти юклатилсин.
6. Қуйидагилар Ихтисослашган прокурорлар корпусининг асосий вазифалари этиб белгилансин:
“Прокуратура тўғрисида”ги Қонун ҳамда процессуал қонунчиликда белгиланган тартибда судларда ишларни кўришда прокурор ваколатини таъминлаш;
суд процессининг бошқа иштирокчилари билан тенг ҳуқуқлардан фойдаланган ҳолда одил судлов фаолиятининг самарали амалга оширилишига кўмаклашиш, жиноят ишлари бўйича судларда давлат айбловини фақат қонунга асосланиб, холисликни сақлаган ҳолда сифатли қўллаб-қувватлаш;
фуқаролар ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатлари суд йўли билан самарали ҳимоя қилинишига эришиш;
суд амалиётидан келиб чиққан ҳолда суриштирув ва тергов органлари ходимларининг амалий кўникмалари ҳамда малакасини ошириш ишларига кўмаклашиш.
7. Белгилаб қўйилсинки:
Ихтисослашган прокурорлар корпуси ходимлари ўз ваколатларини ҳар қандай орган ва мансабдор шахсдан мустақил равишда, фақат қонунга бўйсуниб амалга оширади ҳамда қонунчиликда назарда тутилган ҳоллардан ташқари уларнинг судда иштироки билан боғлиқ фаолиятига бирон-бир тарзда аралашишга йўл қўйилмайди;
вилоят ва унга тенглаштирилган прокуратуралар Ихтисослашган прокурорлар корпусига туман (шаҳар) прокуратураларининг тегишли йўналишларида, қоида тариқасида, камида уч йил, Бош прокуратура Ихтисослашган прокурорлар корпусига эса, қоида тариқасида, камида беш йил фаолият юритган ходимлар жалб қилинади;
Ихтисослашган прокурорлар корпуси ходимлари, қоида тариқасида, судларда прокурор ваколатини таъминлаш соҳасида узлуксиз уч йил хизмат ўтаганидан сўнг бошқа йўналишларга ўтказилиши мумкин;
Ихтисослашган прокурорлар корпуси ходимларини бошқа йўналишларга ўтказиш Бош прокурор соҳавий ўринбосарининг розилиги асосида амалга оширилади.
8. Белгилансинки, Ихтисослашган прокурорлар корпуси фаолиятининг натижадорлигини таъминлаш мақсадида:
Ихтисослашган прокурорлар корпуси ходими судларда кўрилаётган ишлар бўйича айбловни (фуқаровий даъвони) қўллаб-қувватлаш, ўзгартириш ёки ундан воз кечиш, шу жумладан, Жиноят кодекси нормаларини қўллаш, жазо тури ва меъёрини белгилаш масалалари юзасидан фикрини судга баён қилишда мустақил бўлиб, қонун талабларига ва ишнинг барча ҳолатларидан келиб чиққан ҳолда ўз ишончига асосланади;
ҳар бир ҳудудда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар прокуратуралари ҳамда тегишли туман (шаҳар) прокуратуралари Ихтисослашган прокурорлар корпуси ходимлари ва бошқа йўналишларда узоқ йиллар фаолият кўрсатган тажрибали ходимлардан иборат Маслаҳат кенгашлари ташкил этилади;
Маслаҳат кенгашлари ўзаро муҳокама асосида ўта мураккаб тоифадаги ишларнинг ечимини топиш, ёш кадрларни тўғри йўналтириш ва уларнинг амалий кўникмаларини ривожлантириш ишларига кўмаклашади;
Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар прокурорларининг Ихтисослашган прокурорлар корпуси фаолияти учун масъул ўринбосарларига тегишинча вилоят, туман (шаҳар) прокуратуралари Ихтисослашган прокурорлар корпуси ходимларини ҳудуддаги вилоят, туманлараро, туман (шаҳар) судларидаги иш ҳажмини инобатга олган ҳолда ихтисослиги бўйича жалб қилишга рухсат берилади.
9. Бош прокурор (Н.Йўлдошев) бир ой муддатда:
Ихтисослашган прокурорлар корпусини тажрибали, белгиланган вазифаларни самарали амалга оширишга қодир, прокуратура органларида бенуқсон обрў-эътиборга эга бўлган профессионал кадрлар орасидан шакллантириш чораларини кўрсин;
Ихтисослашган прокурорлар корпуси фаолиятини самарали йўлга қўйишни, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар прокурорларининг бошқа йўналишлар бўйича ўринбосарлари ва ходимлари, туман (шаҳар) прокурорлари ҳамда уларнинг бошқа йўналишларга масъул ўринбосарлари ва ходимлари томонидан Ихтисослашган прокурорлар корпуси фаолиятида нохолисликни келтириб чиқариши мумкин бўлган ҳар қандай таъсир ва аралашувларнинг олдини олишга қаратилган таъсирчан механизмларни назарда тутувчи ички тартибни ишлаб чиқсин ва тасдиқласин;
Олий суд ва бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда Ихтисослашган прокурорлар корпуси ходимлари ваколатларини белгилаш ва фаолиятини ташкил этиш чораларини назарда тутувчи қонунчилик ҳужжатлари лойиҳаларини ишлаб чиқсин ва белгиланган тартибда киритсин.
10. Суд тизими олдида турган долзарб вазифаларнинг самарали амалга оширилишини таъминлаш мақсадида Олий суд тузилмаси мавжуд штат бирликлари доирасида қуйидагиларни инобатга олган ҳолда такомиллаштирилсин:
а) Суд-ҳуқуқ соҳасидаги қонунчиликни таҳлил қилиш бошқармаси негизида Одил судлов соҳасидаги қонунчиликни таҳлил қилиш департаменти (кейинги ўринларда – Департамент) ташкил этилсин ва қуйидагилар унинг асосий вазифалари этиб белгилансин:
одил судлов соҳасида ҳуқуқ ижодкорлиги фаолиятини амалга ошириш;
суд фаолияти соҳасидаги қонунчиликни ҳамда одил судлов муаммоларини тизимли таҳлил қилиш, суд-ҳуқуқ соҳасидаги қонунчиликни, суд амалиёти ва суд иш юритуви тизимини янада такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;
одил судлов самарадорлигини илғор хорижий тажриба ва замонавий ривожланиш тенденциялари асосида таҳлил қилиш;
одил судлов соҳасига оид халқаро рейтинг ва индексларда Ўзбекистон Республикасининг ўрнини яхшилаш бўйича тизимли ва изчил чоралар кўриш;
фуқаролик, жиноят, иқтисодий ва маъмурий қонунчилик, судларнинг мустақиллигини таъминлаш соҳасида халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принциплари ва нормаларини ўрганиш, уларни миллий қонунчиликка имплементация қилиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;
б) Ахборот-коммуникация мониторинги – Вазиятлар маркази ташкил этилсин ва қуйидагилар унинг асосий вазифалари этиб белгилансин:
республика бўйича барча судларда ишларни кўриш билан боғлиқ вазиятни онлайн таҳлил қилиш, судларда аҳолининг мурожаатлари билан ишлаш ҳамда ишларни кўришда процессуал тартиб ва муддатларга риоя этилишини мониторинг қилиб бориш;
ишларни вилоят, туман (шаҳар), маҳалла кесимида тоифаларга ажратган ҳолда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларни таҳлил қилиш, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини ошириш, низоларни бартараф этишга қаратилган маълумотларни тайёрлаш;
суд мажлислари ўз вақтида ўтказилишини, сервер ускуналари ва дастурларнинг ишлаш ҳолатини доимий назорат қилиш;
в) Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик бошқармаси негизида Жамоатчилик билан ҳамкорлик маркази (кейинги ўринларда – PR Марказ) ташкил этилсин ва унинг, шунингдек, вилоят ва унга тенглаштирилган судлар матбуот хизматларининг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгилансин:
аҳоли орасида суд ҳокимиятининг ижобий тимсолини шакллантириш ва илгари суриш;
суд фаолияти ҳақида оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқлар, шунингдек, бошқа ахборот ресурслари орқали, шу жумладан, матбуот анжуманлари, брифинглар, медиатурлар ташкил этиш йўли билан аҳолига мунтазам, тўлиқ ва тезкор равишда ахборот тақдим этиб бориш;
ахборот маконининг доимий мониторингини олиб бориш, судлар фаолиятига доир ахборотлар бўйича жамоатчилик фикрини таҳлил ва прогноз қилиш, танқидий ва кенг муҳокама қилинаётган материалларга, ахборот хуружларига тезкор муносабат билдириш;
суднинг расмий веб-сайтларида унинг фаолиятига алоқадор матнли, фото-, аудио- ва видеоматериаллардан иборат маълумотлар базасини шакллантириш ва янгилаб бориш.
11. Олий суд Конституциявий суд, Судьялар олий кенгаши ва Ўзбекистон Судьялари Ассоциацияси билан биргаликда икки ой муддатда 2023 – 2026 йилларга мўлжалланган суд тизимининг ахборот сиёсати концепциясини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин.
12. Ўзбекистон Судьялари Ассоциациясига аҳоли орасида суд ҳокимиятининг ижобий тимсолини шакллантиришда фаол иштирок этишини таъминлаш мақсадида қуйидагилар тавсия этилсин:
оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда судьялар фаолияти бўйича қонунга хилоф ва асоссиз эълон қилинган ҳар бир ҳолатга суд ҳокимиятининг фахрийлари томонидан объектив равишда
ва тезкорлик билан муносабат билдириб бориш;
судьялар ва суд ҳокимиятининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш масалалари юзасидан судларга мурожаат қилиш.
13. Олий суд уч ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида таклифлар киритсин.
14. Мазкур Фармон ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб Олий суд раиси Б.Исламов ҳамда Бош прокурор Н.Йўлдошев белгилансин.
Фармон ижросини назорат қилиш ва ижро учун масъул ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари С.У. Умурзаков зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси
Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ
Тошкент шаҳри,
2023 йил 16 январь