Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳамкорлигида “Одил судловни таъминлаш – Ўзбекистонни коррупциядан ҳоли ҳудудга айлантиришнинг муҳим омили” мавзусида конференция ташкил этилди.
“9 декабрь – Халқаро коррупцияга қарши кураш куни” арафасида, Агентликнинг “Антикоррупция ҳафталиги” доирасида ўтказилган тадбирда Олий суд, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Судьялар олий кенгаши, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати вакиллари иштирок этди.
Тадбирда суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш, фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш чораларини кучайтириш ҳамда одил судловни самарали таъминлаш бўйича изчил ишлар олиб борилаётгани таъкидланди.
Одил судловни таъминлаш, ўз навбатида, мамлакатимизнинг халқаро рейтинглардаги ўрнини мустаҳкамловчи асосий индикаторлардан бири ҳисобланади.
Бу бўйича БМТ махсус маърузачиси Диего Гарсия-Саяннинг 2019 йилдаги мамлакатимизга ташрифи давомида билдирган тавсиялари ва бошқа халқаро ҳужжатлардаги нормаларни ҳаётга татбиқ этиш масаласини ҳамкорликда кўриб чиқиш зарур. Мазкур тавсиялар мамлакат рейтинг кўрсаткичларини яхшилаш билан бирга, коррупцивий ҳолатларни бартараф этишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Коррупцияга қарши курашишнинг самарали воситаси - бу очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, инсон омилини чеклаш ҳисобланди. Бу борада суд тизимида очиқликни таъминлаш мақсадида соҳага замонавий ахборот-коммуникация технологиялари жорий этилган. “Е-суд” платформаси, видеоконференцалоқа орқали ташкил этилаётган суд жараёнлари бунга мисол бўлади.
Судларга электрон мурожаат қилиш, мурожаатлар ҳолатини онлайн тарзда кузатиш, тарафларга маълумотларни электрон шаклда юбориш имкониятини яратувчи янги тизим ишга туширилаётгани суд жараёнларида коррупция камайишига замин яратади.
[gallery-215]
Тадбирда амалга оширилаётган ишларга қарамай суд тизимида ҳамон коррупциявий ҳолатлар учраётгани айтилди. Аентлик ташкил этилганидан бери тушган мурожаатлар таҳлилига қараганда, 20 фоизи суд қарорлари билан боғлиқ.
Шу каби салбий ҳолатларни камайтириш мақсадида тадбир давомида Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ўртасида ҳамкорлик келишуви имзолаш масаласи муҳокама этилди.
Унда коррупциявий омилларни бартараф этишга қаратилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ҳамкорликда ишлаб чиқиш, мамлакатнинг Ҳуқуқ устуворлиги индекси (The Rule of law index) ва Коррупцияни қабул қилиш индекси (The Corruption perceptions index) бўйича халқаро рейтинглардаги ўрнини яхшилаш мақсадида бу борада тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаш ва амалга ошириш каби вазифалар ўрин олган.
Бундан ташқари, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг коррупцияга қарши экспертизаси самарадорлигини таъминлаш бўйича тегишли чора-тадбирларни ҳамкорликда амалга ошириш кўзда тутилган.
Суд тизимидаги коррупция ҳолатларининг тизимли таҳлилини амалга ошириш ҳамда аниқланган камчилик ва муаммоларни бартараф этиш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқиш ва амалга ошириш бўйича ҳам таклифлар билдирилди.
Асосийси, суд тизими ходимлари ўртасида одоб-ахлоқ қоидаларига амал қилиш, коррупцияга тоқатсиз муносабатни шакллантириш, коррупцияга қарши курашиш соҳасида фаолият юритувчи кадрлар малакасини оширишга кўмаклашиш ҳам эътиборда бўлади.
Конференция якунида соҳани такомиллаштириш бўйича фикр-мулоҳазалар тингланди.
Н.Абдураимова, О.Ғуломов (сурат), ЎзА