“Одил судлов – 2030” стратегияси инсон манфаатларини устувор этмоқда
Суд тизимидаги ислоҳотларнинг асл самараси янги судлар ёки замонавий технологиялар билан эмас, аввало, фуқаронинг бузилган ҳуқуқи қанчалик тез, холис ва адолатли тикланиши билан ўлчанади.
Адолат излаб судга мурожаат қилган инсон учун энг муҳими — ўз ҳуқуқи ишончли ҳимоя қилиниши, мурожаати ўз вақтида кўриб чиқилиши ва қабул қилинган қарорнинг холислигига ишонч ҳосил қилишидир. Шу боис суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ этишда инсон манфаатларини устувор қўйиш, одил судловдан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш ва судларга бўлган ишончни мустаҳкамлаш алоҳида аҳамият касб этади.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан мамлакатимизда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари ҳам айнан шу мақсадларга йўналтирилган. “Одил судлов – 2030” стратегияси эса ушбу жараённинг янги босқичини белгилаб бериши билан аҳамиятлидир. Унда суд тизимини инсон манфаатларига хизмат қиладиган, очиқ, шаффоф, замонавий ва самарали тузилмага айлантиришнинг устувор йўналишлари қамраб олинган.
Стратегияда белгиланган вазифаларнинг мазмун-моҳиятига эътибор қаратсак, уларнинг марказида бир мақсад — судни фуқарога яқинлаштириш, унинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш имкониятларини кенгайтириш турганини кўрамиз.
Суд тизимига бўлган ишонч, энг аввало, фуқаронинг суд билан мулоқотида намоён бўлади. Инсон судга мурожаат қилганда ортиқча оворагарчиликка дуч келмаслиги, ўз ҳуқуқ ва мажбуриятлари, ишни кўриб чиқиш тартиби ҳақида аниқ маълумот олиши, мурожаатига холис муносабат билдирилиши лозим.
Шу нуқтаи назардан, стратегияда “Халқчил суд” тамойилига алоҳида эътибор қаратилган. Бу тушунча суд фаолиятининг очиқлигини таъминлаш, фуқаролар билан мулоқотни кучайтириш, ортиқча бюрократик тўсиқларни бартараф этиш ва одил судловдан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришни англатади.
Стратегияда 2030 йилга қадар суд тизимига ишонч билдирувчи аҳоли улушини 80 фоизга етказиш мақсади белгиланган. Бу кўрсаткич шунчаки статистик рақам эмас. У судлар фаолиятининг самарадорлиги, очиқлиги ва фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасидаги натижаларни баҳолашнинг муҳим мезонидир. Шунингдек, суд биноларида фуқаролар ва юридик шахслар вакилларига хизмат кўрсатишни “Ягона дарча” тамойили асосида ташкил этиш ҳамда 2030 йилга қадар ушбу тизимни 100 фоизга етказиш вазифаси назарда тутилган. Бу орқали судга мурожаат қилувчиларнинг зарур маълумот ва хизматларни бир жойдан олиши, процессуал ҳужжатларни тақдим этиши ҳамда электрон хизматлардан фойдаланиши учун қулай шароит яратилади.
Демак, халқчил суд деганда фақат очиқ эшиклар ёки фуқаролар билан учрашувлар эмас, балки инсоннинг суд орқали ўз ҳуқуқини ҳимоя қилиши учун зарур шарт-шароитларни яратиш ҳам тушунилади.
Одил судловнинг муҳим кафолатларидан бири — суд қарорларини қайта кўриб чиқиш тизимининг самарали ишлашидир. Чунки суд қарори билан рози бўлмаган тараф учун уни юқори турувчи судда қайта кўриб чиқиш имконияти ҳуқуқий ҳимоянинг муҳим қисми ҳисобланади.
“Одил судлов – 2030” стратегиясида ушбу механизмни такомиллаштириш мақсадида ҳудудлараро судларни ташкил этиш назарда тутилган.
Хусусан, 2027 йил 1 июлдан умумий юрисдикция ва маъмурий суд йўналишларида ишларни қайта кўриб чиқиш ваколатига эга, юрисдикцияси бир нечта маъмурий-ҳудудий бирликларни қамраб оладиган бешта ҳудудлараро суд фаолиятини йўлга қўйиш белгиланган. Уларнинг фаолиятини таъминлаш учун жами 319 та бошқарув ходими штат бирлиги назарда тутилган.
Мазкур ташкилий ўзгаришларнинг аҳамияти фақат янги судларнинг ташкил этилиши ёки штат бирликларининг кўпайиши билан белгиланмайди. Энг муҳими, суд қарорларини қайта кўриб чиқиш жараёнини янада самарали ташкил этиш, суд амалиётида изчилликни таъминлаш ва холислик кафолатларини кучайтириш учун институционал асос яратилади.
Шу билан бирга, суд тизимининг ҳудудий тузилмасини такомиллаштиришнинг иккинчи муҳим йўналиши ҳам мавжуд. 2027–2030 йилларда фуқаролик ишлари бўйича туман ва шаҳар судларини босқичма-босқич ташкил этиш кўзда тутилган. Бунда ҳудудлардаги аҳоли сони, суд ишлари ҳажми, судьяларнинг иш юкламаси ва аҳолининг одил судловдан фойдаланиш имкониятлари инобатга олинади.
Бу икки йўналиш бир-бирини тўлдиради. Ҳудудлараро судлар суд қарорларини қайта кўриб чиқиш тизимини такомиллаштиришга хизмат қилса, туман ва шаҳар судларини ривожлантириш фуқароларнинг суд ҳимоясидан фойдаланиш имкониятини яшаш жойига яқинлаштиради. Натижада суд тизими нафақат ташкилий жиҳатдан, балки аҳоли эҳтиёжларига мослашиш нуқтаи назаридан ҳам такомиллашади.
Бугунги даврда замонавий суд тизимини рақамли технологияларсиз тасаввур этиб бўлмайди. Зеро, фуқаро учун суд хизматларидан масофадан туриб фойдаланиш, зарур ҳужжатларни электрон шаклда тақдим этиш ва ишнинг бориши ҳақида тезкор маълумот олиш тобора муҳим аҳамият касб этмоқда. Шу боис стратегияда “Рақамли одил судлов” алоҳида устувор йўналиш сифатида белгиланган. Унинг асосий мақсади суд иш юритувини рақамлаштириш орқали фуқаролар ва тадбиркорлар учун қулай, тезкор ва ортиқча сарсонгарчиликсиз суд жараёнларини ташкил этишдан иборат. Жумладан, 2027 йил якунига қадар my.sud.uz портали такомиллаштирилиб, унинг янги мобил иловаси ишга туширилиши режалаштирилган. Шунингдек, судга мурожаат қилиш учун зарур ҳужжатларни тайёрлашни енгиллаштирувчи интерактив хизматлар жорий этиш, суд ҳужжатларини излаш имкониятларини кенгайтириш назарда тутилган. Бу ўзгаришларнинг амалий аҳамияти шундаки, фуқаро зарур маълумотларни олиш, ҳужжатларни расмийлаштириш ёки мурожаат юбориш учун ҳар сафар суд биносига боришига эҳтиёж камаяди. Кўплаб хизматлардан электрон шаклда фойдаланиш имконияти кенгаяди. Натижада инсоннинг вақти ва маблағи тежалади, суд билан боғлиқ жараёнлар эса янада қулайлашади.
Рақамли трансформация фақат электрон мурожаатлар билан чекланмайди. Стратегияда суд ишларини юритиш ва ҳужжатлар айланмасини тўлиқ электрон шаклга ўтказиш, электрон юритиладиган ишлар бўйича қоғоз ҳужжатлардан босқичма-босқич воз кечиш вазифалари ҳам белгиланган.
Шунингдек, суд мажлисларини тўлиқ аудиоёзув орқали қайд этиш, суд хабарномаларини электрон шаклда юбориш каби механизмларни жорий этиш ҳам кўзда тутилган. Бундай ёндашув суд жараёнларининг шаффофлигини ошириш, маълумотлар билан ишлашда тезкорликни таъминлаш ва процессуал тартибларга риоя этилиши учун қўшимча имкониятлар яратади.

Стратегияда рақамли судлов самарадорлигини баҳолаш бўйича аниқ мақсадли кўрсаткичлар ҳам белгиланган. Хусусан, 2030 йилга қадар судларга мурожаатларнинг камида 50 фоизини электрон шаклда тақдим этишга эришиш, Олий суднинг ахборот тизимларидан фойдаланувчилар сонини эса камида беш баробарга ошириш мақсад қилинган.
Бу рақамлар замонавий технологияларни жорий этиш кўламинигина эмас, балки суд хизматларидан фойдаланиш маданиятидаги ўзгаришларни ҳам ифода этади. Энг муҳими, рақамлаштириш натижасида фуқаро учун судга мурожаат қилиш, зарур маълумотларни олиш ва ўз ишига оид жараёнларни кузатиш янада осонлашади.
“Одил судлов – 2030” стратегиясида белгиланган вазифаларни бир-бири билан боғлаб таҳлил қилсак, уларнинг барчаси ягона мақсадга — инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилишга қаратилганини кўрамиз.
“Халқчил суд” тамойили орқали суд тизимининг очиқлиги ва аҳоли билан мулоқоти кучайтирилса, ҳудудлараро судлар қарорларни қайта кўриб чиқиш механизмларини такомиллаштиришга хизмат қилади. Рақамли одил судлов эса суд хизматларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириб, бу жараённи тезкор ва қулай қилади.
Албатта, ҳар қандай ислоҳотнинг ҳақиқий натижаси унинг амалиётдаги самараси билан белгиланади. Янги судларни ташкил этиш, рақамли платформаларни ишга тушириш ёки хизмат кўрсатиш тизимини янгилаш муҳим. Бироқ буларнинг барчаси фуқаронинг ҳуқуқи ўз вақтида ва холис ҳимоя қилинишига хизмат қилгандагина ўзининг тўлиқ аҳамиятини намоён этади. Шу маънода, “Одил судлов – 2030» стратегияси суд тизимини фақат ташкилий ва технологик жиҳатдан янгилаш дастури эмас. У одил судловнинг инсон ҳаётидаги амалий аҳамиятини кучайтириш, фуқароларнинг судга бўлган ишончини мустаҳкамлаш ва адолатга эришиш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган кенг қамровли ислоҳотлар йўналишидир.
Зеро, адолатли жамиятнинг муҳим белгиси — инсон ўз ҳуқуқи поймол этилганида уни қонуний йўл билан ҳимоя қила олишига, судга мурожаат қилганда эса холис қарор қабул қилинишига ишонишидир. Суд ислоҳотларининг энг катта натижаси ҳам айнан шу ишончнинг мустаҳкамланишида намоён бўлади.
Учқун Рўзиев,
Бухоро вилояти суди раиси