Одам сочи денгизда нефтга қарши қуролга айланди
Бразилиянинг Рио-де-Жанейро штати Гуанабара қўлтиғида инсон сочидан тайёрланган махсус тўсиқ сувдаги нефть ва бошқа зарарли моддаларни ушлаб қолиш учун синовдан ўтказилмоқда. Ғояни “Фиотрар” нодавлат ташкилоти амалга оширмоқда. Сартарошхоналардан йиғилган, парик тайёрлашга яроқсиз сочлар цилиндрсимон мосламага жойланиб, сувдаги мавжуд чиқинди тўсиғига маҳкамланади. Лойиҳанинг дастлабки синови Энсеада-ди-Бом-Жезус ҳудудида ўтказилди.
Мутахассислар фикрича, сочли мослама нефть, биодизель ва бошқа ифлослантирувчи моддаларни шимиб, тарқалишини чеклайди. Бир тўсиқ сувда тўрт ойгача қолиши мумкин. Мазкур ташаббус кемадан чиқадиган моддалар, ноқонуний оқова ва бошқа манбалар орқали юзага келадиган ифлосланишга қарши қўлланади. Бундай усул аввал Чили ва Америка Қўшма Штатларида ҳам синовдан ўтказилган.
Синов учун Гуанабара қўлтиғи танланиши бежиз эмас. Кема қатнови жадал бўлган бу ҳудуд бир неча ўн йилдан бери ифлосланиш муаммоси билан юзма-юз. Маҳаллий балиқчи Сержио Карвальо айтишича, тўр ташланганда тез-тез нефть изига дуч келинади. Бу ҳолат балиқ овига жиддий салбий таъсир кўрсатади. Нефть сув юзасида қолиб кетмай, тахминан 1,5 метр чуқурликкача таъсир қилади ва балиқлар йўқолишига сабаб бўлади.
Ташаббуснинг яна бир муҳим жиҳати – хом ашё деярли тугамайди. Ҳозир ўнга яқин сартарошхона кесилган сочни мунтазам равишда лойиҳага топширмоқда. Ташкилот асосчиси Мариана Робран эса сочдан самарали мақсадда илк бор фойдаланаётгани йўқ: 2013 йил саратон билан касалланган беморлар учун эҳсон қилинган сочдан парик тайёрлашга қаратилган “Кабелегрия” лойиҳасини бошлаган. Энди эса одамлар одатда чиқиндига ташлайдиган соч денгиз ифлосланишига қарши кураш воситасига айланмоқда.
Мусулмон Зиё, ЎзА