Одам савдоси жабрдийдаларини қўллаб-қувватлашда халқаро ҳамкорлик янги босқичга чиқмоқда
Глобаллашув шароитида одам савдоси ва ноқонуний миграция билан боғлиқ муаммолар дунё ҳамжамияти олдидаги энг долзарб масалалардан бири бўлиб қолади. Бу каби таҳдидларга қарши самарали курашишда жабрдийдаларни ҳимоя қилиш, уларга ҳар томонлама ёрдам кўрсатиш ва жамиятга қайта мослаштириш муҳим аҳамият касб этади. Шу жиҳатдан, халқаро ҳамкорликни ривожлантириш ва илғор тажрибаларни жорий этиш устувор вазифалардан ҳисобланади.
Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳузуридаги Одам савдоси жабрдийдаларига ёрдам бериш Республика реабилитация марказида Халқаро миграция ташкилоти (ХМТ)нинг Нидерландиядаги ваколатхонаси бир гуруҳ экспертлардан иборат делегацияси билан учрашув бўлиб ўтди.
Мулоқот давомида одам савдоси ва хавфли миграциядан жабрланган шахсларни ҳимоя қилиш, қўллаб-қувватлаш, уларни реабилитация қилиш ва жамиятга қайта мослаштириш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, чет давлатлардан қайтган ва қийин вазиятга тушиб қолган Ўзбекистон фуқароларини реабилитация ва реинтеграция қилиш жараёнлари юзасидан фикр алмашилди.
Тадбирда алоҳида таъкидланганидек, одам савдосидан жабрланган шахсларга ёрдам кўрсатишда фақатгина ҳимоя чоралари билан чекланиб қолмасдан, уларни тўлиқ реинтеграция қилиш, яъни жамиятга қайта мослаштириш, ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва ҳаёт сифатини яхшилаш устувор аҳамият касб этмоқда.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА