ОЧЛ–2: «Насаф» сафардан бир очко билан қайтди
Футбол бўйича Осиё чемпионлар лигаси–2 мусобақасининг «А» гуруҳида биринчи тур учрашувлари якунланди. Унда «Насаф» сафарда «Ал-Ҳолдия»га қарши баҳс олиб борган бўлса, «Ал-Ваҳда» ўз майдонида «Ал-Кувайт»ни қабул қилди.
Риффа шаҳридаги «Баҳрайн Миллий» стадионида ўтган «Насаф» ва «Ал-Ҳолдия» жамоалари баҳсида ҳисоб очилмади. Гуруҳнинг иккинчи учрашувида эса «Ал-Ваҳда» «Ал-Кувайт»ни 3:2 ҳисобида мағлуб этди. Шу тариқа, «Ал-Ваҳда» 3 очко билан гуруҳ пешқадамига айланди. «Насаф» ва «Ал-Ҳолдия» бир очкодан жамғарган бўлса, «Ал-Кувайт» очкосиз қолди.
Гуруҳдаги иккинчи тур баҳслари 14 октябрь куни ўтказилади. Унда «Насаф» ўз майдонида «Ал-Ваҳда»ни қабул қилади, «Ал-Ҳолдия» эса сафарда «Ал-Кувайт»га қарши рақобатлашади.

Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА