ОЧЛ-2: 4-тур якунидан сўнг гуруҳларда вазият қандай?
Осиё футбол конфедерацияси (ОФК) Чемпионлар лигаси-2 мусобақасининг Ғарб минтақасида гуруҳ босқичининг тўртинчи тур учрашувлари якунланди. Тур доирасида саккизта беллашув ўтказилди.
Жумладан, «А» гуруҳидан ўрин олган жамоалар ўртасидаги турнинг марказий учрашуви Абу-Даби шаҳрида бўлиб ўтди. Унда «Ал-Ваҳда» Баҳрайннинг «Ал-Холидия» жамоасига 1:2 ҳисобида имкониятни бой берди. Қувайтда эса «Насаф» сафарда «Ал-Кувайт» клубини 3:2 ҳисобида мағлуб этди.
Ушбу натижалардан сўнг гуруҳда «Ал-Ваҳда» 9 очко билан пешқадамлик қилмоқда. «Қувайт СК» 6 очко билан иккинчи, «Насаф» ва «Ал-Холдия» жамоалари эса 4 очкодан жамғарган ҳолда учинчи ва тўртинчи ўринларни эгаллаб турибди.
Энди, бешинчи турда 25 ноябрь куни «Насаф» ўз майдонида «Ал-Холидия»ни қабул қилади. Шу куни «Ал-Кувайт» ва «Ал-Ваҳда» жамоалари ҳам ўзаро баҳс олиб боради.

«В» гуруҳида Туркманистоннинг «Аркадағ» жамоаси ўз майдонида Эроннинг «Гол Гоҳар» клубини 1:0 ҳисобида енгди. Бошқа учрашувда БААнинг «Ал-Жазира» жамоаси Баҳрайннинг «Ал-Муҳаррақ» клубидан 3:0 ҳисобида устун келди.
Айни дамда мазкур гуруҳда «Ал-Жазира» 10 очко билан биринчи ўринни эгаллаб турибди. «Аркадағ» 7 очко билан иккинчи, «Ал-Муҳаррақ» 3 очко билан учинчи, «Гол Гоҳар» эса 2 очко билан тўртинчи ўринда бормоқда. Бешинчи турда 25 ноябрь куни «Ал-Жазира» — «Гол Гоҳар» ва «Ал-Муҳаррақ» — «Аркадағ» учрашувлари ўтказилади.

«С» гуруҳидаэса фаворитлар бу турда ҳам кутилганидек ғалаба қозонди. Ҳусусан, Саудия Арабистонининг «Ал-Таавун» клуби Иорданиянинг «Ал-Файсали» жамоасини 3:1, Қатарнинг «Ал-Райян»и эса Уммоннинг «Ал-Наҳда» клубини 2:0 ҳисобида мағлуб этди.
Натижада «Ал-Таавун» 10 очко билан гуруҳда пешқадамига айланди, «Ал-Райян» эса 9 очко билан иккинчи ўринда қолди. Шунингдек, «Ал-Файсали» 3 очко билан учинчи, «Ал-Наҳда» эса 1 очко билан тўртинчи ўринда қайд этилди. Бешинчи турда 25 ноябрь куни «Ал-Файсали» — «Ал-Райян» ва «Ал-Таавун» — «Ал-Наҳда» учрашувлари бўлиб ўтади.

ОЧЛ-2 мусобақанинг «D» гуруҳида Ироқнинг «Ал-Шорта» жамоаси сафарда Иорданиянинг «Ал-Ҳусайн» клубини 3:0 ҳисобида мағлуб этди. Яна бир учрашувда Уммоннинг «Ал-Сиб» жамоаси Ҳиндистоннинг «Ист Бенгал» клубидан 2:0 ҳисобида устун келди.
Тўртинчи турдан кейин «Ал-Шорта» 10 очко билан гуруҳ етакчиси бўлиб турибди. «Ал-Ҳусайн» 5, «Ал-Сиб» 4 очко билан 2-3 поғоналарга жойлашди. «Ист Бенгал» эса 2 очко билан тўртинчи ўринни эгаллаган. Энди 24 ноябрь куни «Ист Бенгал» — «Ал-Ҳусайн» ва «Ал-Сиб» — «Ал-Шорта» жамоалари баҳсига гувоҳ бўламиз.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА