Очиқлик сиёсатида ОАВнинг ўрни ва иштироки
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Инновацион ривожланиш ва ахборот технологиялари масалалари қўмитаси томонидан “Очиқлик сиёсати шароитида замонавий журналистика ва оммавий ахборот воситаларининг ўрни” мавзусида давра суҳбати ўтказилди. Унда оммавий ахборот воситалари эркинлигини таъминлаш борасидаги ислоҳотлар ҳақда сўз борди.
Тадбирда таъкидланганидек, мамлакатимизда оммавий ахборот воситаларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, сўз ва ахборот эркинлигини таъминлаш, давлат органлари фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини янада кучайтириш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. ОАВни эркин фикр минбарига, халқимиз манфаатларини фаол ҳимоя қиладиган таъсирчан кучга айлантириш учун мустаҳкам ҳуқуқий асос ва қулай ижтимоий муҳит яратилди.
Хусусан, янги таҳрирдаги Конституцияда оммавий ахборот воситалари эркинлиги ва қонунга мувофиқ иш олиб бориши, давлат оммавий ахборот воситалари фаолиятининг эркинлигини, уларнинг ахборотни излаш, олиш, ундан фойдаланиш ва уни тарқатишга бўлган ҳуқуқлари амалга оширилишини кафолатлаши белгиланди.
[gallery-30069]
Давра суҳбатида тележурналистиканинг сўз эркинлигини таъминлашда айни кундаги ҳолати, очиқлик индексида Ўзбекистоннинг эгаллаган мавқейи, сунъий интеллектнинг электрон ОАВ ва замонавий журналистика ривожидаги аҳамиятига оид маърузалар тингланди, қатор фикрлар билдирилди.
Қайд этилганидек, “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги ва “Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунларда журналистларнинг касбий фаолиятини амалга ошириш, ахборот олиш, давлат органлари ва ташкилотларидан жамоатчилик учун аҳамиятли маълумотларни сўраш ва олиш ҳуқуқлари мустаҳкамлаб қўйилди. Бу эса очиқлик сиёсати самарадорлигини ошириш, давлат органлари фаолиятининг шаффофлигини таъминлашга хизмат қилмоқда.
Қизғин муҳокамалар давомида оммавий ахборот воситалари ходимлари томонидан амалдаги қонунчиликни янада такомиллаштириш юзасидан қатор таклиф ва мулоҳазалар билдирилди. Хусусан, электрон оммавий ахборот воситаларини рўйхатдан ўтказиш тартибини соддалаштириш, шунингдек, журналистларнинг касбий фаолиятига тўсқинлик қилиш ҳолатларига нисбатан самарали таъсир механизмларини жорий этиш бўйича муҳим таклифлар илгари сурилди.
Давра суҳбати якунида очиқлик сиёсати самарадорлигини ошириш, журналистлар ҳуқуқларини таъминлаш ва ахборот соҳасидаги қонунчиликни янада такомиллаштириш юзасидан таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.
М.Комилова,
О.Мирсоатов (сурат), ЎзА