Очиқ мулоқотлар ва амалий ечимлар
Аҳоли муаммолари билан ишлаш шунчаки хизмат вазифаси эмас, балки эртанги кунга қўйилган мустаҳкам пойдевордир. Халқнинг дарду ташвишини тинглаш, уларга ечим топиш давлат ва фуқаролар ўртасидаги ишонч кўприги мустаҳкам бўлишида муҳим омил ҳисобланади.
Хабарингиз бор, 2026 йил 20 август - Тадбиркорлар куни арафасида ўтказиладиган Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан 6 - очиқ мулоқотига пухта тайёргарлик кўриш, уларнинг мурожаатлари, муаммолари ва таклифларини тизимли ўрганиш мақсадида “Ўзмиллийбанк”АЖ томонидан 15 майдан бошлаб 15 августга қадар тадбиркорлар билан учрашув ҳамда очиқ мулоқотлар ташкил этилмоқда.
Аҳоли, айниқса тадбиркорлар билан тизимли ишлаш, уларнинг муаммо ва таклифларини ҳар томонлама ўрганиш масаласи “Ўзмиллийбанк” акциядорлик жамияти фаолиятининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Ушбу масалага банк ва унинг ҳудудлардаги бўлинмалари томонидан алоҳида эътибор қаратилаётгани диққатга сазовор.

“Ўзмиллийбанк” акциядорлик жамиятининг бош бошқармалари томонидан Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Навоий, Сурхондарё, Бухоро, Жиззах вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрида аҳоли ва тадбиркорлар билан очиқ мулоқотлар, сайёр қабуллар мунтазам ўтказиб келинмоқда.
Жумладан, Қашқадарё вилоятида тадбиркорлар ва аҳоли мурожаатларини ўрганиш мақсадида ўтказилган сайёр қабулларда келиб тушган таклиф ва мулоҳазалар кенг ва атрофлича таҳлил қилинди.
Мулоқотлар давомида мамлакатимиз иқтисодиётини ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, оилалар даромадини ошириш ҳамда ҳаёт фаровонлигини юксалтириш бугунги ислоҳотларнинг устувор йўналишларидан бири экани алоҳида таъкидланди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармон ва қарорлари, шунингдек, қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар айнан шу мақсадларга хизмат қилиб келмоқда.

Учрашувларда Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ва уларнинг самаралари, шунингдек, Президентнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида белгиланган устувор вазифаларнинг аҳамияти ҳақида атрофлича фикр алмашилди. Айниқса, жамиятда барқарорликни таъминлаш ва аҳоли фаровонлигини оширишда маҳаллаларнинг ўрни беқиёс экани қайд этилди.
Қабуллар давомида иштирокчилар томонидан билдирилган мурожаатлар атрофлича ўрганилиб, долзарб масалаларни ҳал этиш бўйича амалий чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Шундай учрашувларнинг бири Қашқадарё вилоятининг Ғузор туманида бўлиб ўтди. Мулоқот самимий, очиқ ва конструктив руҳда кечди. Унда иштирок этган жисмоний ва юридик шахслар вакиллари томонидан кўтарилган масалалар юзасидан аниқ чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқишга келишиб олинди.
“Ўзмиллийбанк” акциядорлик жамияти, унинг ҳудудий филиаллари ҳамда туманлардаги банк хизматлари марказлари томонидан мурожаатларда кўтарилган масалалар тегишлилиги бўйича ўрганилиб, уларни 15 кун муддатда ҳал этиш қатъий назоратга олинди.
Жумладан, жисмоний ва юридик шахсларнинг айланма маблағларни тўлдириш учун овердрафт кредити олиш, болалар боғчасини жиҳозлаш учун кредит ажратиш ҳамда ипотека кредити расмийлаштиришда амалий ёрдам кўрсатиш бўйича тақдим этилган ҳужжатлар белгиланган тартибда кўриб чиқилмоқда.
Бундай мулоқотлар аҳоли ва тадбиркорларнинг мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларга бўлган ишончини янада мустаҳкамлашга, давлат ва жамият ўртасидаги очиқ мулоқот муҳитини кенгайтиришга хизмат қилади.
Н.Усмонова,
ЎзА