Навоий шаҳридаги 23-сонли умумтаълим мактабида таълим тизимида амалга оширилаётган чора-тадбирлар ижросига бағишланган очиқ мулоқот бўлиб ўтди.
Бугунги кунда Навоий шаҳрида 23 та мактаб мавжуд бўлиб, 16 та мактабда таълим ўзбек тилида, 5 та мактабда рус-ўзбек ҳамда 2 та мактабда таълим рус тилида олиб борилади. Ушбу мактабларда 30 минг 746 нафар ўқувчи ўзбек тилида, 9 минг 16 нафар ўқувчи эса рус тилида таълим олмоқда. Уларга 3 минг нафардан зиёд ўқитувчи сабоқ бериб келмоқда.

– Мактабларда фаолият юритаётган педагог ходимларимизнинг 3003 нафари ёки 99,5 фоизи олий маълумотли ўқитувчилар бўлиб, 751 нафари олий тоифага эга, – дейди шаҳар мактабгача ва мактаб таълими бўлими бошлиғи Шалола Ҳамидова. – Ҳозирда 12 та мактабимизга “Замонавий мактаб” мақоми берилган. Шунингдек, шаҳарда 33 та давлат, 6 та хусусий, 8 та давлат-хусусий шерикчилик асосида ва 80 та оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари фаолият юритмоқда. Уларга 12 минг 698 нафар бола қамраб олинган бўлиб, бу 107,3 фоизни ташкил этади.
2024-2025 ўқув йилида 17 та мактабда чорак бўйича сумматив баҳолаш тизими йўлга қўйилган бўлса, кейинги ўқув йилидан бошлаб яна 4 та мактабда ушбу тизим жорий этилади.
Якунланган ўқув йилида навоийлик ёшлар ўтказилаётган фан олимпиадаларида ҳам фаол иштирок этди. Жумладан, бўлиб ўтган умумтаълим фанлари бўйича вилоят фан олимпиадасида 27 нафар ўқувчи ғолиблар сафидан жой эгаллаган бўлса, уларнинг 8 нафари 1-ўринни қўлга киритган. Жорий йилнинг 25-26 март куни Сурхондарё вилоятида ўтказилган асосий фан олимпиадасининг республика босқичида тарих фанидан 11-мактаб ўқувчиси Сабрина Қаҳрамонова 100 балл тўплаб, фахрли 1-ўринни эгаллади. 9-синф ўқувчиси Жасурбек Мустафоев эса кимё фанидан Руминиянинг Бухарест шаҳрида ўтказилган 21-Халқаро ёшлар табиий фанлар олимпиадасида, 11-синф ўқувчиси Саида Абдуллаева Хитойнинг Шенжень шаҳрида бўлиб ўтган 58-халқаро Менделеев олимпиадасида бронза медалини қўлга киритди.
Жорий йилда 2651 нафар ўқувчи мактабни тамомласа, уларнинг 40 нафари муддатидан олдин талаба бўлган.
Очиқ мулоқот қизғин савол-жавобларга бой тарзда ўтди.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/54m0rdYOSpM?si=71xfrLQxJdtZLXkG" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>А.Бўриев, ЎзА мухбири