Очиқ мулоқот янги ташаббусларга йўл очади
Пайшанба — Ёшлар куни муносабати билан Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети Нукус филиалида Ўзбекистон Экологик партияси Қорақалпоғистон Республикаси партия ташкилоти кенгаши Ижроия қўмитаси раиси А.Бегимова иштирокида талаба-ёшлар билан очиқ мулоқот бўлиб ўтди.
Таъкидланганидек, ёшларнинг фикри, ташаббуси ва келажак ҳақидаги қарашлари жамиятдаги жараёнларнинг муҳим таркибий қисми ҳисобланади. Айниқса, талаба-ёшлар билан бевосита мулоқот қилиш, уларни қизиқтираётган масалаларни ўрганиш ва таклифларини эшитиш ёшлар сиёсатида амалий аҳамиятга эга.

Тадбир давомида ёшларнинг таълим олиши, касбий салоҳиятини ошириши, бўш вақтини мазмунли ташкил этиши, жамоат ишларидаги иштироки ва янги ташаббусларини қўллаб-қувватлаш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Суҳбат жараёнида ёшларнинг жамиятдаги фаоллигини ошириш билан бир қаторда, уларнинг экологик маданиятини юксалтириш, атроф-муҳитга масъулиятли муносабатини шакллантириш ва табиатни асрашга дахлдор ташаббусларда иштирок этиш масалаларига ҳам эътибор қаратилди. Талаба-ёшлар ҳам мулоқотда фаол иштирок этиб, ўзларини қизиқтирган бир қатор саволларни ўртага ташлади ҳамда фикр ва таклифларини билдирдилар.

Айниқса, ёшларнинг жамоатчилик ишларида фаол иштирок этиши, ўз билим ва қобилиятини амалиётда синаб кўриши, долзарб масалаларга бефарқ бўлмаслиги юзасидан билдирилган фикрлар мулоқотнинг асосий мавзуларидан бири бўлди. Очиқ суҳбат шаклида ўтган учрашувда талаба-ёшлар келгусидаги фаолияти учун зарур бўлган фикр ва тавсияларга эга бўлдилар.
Бундай очиқ мулоқотлар ёшларнинг қарашларини эшитиш, уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва ёшлар билан ишлашда уларнинг таклифларини инобатга олиш учун муҳим мулоқот майдони бўлиб хизмат қилади.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири