Қашқадарёда “Биз биргамиз” ижтимоий акцияси ўтказилди
Қашқадарё вилояти адлия бошқармаси томонидан ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг салоҳияти, истеъдоди ва ижодий имкониятларини кенг тарғиб этиш мақсадида “Биз биргамиз” ижтимоий акцияси ташкил этилди.
Тадбирда Адлия вазирлигининг ишчи гуруҳи, 20 дан ортиқ давлат ташкилоти вакиллари ҳамда 200 нафардан зиёд иштирокчи қатнашди.

Акция доирасида ногиронлиги бўлган фуқаролар томонидан тайёрланган қўл меҳнати намуналари намойиш этилди. Уларда иштирокчиларнинг истеъдоди, меҳнатсеварлиги ва яратувчанлик қобилияти ўз ифодасини топди.
Тадбир давомида ижодий ишлари ва меҳнати билан эътибор қозонган иштирокчиларга ташаккурномалар ҳамда эсдалик совғалари топширилди.

Мазкур акция ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамият ҳаётидаги фаоллигини ошириш, уларнинг қобилияти ва истеъдодини эътироф этиш, ижтимоий жараёнлардаги иштирокини кенгайтиришга қаратилди.
Зеро, ҳар бир инсон эътибор, ҳурмат ва муносиб эътирофга лойиқ.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири