Бухорода Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси вилоят бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 27 июндаги “Оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш ва журналистика соҳасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида йиғилиш бўлиб ўтди.
Унда уюшма масъуллари, халқ депутатлари вакиллари, вилоят, туман, шаҳар ҳокимликлари муассислигидаги тармоқ ва хусусий газеталар муҳаррирлари, телерадиокомпания раҳбарлари қатнашди.
Унда мазкур қарор оммавий ахборот воситаларининг қонуний манфаатларини ҳимоя қилишни кучайтириш, улар фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, кадрлар салоҳияти ва рақобатбардошлигини янада ошириш, соҳани ривожлантиришга қаратилганлиги таъкидланди.
Қарорга кўра, 2022 йил 1 июлдан бошлаб 2025 йил 1 июлга қадар оммавий ахборот воситалари фойда солиғини белгиланган солиқ ставкаларига нисбатан 50 фоиз камайтирилган солиқ ставкалари бўйича тўлайди, реклама хусусиятига эга бўлган оммавий ахборот воситалари бундан мустасно. Шунингдек, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайдиган, белгиланган тартибда шакллантириладиган рўйхат бўйича олиб кириладиган матбаа ускуналари, замонавий фото ва радио телевизион ускуналар, қоғоз божхона божидан озод этилади.
[gallery-7980]
– Қарор билан 2023 йилдан бошлаб тегишли давлат органлари ва ташкилотлари, бошқа муассасаларга 110 нусха даврий босма нашрлар ва 67 нусха китоб маҳсулотларининг мажбурий бепул нусхаларини юбориш амалиёти бекор қилинди, – дейди Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари Бахтиёр Асадов. – Улар томонидан босма маҳсулотларни харид қилиб олиш тартиби жорий қилинади (Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси бундан мустасно). Бунда, тегишли давлат органлари томонидан харид қилиб олиш учун давлат бюджетидан маблағ ажратилади. Бюджет ташкилотларига улардаги “кутубхона фонди” харажат моддаси орқали даврий босма нашрлар, уларнинг электрон шакли ва электрон оммавий ахборот воситаларига обуна бўлиш учун маблағ йўналтиришга рухсат берилади.
Таъкидланганидек, оммавий ахборот воситалари учун бир қатор имтиёзлар берилди. Жумладан, вилоят матбуот уйи, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси вилоят бўлими фаолиятини самарали ташкил қилиш, сақлаш харажатларини қоплаш ва моддий-техника базасини мустаҳкамлаш учун маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари ҳисобидан белгиланган тартибда субсидия ажратилади. Эҳтиёжманд ва фаол журналистлар ипотека кредитлари ва қонунчилик ҳужжатларида белгиланган бошқа шартлар асосида уй-жой билан таъминланади. Шунингдек, оммавий ахборот воситалари вакилларининг ижодий фаолиятини моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш мақсадида юбилей ёшини нишонлайдиган журналистларнинг ижодий кечалари ташкил этилади. Моддий ва маънавий рағбат ва кўмакка эҳтиёжи бор соҳа вакилларининг ижтимоий-маиший шароитларини яхшилаш, уларга ёрдам кўрсатиш йўлга қўйилади.
Амалга ошириладиган ишлар таҳлил этилди, соҳа ходимлари ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА