Оҳангаронда Туркия компанияси билан ҳамкорликда газобетон ишлаб чиқариш корхонаси ишга тушди
Тошкент вилоятининг Оҳангарон туманида қурилиш учун муҳим бўлган газобетон блоклари ишлаб чиқариш бошланди.
Тошкент вилоятининг Оҳангарон туманида қурилиш учун муҳим бўлган газобетон блоклари ишлаб чиқариш бошланди.
Бунда эса Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил 9 январдаги «Ўзбекистон Республикасининг 2020-2022 йилларга мўлжалланган Инвестиция дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори муҳим аҳамият касб этмоқда.
«Ўзчармсаноат» уюшмасига аъзо тадбиркорлик субъекти – «East Mining Invest» корхонаси Туркиянинг йирик компанияларидан бири билан ўзаро ҳамкорликда газобетон ишлаб чиқаришни бошлади.
Лойиҳанинг умумий қиймати 15 миллион доллар бўлиб, унинг 6 миллион доллари тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ҳисобидан тўлдирилди.
Айни вақтда корхонанинг биринчи линияси ишга тушди. Иккинчи линия 2021 йилнинг баҳорида якунланиши кўзда тутилган.
Корхонанинг йиллик ишлаб чиқариш қуввати 120,0 минг метр куб газобетон блокни ташкил этади. Унинг фаолияти доирасида 150 га яқин иш ўрни яратилади.
Ушбу лойиҳа тўлиқ ишга тушгач, «East Mining Invest» корхонаси умумий қиймати 131 миллион евро миқдоридаги тўғридан-тўғри инвестицияларини жалб этган ҳолда, 5 та ҳудудда лойиҳани тизимли ва изчил давом эттиради.
Жумладан, Навоий ва Хоразм вилоятларида 2021-2022 йилларда умумий қиймати 30 миллион долларлик лойиҳага кўра газобетон блокларини ишлаб чиқариш ҳамда келгусида мазкур маҳсулотни экспорт қилиш мўлжалланган.
Андижон вилоятида эса 2021-2022 йилларда қиймати 15 миллион долларлик, ички ва хорижий бозорларда юқори талабга эга бўлган, халқаро сифатни бошқарув тизими асосида фибротсемент ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга ошириш режалаштирилган.
Ушбу лойиҳаларнинг белгиланган муддатларда ва сифатли якунланиши чарм-саноат ва мўйначилик корхоналари ўртасида кооперация алоқаларининг янада ривожланиши, соҳанинг экспорт салоҳиятининг кўпайиши, импорт ҳажмининг камайиши, қўшимча иш ўринларининг яратилишида муҳим аҳамият касб этади.



