Нью-Йоркда кучли ёғингарчилик...
Нью-Йорк шаҳрида кузатилган кучли ёмғир кенг кўламли муаммони юзага чиқарди. Ҳодисадан айниқса Бруклин ва Квинс туманлари жиддий зарар кўрди.
Америка оммавий ахборот воситалари хабар беришича, кучли ёғин туфайли кўчаларни сув босган, транспорт ҳаракати тўхтаган, жуда кўп дарахт қулаган. Ҳозир шаҳар коммунал хизмати офат оқибатини бартараф этиш устида иш олиб боряпти.
Бруклинда тўхтовсиз ёмғир туфайли кўчаларни сув босиб, транспорт тизимида жиддий узилиш юзага келди. Расмийлар айрим магистраль йўлларни вақтинча ёпишга мажбур бўлди. Ҳудудда сув тошқини хавфидан огоҳлантириш сешанба куни эрталабгача кучда қолиши маълум қилинди.
Вазиятга баҳо берган Нью-Йорк губернатори Кэти Хокул табиий офат кутилмаганда келиши ва инсон ҳаёти учун жиддий хавф туғдириши, бундай ҳолатларга доим ҳам олдиндан тайёргарлик кўришнинг имкони йўқлигига эътибор қаратган.
Квинс туманида кучли довул ўнлаб дарахтларни қулатган. Маҳаллий аҳоли жиддий сув тошқинидан омон чиққан бўлса-да, айни пайт кўча ва уйлар атрофини вайронадан тозалаш ишлари билан банд.
Ф.Яхшибоева, ЎзА