“Нуротанинг нурли фарзанди”ни ўқиб...
Президентимизнинг 2024 йилнинг 19 июлидаги “Сиёсий қатағон қурбони бўлган юртдошларимиз ҳаёти ва фаолиятини ўрганиш, тарғиб этиш ҳамда уларнинг хотирасини абадийлаштириш борасидаги ишларни кенгайтириш тўғрисида”ги қарори йиллар давомида сир тутилган ҳақиқатларни юзага олиб чиқилишига имкон яратди.
Ўзбекистон Ёзувчилари уюшмаси аъзоси, миллий ва маънавий қадриятларимиз бўйича қатор китоблар муаллифи Суюндик Мустафо Нуротоий Нурота тупроғида туғилиб ўсган, ўз замонасининг сиёсий етук ватанпарвари, ишбилармон ва жасоратли, аммо, мустабид тузум жабрини тортиб, кексалик ёшида умри сургунларда ўтган Турсунхўжа Эшон хўжа ўғли - Эшони Судур ҳақида “Нуротанинг нурли фарзанди” номли китобини нашр этди.
Китобда 1928-1936 йиллардаги биринчи, 1937-1938 йиллардаги иккинчи бора шўролар томонида ташкил этилган мудҳиш қатағонлар тўғрисида сўз юритилади. Бинобарин, бу сиёсий “ўйинлар”да 2760 нуроталик қатағон қилинган. Уларнинг 178 нафарини илму диёнатли эшон, шайх, имом ва муллолар ҳамда оила аъзолари ташкил этган.
Китобнинг илк бобларида советларнинг ҳокимият тепасига келиши, Туркистон халқларининг миллий-озодлик учун ҳаракатлари, 1918-1935 йилларда юрт озодлиги учун курашган фидойилар тарихи, саводли, илмли, эътиқодли, молу давлатли, кўпчиликка тўғри йўлни кўрсатиш салоҳияти бўлган қатламнинг таъқибга учраши, “Катта қирғин”, яъни, 1937-1938 йиллардаги сиёсий қатағонлар, жумладан, аёллар ва болалар қатағонлари ҳақида ҳужжатли маълумотлар берилган.
Китоб муаллифи томонидан кенг қамровли сохта ҳужжатлар, бўҳтон ва ясама жиноят иши тўплами чуқур ўрганилиб, Бухоронинг сўнгги амири “Судур” унвони билан сийлаган чинакам ватанпарвар ва совет босқинчиларига қарши курашчи, Эшони Судур – Турсунхўжа Эшонхўжанинг (1872 - 1936) ҳаёти ва қисмати, қатағонлик азоблари илмий асосда баён қилинган.
Китоб қаҳрамонининг Нурота шаҳри, Қўшработ, Чуя ҳудудларида ўзи ва халқи манфаатлари учун тегирмон, жувозхоналар қургани, ерларни ўзлаштириб, катта мулкдорга айлана бориб, 1910 йилларда Турсунхўжа Бухоронинг таниқли бойлари сафидан ўрин олганлиги, айниқса, Файзулла Хўжаевнинг отаси - йирик қоракўлчи савдогар Убайдуллохўжа билан ҳамкорликда Бухоро, Самарқанд, Оренбург, Петербург, Афғонистон бозорларигача кириб борганлиги ҳужжатлар асосида ёритилган.
Айниқса, у Нуротага картошка, помидорнинг ҳосилдор уруғларини олиб келганлиги, 100 туп балхи тут келтиргани, рус гилоси ва акация дарахтлари экишни жорий этгани, ўндан ортиқ ноёб гулларнинг уруғини келтиргани, 1899 йилда биринчи бўлиб, Нуротага патефон олиб келганлиги унинг элпарвар, фидоий шахс эканлигидан далолатдир.
Китобда 1937-1938 йилларда нуроталик 23 шахснинг қатағон қилингани ва уларнинг тақдири билан танишар экансиз, Мустақиллигимизни кўз қорачиғидек асраш ҳар бир ватандошимизнинг шарафли ва муқаддас бурчи эканлигини доим ёдга солади.
Хуршид Қурбонов,
Навоий давлат университети доценти, тарих фанлари доктори