Нуронийларга "Меҳнат фахрийси" нишони топширилди
Мамлакатимизда кексаларни эъзозлаш, уларнинг ҳаётий тажрибасини қадрлаш ва жамиятдаги нуфузини ошириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Шу мақсадда республиканинг барча ҳудудларида ўтказилаётгани каби Сирдарё вилоятида ҳам "Нуронийлар ҳафталиги" доирасида тадбир ташкил этилди.
Гулистон шаҳридаги "Зомин" тўйхонасида "Нуроний" жамғармаси вилоят бўлимининг ташаббуси билан ўтказилган маънавий-маърифий тадбирда ўз меҳнати, ҳаёт йўли ва фидойилиги билан ёшларга ўрнак бўлаётган бир гуруҳ нуронийларга "Меҳнат фахрийси" кўкрак нишонлари топширилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 28 декабрдаги “Ўзбекистон фахрийларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ҳамда 2017 йил 14 июлдаги “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишонини таъсис этиш тўғрисида”ги қарори асосида ўтказилган мазкур тадбирда вилоят шаҳар ва туманларида истиқомат қилаётган, фаоллиги ва ташкилотчилиги билан ўрнак бўлаётган кекса авлод вакиллари иштирок этдилар.

Бу йил ҳам ўз фаолияти билан жамият тараққиётига муносиб улуш қўшиб келаётган бир гуруҳ сирдарёлик нуронийлар ушбу кўкрак нишонига сазовор бўлишди.
Тантанали маросимда Сирдарё вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Эркинжон Турдимов, республика "Нуроний" жамғармаси раиси, Ўзбекистон Қаҳрамони, сенатор Содиқжон Турдиев ҳамда жамғарма бошқаруви раисининг ўринбосари, таниқли публицист Шароф Убайдуллаев нутқ сўзлаб, кексаларни эъзозлаш масаласи доимий равишда давлат сиёсати марказида эканини таъкидладилар. Улар фидойи нуронийларни самимий табриклаб, уларнинг ҳаётий тажрибаси ва меҳнат йўли ёшлар учун намуна эканини қайд этдилар.
Шунингдек, тадбирда "Нуроний" жамғармаси Сирдарё вилояти бошқармаси раиси Ўтбосар Абдиев ҳам "Адолат" СДПнинг кўкрак нишони билан тақдирланди.

Сардоба туманининг "Наврўз" маҳалласида истиқомат қилаётган, "Нуроний" жамғармасининг туман бўлими раиси Асқар Муҳаммадиев ҳам "Меҳнат фахрийси" кўкрак нишонига сазовор бўлди.
– Бугунги шонли кун мен учун жуда қадрли, – дейди Асқар Муҳаммадиев. – Давлатимиз раҳбари томонидан кексаларга кўрсатилаётган бундай эътибор ва ғамхўрлик биз нуронийларнинг қалбини гўё ёшартиргандек бўлди. Бу эътироф фақат шахсимга эмас, балки бутун маҳалламиз, туманимиз нуронийларига берилган катта ишонч деб биламан. Биз ҳар доим ёшлар тарбиясида, уларга тўғри йўл кўрсатишда фаол бўлишга интиламиз. Шу йўлда хизмат қилиш — биз учун шараф.
Узоқ йиллар "Нуроний" жамғармасининг Янгиер шаҳар бўлими раиси бўлиб меҳнат қилган Бозорбой Ҳакимов ҳам мазкур тадбир юзасидан ўз фикрини билдирди: – Биз нуронийларга бўлган бу каби эътибор ва иззат-ҳурмат орқали жамиятда ёшлар билан кексалар ўртасидаги маънавий боғланиш янада мустаҳкамланади. Шундай шарафли кунлар бизга ҳам куч, ҳам руҳий қувват бағишлайди, – деди у.

Тантананинг давомида адабий-бадиий дастур намойиш этилди. Вилоят санъат усталари иштирокида концерт дастури кўтаринки руҳда ўтди. Нуронийлар учун тўкин дастурхон ёзилиб, ош тортилди.
Қутлуғ тадбирда нуронийларнинг самимий дуолари, давлатимиз раҳбарининг кексаларга кўрсатаётган эътибор ва ғамхўрлиги учун миннатдорлик сўзлари яна бир бора янгради.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири