Нуронийлар куйлаганда...
“Нуроний” жамғармаси ташаббуси ҳамда вилоят маданият бошқармаси, туман ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда етти нафар нуроний мақом ва миллий йўналишдаги қўшиқларни ижро этди.
Санъат шундай жозибадор кучки, у на чегара, на ёш, на кўнгил танлайди. Мусиқа, санъат, адабиёт кириб борган ҳар қандай давра файзга тўлади, инсонларга ҳузур бағишлайди, дилга ором беради.
Наманган вилоятининг Тўрақўрғон тумани маданият марказида уюштирилган “Нуронийлар куйлаганда” кўрик-танловнинг ҳудудий туман босқичида ана шундай тафтли манзара ўз ифодасини топди. Ўзига хос кўрикда 60 ёшдан ошган эркаклар ва 50 ёшдан юқори аёллар учун саҳна очиқ майдон вазифасини ўтади.

– Узоқ йиллар таълим соҳасида фаолият олиб борганман. Ҳозир кексалик гаштини суряпман. Тўғриси, қўлимга тор чолғусини олмаганимга 20 йилдан ошганди, – дейди танловнинг 77 ёшли иштирокчиси Собитхон Аюпов. – Бугунги танлов туфайли ёшлик пайтларимга қайтгандек ўзимни ҳис қилдим. Биз, нуронийларга қаратилаётган эътибор учун беҳад миннатдормиз.

Танлов давомида ўз иқтидори билан ажралиб турган Маҳмуджон Кенжаев ва Абдумутал Акрамов ғолибликни кўлга киритиб, вилоят босқичида қатнашиш имкониятига эга бўлди.

Барча иштирокчилар турли номинациялар бўйича муносиб тақдирландилар. Қолаверса, тумандаги 9-сонли болалар мусиқа ва санъат мактабида мақом йўналишида таҳсил олаётган ўқувчилар ҳам рағбатлантирилди.

Тадбирда сўзга чиққан Ўзбекистон фахрийларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси Наманган вилояти бўлими раисининг ўринбосари Абдурашид Болтабоев бу каби жозибадор танловлар доимий равишда ўтказилиб борилишини таъкидлади.

Оқилхон Дадабоев, ЎзА.