Мустақиллик йилларида театр санъатимиз ютуқлари
Ёшларнинг бугунги театр санъатига оид фикрлари қандай? Ушбу соҳада қандай ютуқларга эришилдию, кўрсатилаётган эътиборнинг натижаси қандай бўлмоқда?
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, Ўзбекистон Театр арбоблари уюшмаси Ёш ижодкорлар билан ишлаш бўлими бошлиғи, драматург, саҳна санъати бўйича ўтказилган бир қатор республика ижодий танловлар совриндори Бобур Ҳамроев бу ҳақда ЎзА мухбирига қуйидагиларни гапириб берди.

–Мустақиллик йилларида ўзбек театрлари қўлга киритган энг катта ютуқ нималардан иборат, сизнингча?
–Мустақиллик йилларида ўзбек театрларининг қўлга киритган энг катта ютуқлари сифатида шуни айтишимиз мумкинки, миллий ўзликни қайта тиклаш, тарихий сиймоларимиз ва миллий қаҳрамонларимизни улуғлаб қайта саҳнага олиб чиқиш имкони берилди. 1991 йилдан кейин театрларда тарихий-драматик асарларга, эпосларга Алпомиш, Гўрўғли, Амир Темур ва Темурийлар даври мавзуларига кенг мурожаат қилинди. Шунингдек, Абдулла Қодирий, Чўлпон, Фитрат каби жадид маърифатпарварлар сиймоси саҳнада асл ҳолича гавдалантирила бошлади.
Бу томошабинларда миллий ғурур ва тарихий ҳис-туйғуни кучайтириши билан бирга, мустақилликнинг қадр-қимматини теранроқ англаш, уни асраб-авайлаш туйғуларини, Ватан, унинг ҳурлиги олдидаги масъулиятни тобора кучайтирди.
Мамлакатимизда театрлар сони кўпайди (ҳозир 41 давлат театри бор), репертуар эркинлашди, рақамли технологиялар ва замонавий режиссура кириб келди. Ижодий жамоаларда ўз репертуарини мустақил яратиш, бадиий ечимлар, спектакллар мавзусини эркин белгилаш имконияти пайдо бўлди.
Ўзбек миллий театрлари хорижий давлатларда ўтказиладиган нуфузли халқаро театр фестивалларида мунтазам иштирок этиб, гран-при ва олий мукофотларни қўлга кирита бошлади. Театрларда тарихий шахслар, миллий қадриятлар ва илгари тақиқланган мавзуларни эркин ёритиш имконияти яратилди. Бу эса саҳна асарларининг ғоявий кўламини кенгайтирди. Мустақиллик даврида маҳаллий муаллифлар томонидан ўзбек халқининг бой тарихи, жадидлар мероси ва замонавий ҳаётини акс эттирувчи юзлаб янги драматик асарлар яратилди ва саҳналаштирилди.
Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Давлат академик катта театри, Ўзбек Миллий академик драма театри ва бошқа кўплаб вилоят театрлари бинолари тубдан реконструкция қилиниб, замонавий овоз ва ёруғлик ускуналари билан жиҳозланди. Мамлакатимизнинг энг етакчи театр жамоаси – Муқимий номидаги театрга Ўзбекистон давлат академик мусиқали театри мақоми берилди. Устоз санъаткорларнинг ижодий лабораториялари, яратган мактаблари, уларнинг бой ижод йўлини ўрганишга катта эътибор қаратилмоқда.
Барча театр жамоалари учун хорижлик таниқли режиссёр ва саҳналаштирувчилар билан ҳамкорликда қўшма спектакллар яратиш ҳамда тажриба алмашинуви янги босқичга кўтарилди. Соҳада ёш режиссёрлар, актёрлар ва декораторларнинг ўз ижодий салоҳиятини намойиш этишлари учун махсус кўрик-танловлар ва экспериментал театр студиялари фаолияти йўлга қўйилди.
Бундай эътибор вилоят театрлари фаолиятида ҳам яққол кўзга ташланмоқда. Республика бўйлаб кўплаб вилоят театрлари бинолари тубдан реконструкция қилинди. Масалан, Қўқон шаҳри, Хоразм, Сурхондарё, Жиззах ва Фарғона вилоят мусиқали драма театрлари бинолари капитал таъмирланиб, замонавий саҳна ва ёруғлик ускуналари билан жиҳозланди. Ҳар бир вилоят театрига йирик ишлаб чиқариш корхоналари, банклар ва компаниялар ҳомий сифатида бириктирилди. Бу тизим театр жамоаларининг моддий аҳволини яхшилаш, янги спектакллар саҳналаштириш ва ижодкорларни рағбатлантиришга хизмат қилмоқда.
Вилоятларда театр соҳаси учун маҳаллий кадрлар тайёрлаш мақсадида Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтининг Фарғона минтакавий филиали ҳамда Нукус филиали ташкил этилди. Бу вилоят театрларини ёш ва билимли мутахассислар билан таъминлаш имконини бермоқда. Вилоят театр жамоаларининг Тошкент шаҳри ва бошқа вилоятларга мунтазам гастроллари ташкил этилмоқда. Бундан ташқари, Марказий Осиё ва бошқа хорижий давлатларда ўтказиладиган халқаро фестивалларда Қорақалпоғистон, Хоразм, Самарқанд ва Фарғона театр жамоалари фаол иштирок этиб, совринли ўринларни эгаллаб келишмоқда. Тошкентдаги тажрибали ва таниқли режиссёрлар ҳамда драматурглар вилоят театрларига бориб, маҳаллий актёрлар билан биргаликда йирик тарихий ва замонавий спектаклларни саҳналаштириш амалиёти кенг йўлга қўйилган.
– Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 2 июндаги “Маданият, санъат ва адабиёт соҳаларини янада ривожлантириш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонида театрларимиз зиммасига қандай вазифалар юклатилди?
– Президентимиз санъат ва маданият ривожига доим катта эътибор ва алоҳида эҳтиром билан ёндашишларини халқимиз яхши билади. Ижодий сафарларда, зиёлилар билан учрашувларда, санъат ва маданият аҳли билан мулоқот давомида бу меҳр ва эътибор яққол кўзга ташланади. Давлатимиз раҳбарининг 2026 йил 2 июндаги фармони мамлакатимиз театр жамоалари учун кўплаб имкониятлар эшигини очади. Шу билан бирга, ҳужжатда бир қатор вазифалар ҳам кўзда тутилган. Хусусан, ижодий бирлашмалар орқали янги иқтидорларни кашф этиш ва қўллаб-қувватлаш назарда тутилди. Ижодий раҳбарлар янги асарлар яратишга масъул этиб белгиланди.
Нодавлат театр ва студиялар сонини 2028 йилгача 50 тага етказиш ва театр соҳасида хусусий сектор улушини 25 фоизга ошириш белгиланди. Ижодий лойиҳаларни молиялаштириш учун “Ижодга инвестиция” жамғармаси орқали грантлар олинадиган бўлди.
Танловлар, фестиваллар орқали ёшлар ижодий жараёнга кенг жалб қилинади. Халқаро иштирокни кучайтириш, янги асарлар яратиш борасидаги ишлар қамрови янада кенгаяди. Томошабинларни кўпайтириш учун чипта субсидиялари, нодавлат театрлар учун бинолардан бепул фойдаланиш имкони ва солиқ имтиёзлари бериш каби қатор амалий чора-тадбирлар кўзда тутилган.
–Кейинги пайтларда нодавлат театр студиялари ривожига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Нима деб ўйлайсиз, бу эътибор миллий театр санъатимизда қандай аҳамиятга эга?
–Мен Ўзбекистон Театр арбоблари уюшмасида олти йилдан бери ишлаб келаман. Фаолиятим давомида кўплаб нодавлат театр студиялари билан ишлаганман ва шуни айтишим мумкинки, нодавлат театр-студияларига берилаётган эътиборнинг аҳамияти миллий театр санъатимизда жуда тўғри ва зарур қадам деб ўйлайман. Нодавлат студиялар эксперимент, янги авлод режиссёрлари ва актёрлари учун эркин майдон яратади. Улар замонавий мавзуларни (ёшлар муаммолари, ижтимоий масалалар, глобал трендлар) очиқроқ кўтариши, янги формаларни синаши мумкин. Натижада эса рақобат кучаяди ва сифат ошади. Ёшлар театрлардаги жонли ижодий жараёнларга кўпроқ жалб қилинади, деб ҳисоблайман. Нодавлат театрларга ҳам алоҳида эътибор қаратилаётгани миллий театр санъатимизда соғлом ижодий рақобат, мунтазам изланиш, ижодий жараённинг доимий янгиланиб бориши учун кенг йўл очади.
ЎзА мухбири
Назокат Усмонова суҳбатлашди.