Нуронийлар футбол майдонида
Жалақудуқ туманида “Ғайратли кексалар!” шиори остида мини футбол бўйича мусобақа ташкил этилди.
Мамлакатимизда ўтказилаётган “Кексалар ҳафталиги” доирасида “Нуроний” уюшмаси туман бўлими ташаббуси билан ташкил этилган мусобақада тумандаги қатор маҳаллаларнинг 60 ва ундан юқори ёшдаги кексаларидан тузилган жамоалар иштирок этиб, ўзларининг саломатликлари ва жисмоний имкониятларини синовдан ўтказди.
– Спорт – саломатлик гарови, деб бежиз айтилмаган, – дейди “Нуроний” уюшмаси туман бўлими раҳбари Абдумуталиб Қурбонов. – Кексаларимизни соғлом бўлишига кўмаклашиш, кексалар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш мақсадида ўтказилган ноодатий тадбир – мини футбол мусобақасида кўплаб маҳаллаларимиз фаол қатнашди. Очиғи, улар тўп тепиб, футбол ўйнаб ёшликларини эслашди, дилдан яйрашди.


Дарҳақиқат, кексалар футбол майдонидаги хатти-ҳаракатлари билан соғлом бўлишга, спорт билан шуғулланишга бўлган иштиёқларини кўрсатди, қолаверса, ёшларга намуна бўлишди.
Мусобақа якунида Ҳамзаобод маҳалласи нуронийлар жамоаси биринчи ўринга сазовор бўлди. Иккинчи ва учинчи ўринлар эса Бозорбоши ва Ёрқишлоқ маҳаллалари жамоаларига насиб этди.
Ғолиб ва иштирокчи жамоалар туман ҳокимлиги, “Нуроний” уюшмаси туман бўлими томонидан муносиб рағбатлантирилди.

Қизиқарли, дўстона ўтган мусобақа соғлом турмуш тарзини тарғиб этишга, кексаларнинг саломатлигини янада яхшилашга хизмат қилди.
Фахриддин Убайдуллаев,
ЎзА мухбири