Нурли қалблар сочган ёғду
Бугунги фаровон ҳаётда моддият устун келиб, эътибор ва маънавият унутилмоқдами? 13 ноябрь – Бутунжаҳон кўзи ожизлар куни муносабати билан жамиятнинг энг заиф қатламига муносабати таҳлил этилади.
Бугунги ҳаётимиз инсониятнинг орзуларига ҳам сиғмаган даражада фаровон ва обод. Ҳа, бу ҳеч қандай муболаға ёки пафос эмас. Бугун имкони йўқ, деган тушунча ўз аҳамиятини йўқотиб бормоқда. Бироқ, бу даражадаги фавқулодда эврилиш ҳам одамзот учун зарар бермай қолмас экан. Нега дейсизми?
Тарихда, хусусан, мамлакатимиз тарихида ҳам уйғониш даврининг бир неча босқичи кузатилган. Бироқ, унда маънавият ва маърифат юксалган. Бугун эса, афсуски моддият юксалиб бормоқда. Бугун бизнинг безагимиз биргина бефарқлик, афсуски.
Тасаввур қилинг, муҳим бир иш билан шошиб бир жойга кетяпсиз. Бирдан кўзингиз кўришдан тўхтаб қолса, қай ҳолга тушасиз? Кўрдингизми, шу қадар бефарқлигимиздан кўраётган кўзлар, соғлом қўл, оёқ ва ҳоказо - барчаси биз учун худди йўқдек. Уларнинг борлигини ҳис қилиш учун нима ишдан чиқишини кутиб яшашимиз керакми?
Ҳеч қачон тўлмаган ва тўлмайдиган етишмовчиликларни тўлдириш учун яшашни ҳам унутиб қўйган бугунги одамларнинг ҳаёт йўлини бундай аччиқ саволлар билан тўсиш ниятим йўқ, аслида.
Бугун, 13 ноябрь – Бутунжаҳон кўзи ожизлар куни. Кeлинг, бу куннинг моҳиятини тўлиқроқ англатиш учун баъзи рақамларни келтириб ўтсак. Бугунги кунда ер юзида 2,2 миллиард киши кўришда нуқсон билан яшайди. Шундан 50 миллиондан ортиқ инсон бундан бутунлай маҳрум. Юртимизда эса ушбу кўрсаткич жами 70 мингдан кўпроқни ташкил этади. Хўш, мамлакатимизда уларга бўлаётган эътибор қай даражада?
Бу ҳақда Ўзбекистон кўзи ожизлар жамияти Марказий бошқаруви раиси Эргаш Норпўлатов ўз фикрларини билдирди:
–Аввало шуни айтишим керакки, кўз бўйича ногиронлиги бўлган инсонлар бошқа турдаги ногиронлардан бир жиҳат билан фарқланади. Улар ғоят сергак, санъат ва адабиётга ошно бўлади. Уларнинг аксари радио тинглаб, улғайишгани боис журналистикага ҳам муҳаббати ўзгача. Зеҳни ҳам фавқулодда ўткир. Шунинг учун ҳам бугунги кунда кўзи ожиз ёшлар орасида ахборот технологиялари бўйича ҳам етук мутахассислар етишиб чиқмоқда. Улар қисматдошлари учун технологик қулайликлар яратиш билан бирга, ўзлари ҳақидаги одамларнинг тасаввурини ҳам ижобий томонга ўзгартиришга эришмоқда. Қайд этиш керакки, сўнгги йилларда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлами, жумладан, кўзи ожизларга бўлган давлатнинг эътибори кучайди. Бироқ, давлат қанча имконият яратиб бермасин, кўзи ожизлар қанчалик ҳаракат қилмасин, уларнинг жамиятдаги ўрни мустаҳкамланиши учун аввало атрофдагиларнинг роли муҳим.
Негаки, очиғини айтганда, кўпчилик кўзи ожизларнинг дўстлари, яқинлари оилалари деярли қисматдошлари. Қачонки, улар ҳам таъбир жоиз бўлса, соғломлар орасида муносиб ҳурмат топса, шундагина ҳукуматимиз таъкидлаётган ва биз истаётган инклюзив жамият барпо бўлади. Мен бежизга юқорида атрофдагиларни муҳим демадим. Кeлинг, биргина олийгоҳлар мисолида тушунтираман. Баъзи олийгоҳларда мутахассислик қулайлиги ўлароқ, кўпчилик кўзи ожиз талабалар таҳсил олишади. Мана шу жойда биз илгари сураётган истак юзага чиқади. Давлатимиз раҳбари уларнинг сифатли таълим олиши, қулай яшаши учун кўплаб оқилона ташаббусларни илгари сурмоқда. Бунинг учун зарур ресурслар ҳам жалб этилмоқда. Хўш, олийгоҳ раҳбариятининг уларга бўлган муносабати, ёндашуви қай даражада? Бу бир оддий мисол. Энди бунинг залворини тасаввур қилаверинг, – дейди Эргаш Норпўлатов.
Дарҳақиқат, юқорида таъкидлаганимиздек, яна эътибор долзарблигича қолмоқда. Гарчанд, кўзи ожизлар ва уларнинг ҳаёти, қалби ҳақида кўп ва хўп ёзиш мумкин бўлса-да, шундай хулосага келишимиз табиий. Яъни, кўзи ожизларга ҳеч қачон қўлидан иш келмайдиган ночор одамга қарагандек қарамаслик, инсоний ҳуқуқ ва манфаатлари топталишига бефарқ бўлмаслик, энг муҳими уларга ўзларини муносиб намоён этиш имкониятини бериш ҳар биримиздан талаб этиладиган юксак бурч. Шундагина нафақат уларга, балки уларнинг ота-онасига, оиласига ишонч ва хотиржамлик бахш этган бўламиз. Зеро, бугунги инсон қадри тамойилига таянган сиёсатимизнинг асл мақсади ҳам шундан иборат.
Шербек Исломов,
ЎзА