“Нурли маскан” ўқувчилари билимлари синовдан ўтказилди
Самарқанд шаҳрида “Нурли маскан” ихтисослаштирилган мактаб-интернатлари ўқувчилари ўртасида фан олимпиадасининг республика босқичи бўлиб ўтди.
Унда ушбу йўналишлардаги таълим муассасаларининг 145 нафар 11-синф ўқувчилари она тили ва адабиёт, рус тили ва адабиёти, математика ҳамда тарих фанлари бўйича билимларини синовдан ўтказди.

Очиқ ва шаффоф тарзда ўтказилган олимпиада якунларига кўра, она тили ва адабиёт фани бўйича биринчи ўринни Сирдарё вилоятининг Гулистон туманидаги 11-“Нурли маскан” мактаби ўқувчиси Сурайё Кўчарова, рус тили ва адабиёти фанидан ҳам ушбу мактаб ўқувчиси Шаҳзод Мамасолиев, математика бўйича Самарқанд шаҳридаги 59-“Нурли маскан” ўқувчиси Карашма Абдуҳалимова ҳамда тарих фанидан Навоий вилояти вакили – Навоий шаҳридаги “Нурли маскан” ўқувчиси Диёрбек Муродов биринчи ўринни эгаллади.

Фан олимпиадасида биринчи ўринни эгаллаган ўқувчилар 4 миллион 944 минг сўмдан, иккинчи ўрин соҳиблари 3 миллион 296 минг сўмдан, учин ўрин эгаллари эса 2 миллион 472 минг сўмдан пул мукофотлари, сертификат ва бошқа эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Тақдирлаш маросимида Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директори ўринбосари Усмон Шарифхўжаев ҳамда “Яндех Узбекистан” вакили Сардор Қодиров иштирок этди.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари