Тошкент вилояти Нурафшон шаҳрида Ёшлар билан ишлашнинг янгича тизимини жорий этиш бўйича чора-тадбирлар дастури ижроси бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, шаҳарнинг "Нурафшон" маҳалла фуқаролар йиғинида "Street work out" спорт майдончаси ташкил этилди.
Мазкур ташаббус шаҳар ҳокимлиги, Ёшлар ишлари агентлиги шаҳар бўлими, Жисмоний тарбия ва спорт бўлими ташаббуси билан Мудофаа вазирлиги кўмаги асосида амалга оширилди.
– Ёшларни ҳар жиҳатдан етук тарбияланиши аввало уларнинг жисмонан соғлом ва чиниққан бўлишига боғлиқ, – дейди Ёшлар ишлари агентлиги Нурафшон шаҳар бўлими бошлиғи Эргаш Абдурайимов. – Эндиликда асосий вазифа мавжуд иншоотлардан унумли фойдаланиш, спорт машғулотларига маҳаллалардаги ёшларни кўпроқ жалб қилиш, уларнинг ўз қизиқишларини инобатга олган ҳолда янги турдаги спорт қурилмаларини ташкил қилиш муҳим аҳамиятга эга бўлмоқда. Айниқса, қишлоқ жойларида яшовчи ёшларимиз бу саъй-ҳаракатлардан жуда мамнун бўляпти.
Белгиланган дастурга кўра, ҳудуддаги 8 та маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудида ёшларнинг таклиф ва истакларидан келиб чиққан ҳолда янги конструкциялар асосида худди шундай махсус жойлар ташкил этилади. Хусусан, ҳозир ташаббускор ҳомийлар томонидан “Бирлик” маҳалласи ҳудудида мазкур турдаги спорт майдончаси қурилиши давом этмоқда. Яқин кунларда шаҳарнинг “Деҳқонобод”, “Дегантепа”, “Янгиобод”, “Ёшлик”, “Маърифат” маҳалла фуқаролар йиғинларида ҳам худди шундай жойлар барпо этилади.
Бундай спорт майдончаларининг афзаллиги шундаки, маҳаллаларнинг аҳоли гавжум нуқталарида, айниқса, қўп қаватли уйлар олдида ёшларнинг жисмоний фаоллигини ошириш имконияти пайдо бўлади.
А.Мусаев, ЎзА