2024 йил 13-14 май кунлари Самарқанд шаҳрида Осиё хотин-қизлар форуми бўлиб ўтади.
Форумга қизиқиш жуда катта ва унда минтақанинг энг етакчи аёллари иштирок этиши кутилмоқда. Муҳими, улар форум самарали ўтишига ишонмоқда ва бу ҳақда ўзларининг фикрлари билан ўртоқлашмоқда.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Малайзия комиссияси комиссари Нур Азиа Моҳд Авал Ўзбекистон ҳукуматини “Хотин-қизларнинг иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий ҳуқуқ ҳамда имкониятларини кенгайтириш масалаларига минтақавий ёндашув” мавзусидаги нуфузли форумни ўтказаётгани билан табриклади.
– Бу форумни ўтказиш ташаббуси Ўзбекистон Президенти томонидан БМТ Бош Ассамблеясининг 78-сессиясидаги нутқида илгари сурилган, – деди Нур Азиа Моҳд Авал. – Форумнинг ўтказилаётгани эса Ўзбекистоннинг халқаро майдонда билдирган таклифлари амалда ўз ифодасини топаётганининг яққол намунасидир.
Мазкур форум Ўзбекистоннинг хотин-қизлар иқтисодий имкониятларини кенгайтириш, шунингдек, жамиятнинг барча жабҳаларида гендер тенглиги кун тартибини илгари суриш бўйича қатъий интилишидан далолат беради. Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистонда қабул қилинган қонун ҳужжатларида аёлларга нисбатан оиладаги зўравонлик учун жазони кучайтирувчи қўшимчалар киритилгани алоҳида эътиборга лойиқ, деб ҳисоблайман.
Форум хотин-қизлар салоҳиятини рўёбга чиқариш ва бу борадаги тажриба алмашиш масалаларини муҳокама қилиш учун Осиё минтақасида ўзига хос мулоқот майдонини яратади.
Анжуманда менга хотин-қизларга нисбатан зўравонликка барҳам бериш бўйича Малайзия тажрибаси билан ўртоқлашиш имконияти берилади. Бу, албатта, мен учун фахр. Малайзия кўп динли ва кўп маданиятли жамият бўлиб, уларнинг 60 фоизи мусулмонлардир. Ишончим комилки, тадбир барчага бир-бири билан тажриба алмашиш имконини беради.
Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларни катта қизиқиш билан кузатаман. Ҳар бир ташриф менга қонунчилик даражасида ҳам, жамиятнинг кундалик ҳаётида ҳам тобора кўпроқ ижобий ўзгаришларга гувоҳ бўлиш имконини беради.
Н.Абдураимова,
ЎзА