Нукусда “TalabaExpo – 2026” касбий кўргазмаси ўтказилди
Нукус шаҳридаги “Оққуш” мажмуасида “TalabaExpo – 2026” касбий кўргазма ташкил этилди. “Келажакка қадам” дастури доирасида ўтказилган тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси Аманбай Оринбаев сўзга чиқиб, кўргазма-ярмарканинг очилиши муносабати билан йиғилганларни табриклади.
Мазкур кўргазма ярмаркада 212 муассаса ва корхона 1 минг 500 дан ортиқ иш ўрни билан иштирок этди. Шунингдек, ёшларга ўзини ўзи банд қилиш ва ўз бизнесини йўлга қўйиш учун 100 га яқин зарур асбоб-ускуна, уй шароитида бизнес бошлаш учун тижорат банклари томонидан имтиёзли кредит пакетлари тақдим этилди.
Маълумот ўрнида, тадбир доирасида бўш иш ўринлари ярмаркаси, иш берувчилар билан учрашувлар, амалиёт ва стажировка дастурлари бўйича тақдимотлар, стартап лойиҳалар кўргазмаси ташкил этилди.
Иштирокчилар “Келажакка қадам” дастури асосида имтиёзли кредит олиш имкониятлари билан танишди ҳамда бизнесни йўлга қўйиш ва ривожлантириш бўйича амалий тренинглар, истиқболли стартап лойиҳалар тақдимоти ҳамда “Раҳбар ва ёшлар” очиқ мулоқотида фаол иштирок этди.
Шунингдек, “Ўзмиллийбанк” томонидан имтиёзли кредитлар ва молиявий саводхонлик мавзусида семинарлар талаба-ёшлар ва битирувчиларнинг касбий ривожланишини қўллаб-қувватлаш, тажрибали тадбиркорлар ва мутахассислар иштирокчиларга тадбиркорлик асослари, карьерани режалаштириш, шахсий брендни шакллантириш, soft skills кўникмаларини ривожлантириш ҳамда профессионал тармоқларда фаолият юритиш мақсадида бизнес семинарлари ва семинар-тренинглар ташкил этилди.
[gallery-30619]
Кейинги йилларда мамлакатимизда ёшларни замонавий касб-ҳунарга ўргатиш, иш билан таъминлаш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Президентимиз таъкидлаганидек, ислоҳотларнинг илк кунларидан ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг орзу ва интилишларини рўёбга чиқариш давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бири сифатида белгилаб олинган. Сўнгги йилларда бу борада мутлақо янги тизим яратилди. Ҳар бир маҳаллада ёшлар етакчилари фаолияти йўлга қўйилди, йигит-қизларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, бандлиги, таълими, касб-ҳунар эгаллаши ва тадбиркорликни бошлаши учун кенг имкониятлар очилди.
Нукус шаҳрида ташкил этилган “TalabaExpo – 2026” касбий кўргазмаси битирувчи ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг бандлигини таъминлаш, ўзларининг қизиқишига қараб касб танлаш, энг муҳими билим ва кўникмаларини ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Оролбўйи минтақасини барқарор ривожлантириш масалалари бўйича маслаҳатчиси Т.Худайбергенов иштирок этди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА мухбирлари.