Нукусда меҳнат ва тадбиркорлик ярмаркаси ўтказилди
Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳрида аҳоли бандлигини таъминлаш, камбағалликни қисқартириш ва ёшларнинг тадбиркорлик ташаббусларини рағбатлантиришга бағишланган меҳнат ва тадбиркорлик ярмаркаси ташкил этилди.
Тадбир доирасида кичик тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш учун мўлжалланган меҳнат қуроллари ярмаркаси ташкил этилди. Кўргазмага келганлар ўз бизнесини бошлаш учун зарур бўлган замонавий асбоб-ускуналар ва меҳнат қуролларининг имкониятлари билан яқиндан танишди.

Шунингдек, ушбу павильонда ўз тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўймоқчи бўлган фуқаролар учун имтиёзли кредитлар ажратиш ва давлат субсидияларини олиш тартиби бўйича тижорат банклари мутахассислари томонидан маълумот берилди. Шу билан бирга, бўш иш ўринлари меҳнат ярмаркаси орқали иштирокчиларга меҳнат бозоридаги мавжуд бўш иш ўринлари тақдим этилиб, таълим муассасалари битирувчиларининг маҳаллий корхоналарда бандлигини таъминлаш бўйича зарур таклиф ва маслаҳат берилди.

Меҳнат ва тадбиркорлик ярмаркасида ҳудуддаги 729 та корхона ва ташкилот мавжуд 2 минг 499 та бўш иш ўрни билан иштирок этди. Тадбир якунида 316 нафар фуқаро доимий ишга жойлашиш учун йўлланма олди ва ундан 157 нафарини ёшлар ташкил этди.
Мазкур ярмарка аҳолини муносиб иш билан таъминлаш, ёшларнинг бандлигини ошириш ва тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашда муҳим амалий майдон бўлди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири