Нукусда ҳарбийлар учун замонавий уйлар фойдаланишга топширилди
Ватан остонадан бошланади, деганларидек, давлат чегараси мамлакатимизнинг муқаддас дарвозаси, уни қўриқлайдиган ҳарбийлар эса тинчлигимизнинг қалқонидир.
Бугун ана шундай мард ва фидойи инсонларнинг оиласига қувонч улашган яна бир қутлуғ воқеа барчамизни тўлқинлантириб юборди. Мустақиллигимизнинг 35 йиллик байрами арафасида “Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!” деган эзгу бош ғоя юрак ва онгимизга сингган шу кунларда юртимиз бўйлаб байрам шукуҳи остида Қорақалпоғистон Республикасининг Нукус шаҳрида Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинларига қарашли ҳарбий қисмларнинг бирида хизмат қилаётган ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари учун қад ростлаган 60 та замонавий хизмат хонадонининг тантанали топшириш маросими чинакам шодиёнага айланди.
Байрам нафаси уфуриб турган майдонда жаранглаган оркестр садолари остида янги уйларнинг калитлари эгаларига топширилар экан, ҳар бир ҳарбийнинг юзидаги мағрурлик ва чексиз қувончни кўриб, юртимизда инсон қадри нақадар улуғланаётганига яна бир бор гувоҳ бўласиз. Энг муҳими, ҳарбийларнинг турмуш ўртоқлари бандлигини таъминлаш мақсадида барча қулайликларга эга тўлиқ жиҳозланган тикувчилик цехи ҳамда болажонлар учун замонавий ўйин майдончалари фойдаланишга топширилгани бунёдкорликка қўшилган яна бир гўзал туҳфа бўлди.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Вазирлар Кенгаши, Нукус шаҳри ҳокимлиги масъуллари, ДХХ Чегара қўшинлари қўмондонлиги вакиллари, нуронийлар ва фаоллар иштирок этиб, йиғилганларни энг улуғ айём билан қутлашди.
Унда сўз олганлар давлатимиз раҳбари бошчилигида Қуролли Кучлар тизимини ривожлантириш, ҳарбийларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш борасида амалга оширилаётган мислсиз ислоҳотлар бугун ўз мевасини бераётганини алоҳида таъкидладилар.
Янги хонадон соҳибларининг қувончга тўлиб айтган қуйидаги сўзлари бу ҳақиқатнинг амалий тасдиғидир:
— Авваллари ижарама-ижара сарсон юриб, кўчиб юришлар қанчалик машаққатли эди. Истиқлолимизнинг 35 йиллиги арафасида Юртбошимизнинг бизга тақдим этган бундай улкан туҳфаси ҳар биримизнинг оиламизга кўрсатилган чексиз ғамхўрликдир. Замонавий, барча шароитларга эга уй, болаларимиз учун хавфсиз ўйин майдончалари, қолаверса, оиламдан хотиржам бўлган ҳолда ўз жанговар хизматимизни ўтаймиз. “Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!” деган бош ғояни ўз фаолиятимиз ва оилавий ҳаётимиз билан амалда исботлаб, сарҳадларимизни кўз қорачиғидек қўриқлаймиз. Бизга кўрсатилган бундай юксак эътибор учун Ўзбекистон Республикаси Олий Бош қўмондонидан чексиз миннатдормиз,— дейди ҳарбий хизматчилар.
Дарҳақиқат, бугунги кунда сарҳадларимиз чегарасида хизмат қилаётган ҳар бир мард ўғлоннинг оиласи тинч ва обод экан, юртимиз мустақиллиги ҳам абадий, осмонимиз мусаффо бўлаверади.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси Аманбай Оринбаев иштирок этди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири