Хоразмда базальтни қайта ишлаш қуввати оширилмоқда
Хоразм вилоятидаги «Khorezm Insulation Group» корхонаси қурилиш материаллари ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Бу ерда базальт тоши қайта ишланиб, «Thermo Plus» савдо белгиси остида иссиқлик ва товуш изоляцияси учун мўлжалланган плиталар тайёрланмоқда.
Корхонанинг асосий хомашёси — Қорақалпоғистон Республикасидаги Қоратау тоғларидан қазиб олинадиган базальт. Уни қайта ишлашда Германия, Туркия ва Россиядан келтирилган технологик ускуналардан фойдаланилади. Плиталар биноларда иссиқликни сақлаш, энергия сарфини камайтириш ва шовқин даражасини пасайтиришга хизмат қилади.
Айни пайтда корхонада ишлаб чиқариш қувватини ошириш ва янги технологияларни жорий этиш бўйича лойиҳалар амалга оширилмоқда. Бу ишлар маҳаллий қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, янги иш ўринлари яратиш ва экспорт имкониятларини кенгайтиришга қаратилган.
[gallery-32591]
Беҳзод САИДОВ (сурат), ЎзА