Қашқадарё вилоятида табиий газдан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари ҳануз кун тартибидан тушмаяпти. Ҳар биримизга маълумки, табиий газ давлатнинг қимматбаҳо бойлиги бўлиб, унинг ҳар бир куб метри минглаб хонадонларни иситиш, юзлаб корхоналарнинг самарали фаолият юритиши учун хизмат қилади.
Шу билан бирга, афсуски, айрим фуқаролар шахсий манфаат йўлида амалдаги қонунларга зид ҳаракат қилишдан тийилмаяпти. Бундай ҳолатлар нафақат давлат манфаатларига, балки жамият тараққиётига ҳам салбий таъсир кўрсатади.
“Ҳудудгаз Қашқадарё” ГТФ масъуллари томонидан ўтказилган тезкор тадбирлар ҳам бу фикрни яна бир бор тасдиқлади.
Масалан, Қарши шаҳрининг Гулшан маҳалласида яшовчи фуқаро И.А ҳеч қандай ҳужжатсиз газ тармоғига уланиб, деярли 74 миллион сўмлик газни талон-тарож қилган. Бу маблағ қанча хонадоннинг бир йиллик эҳтиёжига етган бўларди.
Худди шундай “Чақар” маҳалласидаги тадбиркор Э.Ф новвойхонасида ҳисоблагичдан олдин шланг ўрнатиб, 13 миллион сўмдан зиёд газни “ўзлаштирган”. Одамлар ҳар куни овқат пишириш учун ҳисоб-китоб қилиб ўтирар экан, кимдир давлат мулкини ўз манфаатига ишлатиши – адолатсизлик эмасми.
Косон туманидаги Боғишамол маҳалласида эса фуқаро Ш.А хавфсизлик қоидаларини ҳам унутиб, ноқонуний учоқ ўрнатган ва уни тижоратда ишлатган. Натижада 116 миллион сўмлик газ йўқотилган. Бу нафақат иқтисодий зарар, балки атрофдагилар ҳаётига ҳам таҳдиддир.
Шу каби ҳолатлар Жиззалик ва Арабхона маҳаллаларида ҳам қайд этилди.
Биргаликда ҳисобласак, 6 та ноқонуний уланиш орқали давлатга етказилган зарар 246 миллион сўмдан ортиқни ташкил қилди.
Қонун аниқ, ҳар қандай ноқонуний ҳаракат ўз жазосини топади. Жиноят кодексининг 169-моддасига асосан бу ҳолатлар бўйича жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Шу боисдан ҳам жамиятда ҳар биримиз огоҳ бўлишимиз, қонунга риоя қилишимиз зарур. Давлатнинг бойлигини асраш фақат мутасаддиларнинг эмас, балки ҳар биримизнинг бурчимиздир.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири