Шофиркон туманида тиллафурушлар фаолиятига чек қўйилди. Бу ҳақида Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати маълум қилди.
Бухоро вилояти ҳуқуқ-тартибот органлари ҳамда “Бухоро ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” акциядорлик жамиятининг Шофиркон тумани бўлими ходимлари ҳамкорлигида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Табиий газ ва электр энергиясини сотиш механизмини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги фармони ижросини таъминлаш бўйича тезкор тадбир ўтказилди.
Натижада Шофиркон тумани “Назаробод” қишлоғида яшовчи, 1992 йилда туғилган фуқаро И.У. ўзининг яшаш хонадонида яширин цех ташкил этиб, тегишли шартномалар тузилишини таъминламасдан, таркибида олтин зарралари мавжуд бўлган тошларни майдалашга мўлжалланган, қуввати 18,5 кВт бўлган ускунани электр тармоғига ноқонуний улаб фойдаланиб келаётганлиги аниқланган.
“Ўзэнергоинспекция” Бухоро ҳудудий бўлими мутахассисларининг берган хулосасига кўра, ушбу фуқаро томонидан умумий фойдаланишдаги электр тармоғига ўз бошимчалик билан уланиб 383,62 кВт/соат электр энергиясидан ноқонуний тарзда фойдаланганлиги натижасида давлат манфаатларига 130 миллион 838 минг 400 сўмлик зарар етказилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 185 /2-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирги кунда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА