Бугунги кунда хорижда ишлаш ёки ўқиш ниятида бўлган ёшлар сони ортиб бормоқда. Бу эҳтиёждан фойдаланиб қолишни мақсад қилган баъзи консалтинг фирмалари ўртасида “осон йўл”, “кафолатланган виза” каби ваъдаларни тарқатиш ҳолатлари кузатилмоқда. Аслида бундай фирмаларнинг фаолияти ортида қонуний асосга эга бўлмаган, одамларнинг пулларини алдов йўллари билан олишга қаратилган режалар яширинган бўлиши мумкин. Шунинг учун ҳар қандай таклифни танлашда эҳтиёт бўлиш ва ҳар қандай маълумотларга ишонавермаслик керак.
Чунки кейинги йилларда хорижда ишлаш ёки ўқишни мақсад қилиб фирибгарлар тузоғига илиниб қолиш ҳолатлари ортиб бормоқда.
Жорий йилда фуқаролардан Рақобат қўмитасига 20 га яқин мурожаат келиб тушган бўлиб, уларнинг кўпчилиги хорижда ишга ёки ўқишга жойлаштириш ваъдаси билан фирмаларга пул тўлаган, аммо тўланган маблағлар қайтарилмаган ёки хизматлар бажарилмагани тўғрисида.

Мисол тариқасида, Тошкент шаҳридаги “KONSALTING N1 B2B” МЧЖга 16 миллион сўмдан ортиқ тўлов қилган А.Б.нинг Латвияга ишга юбориш масаласи бўйича мурожаатини келтириш мумкин. Фарғона шаҳрида яшовчи фуқаро Ш.М. Латвия давлатида иш топиш ва виза расмийлаштириб бериш учун Қўқон шаҳридаги “VIVAT VIZ” МЧЖга жами 2000 АҚШ доллари эквиваленти миқдорида пул тўлагани тўғрисида қўмитага маълум қилган.
Тошкент вилояти Янгийўл туманидаги фуқаро О.Х. Германияга ишлашга бориш мақсадида Яккасарой туманидаги “BLACK MOUNTAIN PRO” МЧЖга 36 миллион сўм тўлаган. Бироқ, фирма фаолиятини юритмаган, хизматлар бажарилмаган, пуллар қайтарилмаган.
“Хусусий бандлик агентликлари тўғрисида”ги қонунга мувофиқ, хорижда ишга жойлаштириш хизмати фақат лицензияга эга агентликлар томонидан амалга оширилиши мумкин. Аммо кўпгина фирмалар бу қоидага амал қилмайди. Жумладан, “DIAMOND IDEAL”, “XORIJDA ISH VA O‘QISH”, “SJ TEAM”, “CONSULTING FLY”, “ASIA CONSULT EDUGATELY”, “EURO ASIA CONSULTING CENTRE”, “EXLUSIVE ASSISTANT”, “DOCH CONSULT”, “GLOBAL CONSULTING EFFORT” ва “POLAND BUSINESS SUPPORT AND VIZA” МЧЖ каби консалтинг фирмалари ижтимоий тармоқлар орқали фуқароларни ишончига кириб, уларга хорижга ишга ёки ўқишга юборишни ваъда қилиб, фақат пул олишган, аммо уларнинг хизматлари бажарилмаган. Бундай фирмаларнинг кўпчилиги лицензияга эга эмас ва уларнинг фаолияти қонуний эмас.
Шунингдек, Европанинг Ирландия, Англия, Дания, Норвегия каби давлатларига ишга юбориш тўғрисида эълонлар бериб, фуқароларга консалтинг хизматлари эмас, айнан хорижга ишга жойлаштириш бўйича хизматларни кўрсатиш билан шуғулланиб келаётган “EVERYONE CONSULT” ва “WORLDVIZA” МЧЖларига Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлиги томонидан базавий ҳисоблаш миқдорининг 300 баравари миқдорида жарима қўлланилган.
“RICH RESULT”, “RAVON CONSULT GROUP” ва “ADWORLD GROUP” МЧЖлар каби фирмаларга нисбатан ҳам ҳуқуқий чоралар кўрилган.
Xорижда ўқиш ва ишлаш ниятида бўлганлар ҳар қандай “ўртачи” фирмалар алдовларига ишонмаслик, улар фаолияти қонунийлигини ва лицензияси мавжудлигини текшириш зарур. Юқоридаги каби вазиятларга тушиб қолмаслик учун шартнома шартлари билан батафсил танишиб, унинг хизматига пул тўлашдан аввал алдов ва фирибгарлик қурбони бўлиб қолмасликка тўлиқ ишонч ҳосил қилиш керак.
Н.Раҳмонова,
ЎзА