Сўнгги йилларда жамиятимизда ер ресурсларига бўлган талаб ортиши натижасида ноқонуний ер эгаллаш ҳолатлари кўпайгани кузатилмоқда. Бу ҳолатлар мамлакат иқтисодиётига, қишлоқ хўжалиги ривожига, шунингдек, ижтимоий барқарорликка салбий таъсир кўрсатади. Шу сабабли, ноқонуний ер эгаллашга қарши курашиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланган.
Кадастр агентлиги Навоий вилояти бошқармаси томонидан ерга оид қонунчилик талаблари бузилган ҳолатлар бўйича кенг кўламли мониторинг ва назорат ишлари олиб борилмоқда.

Ўрганишлар натижасида жорий йилнинг олти ойи давомида 922 та ҳолатда 47,2 гектар ер майдонлари юридик ва жисмоний шахслар томонидан ҳеч қандай ҳужжатларсиз ноқонуний эгаллаб олингани аниқланган.

– Мазкур қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш мақсадида барча ҳуқуқбузарларга ёзма огоҳлантиришлар берилди. Натижада 657 та ҳолатда 38,8 гектар ер майдонларидаги ноқонуний қурилмалар фуқароларнинг ўз ихтиёри билан бартараф қилинди ҳамда ер майдони аввалги ҳолатига қайтарилди, – дейди Кадастр агентлиги вилоят бошқармаси бошлиғи Дониёр Нишонов. –Қонуний талабларни бажармаган шахсларга нисбатан эса 116 та ҳолатда 6,8 гектар ер майдонларини мажбурий тартибда буздириш мақсадида судларга даъво аризалари киритилган. Шунингдек, 12 та ҳолатда 1,1 гектар суғориладиган ерда аниқланган ноқонуний қурилмалар юзасидан ҳуқуқий баҳо бериш учун прокуратура органларига ҳужжатлар тақдим этилган.

Бундан ташқари, олиб борган ўрганишлар давомида 179 та ҳолатда 676,5 гектар ер майдони фуқаро ва тадбиркорлар томонидан мақсадсиз фойдаланилаётгани аниқланган. Ушбу ҳолатлар бўйича тегишли ҳокимликларга тақдимномалар киритилди. Натижада 653,2 гектар ер майдонлари давлат захирасига қайтарилди. Қолган ер майдонларини давлат захирасига қайтариш ишлари давом этмоқда.
Албатта, мазкур чора-тадбирлар давлат ер фондининг муҳофаза қилиниши, ер ресурсларидан оқилона ва қонуний фойдаланилишини таъминлашга қаратилган. Кадастр агентлиги вилоят бошқармаси ходимлари томонидан назорат ва ўрганиш ишлари давом этмоқда.
А.Бўриев, ЎзА мухбири