Ноозиқ-овқат маҳсулотларига нисбатан умумий хавфсизлик талаблари белгиланмоқда
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Экологик партияси фракциясининг йиғилишида “Маҳсулотларнинг умумий хавфсизлиги тўғрисида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.
Таъкидланганидек, лойиҳада ноозиқ-овқат маҳсулотларига нисбатан умумий хавфсизлик талабларини белгилаш билан бирга, юқори хавфга эга айрим маҳсулотлар учун техник регламентлар орқали махсус мажбурий талаблар жорий этиш назарда тутилмоқда.

Қонун лойиҳасида Жаҳон савдо ташкилотининг Савдодаги техник тўсиқлар бўйича битими талаблари ҳам инобатга олинган. Хусусан, техник регламентлар халқаро савдода ортиқча тўсиқлар яратмаслиги, маҳсулотлар учун тенг шарт-шароитлар таъминланиши ҳамда истеъмолчиларни чалғитувчи ҳолатларнинг олди олиниши каби тамойиллар мустаҳкамланган.

— “Маҳсулотларнинг умумий хавфсизлиги тўғрисида”ги қонун лойиҳасида белгиланаётган нормалар ноозиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлигини таъминлашда алоҳида аҳамиятга эга, — дейди фракция аъзоси Гулчеҳра Тожибоева. — Лойиҳада техник регламентлар маҳсулот конструкциясига эмас, балки унинг хавфсизлиги ва натижавий кўрсаткичларига қаратилган талабларни ўз ичига олиши белгиланмоқда. Иқтисодий операторлар — ишлаб чиқарувчилар, импорт қилувчилар ва дистрибьюторлар — маҳсулотнинг мувофиқлигини баҳолаб, тегишли декларацияларни расмийлаштириши ҳамда зарур ҳолларда миллий мувофиқлик белгиси билан тамғалаши лозим бўлади.
Шунингдек, “мувофиқлик презумпцияси” тамойили ҳам жорий этилмоқда. Унга кўра, белгиланган стандартларга мувофиқ ишлаб чиқарилган маҳсулотлар автоматик равишда умумий хавфсизлик талабларига жавоб беради, деб ҳисобланади.
Йиғилишда таъкидланганидек, мазкур қонун лойиҳаси қабул қилиниши натижасида ноозиқ-овқат маҳсулотлари учун аниқ ва шаффоф хавфсизлик талаблари белгиланади, иқтисодий операторларнинг масъулияти ошади, хавфли маҳсулотлар бозорга кириб келишининг олди олинади.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА