Номзодлар турнири: Жавоҳир Синдоровни олдинда яна 4 та муҳим баҳс кутиб турибди
Кипрда давом этаётган шахмат бўйича Номзодлар турнирининг ортда қолган 10-тур баҳсларидан кейин Жавоҳир Синдоров очколари сонини 10 тага етказиб, яқин таъқибчиларидан 2 очко олдинлаб кетди.
Кеча ўтказилган 10-тур мусобақасида Жавоҳир оқ доналарда ҳиндистонлик Рамешбабу Праггнанандхани мағлубиятга учратди.
Бу Синдоровнинг 8 очко жамғариб турнир жадвалидаги етакчилигини янада мустаҳкамлашини таъминлаш билан бирга, Номзодлар турнирлари тарихида энг кўп ғалабага эришган шахматчилар рекордини янгилашига олиб келди.

Жавоҳирнинг энг яқин таъқибчиси ҳисобланган нидерландиялик Аниш Гири оқ доналарда АҚШ вакили Ҳикару Накамура билан муроса йўлини танлади.
Мазкур турда Андрей Есипенко — Маттиас Блюбаум, Вэй И — Фабиано Каруана қарама-қаршилигидаги ўйинларда ҳам дуранг қайд этилди.
Аёллар ўртасида ўтган 10-тур учрашувларида қозоғистонлик Бибисара Асаубаева оқ доналарда хитойлик Чжу Цзинерни, россиялик Александра Горячкина қора доналарда ҳиндистонлик Дивья Дешмухни мағлуб этган бўлса, Анна Музичук — Вайшали Рамешбабу ва Катерина Лагно — Тан Чжунъи жуфтлигидаги ўйинларда кучлар тенг келди.

Мусобақадан сўнг ҳамюртимиз Жавоҳир Синдоров журналистларнинг саволларига жавоб бериш асносида мусобақанинг асосий жиҳатларига тўхталиб ўтди.
— Мақсадга жуда яқинман, лекин олдинда яна тўртта муҳим ўйин бор. Шунинг учун натижа ҳақида ўйламасдан, шунчаки ишончли ўйнашга ҳаракат қиламан. Турнирда албатта босим юқори. 9-турда ютишим керак бўлган позицияни юта олмадим. Мураббийим натижа ҳақида эмас, ўйин ҳақида ўйлашимни кўп такрорлайди, — деди Жавоҳир.

Дарҳақиқат, олдинда бир-биридан қизиқарли ва мураккаб бўлган 4 та тур ўйинлари бор. Уларда Синдоров Фабиано Каруана, Ҳикару Накамура, Аниш Гири ва Вэй И билан куч синашади.
Бугун, 10 апрель иштирокчилар учун дам олиш куни сифатида белгиланган.
Эртага ўтказиладиган 11-тур баҳсида Жавоҳир оқ доналарда АҚШ вакили Каруана билан рўбарў келади. Улар ўртасида ўтган 4-турда Синдоров оқ доналарда ғалабага эришган эди.
Шунингдек, 11-турда Аниш Гири — Андрей Есипенко, Ҳикару Накамура — Вэй И, Праггнанандха — Маттиас Блюбаум “жанг”лари бўлиб ўтади.
Эслатиб ўтамиз, 16 апрелга қадар давом этадиган Номзодлар турнирининг мукофот жамғармаси 1 миллион евро.
Тўлқин Рўзиев,
ЎзА