Номингизга нечта банк картаси расмийлаштирилганини қандай билиш мумкин?
Ягона интерактив давлат хизматлари порталида фойдаланувчилар номига расмийлаштирилган банк карталари ҳақида маълумот олиш имконияти яратилди. Ҳозирча ушбу хизмат синов режимида ишламоқда, деб хабар беради портал матбуот-хизмати.
Янги сервисдан фойдаланувчи шахсий профили орқали бевосита фойдаланиш мумкин бўлиб, унда банк карталари билан бирга, банкларнинг мобиль иловалари орқали чиқарилган виртуал карталар ҳақидаги маълумотлар жамланган. Энди фойдаланувчи муайян кредит ташкилотига мурожаат қилмасдан туриб ҳам ўз номига расмийлаштирилган карталар ҳақида маълумотга эга бўлиши мумкин.
Ушбу хизмат биринчи ўринда Ўзбекистон резидентлари бўлган банклар чиқарган карталарнигина қамраб олади. Айни дамда маълумот икки тоифага ажралган бўлади: “Тасдиқланганлар” ва “Тасдиқланмаганлар”.
“Тасдиқланганлар” бўлимида ўз тизимларини Ягона интерактив давлат хизматлари портали билан интеграция қилган банклар фойдаланувчилари номига расмийлаштирилган карталар чиқади. “Тасдиқланмаганлар” бўлимида эса, ҳозирча портал билан техник интеграцияни якунламаган банклар карталари кўрсатилади.
Сервисда қўшимча имкониятлар ҳам тақдим этилган. Хусусан, фойдаланувчи амал қилиш муддати яқин бўлган банк карталари ҳақида ҳам маъулмотга эга бўлиши ва портал орқали янги картани олиш бўйича банкка ариза юбориши мумкин. Бу кундалик банк операцияларини фуқаронинг ягона рақамли профилига ўтказиш имконини беради.
Банкларнинг тизимга уланиши ва портал фаолиятининг кенгайишига қараб фойдаланувчилар бир жойнинг ўзида банк маҳсулотлари ва бошқа хизматлар билан боғлиқ операциялар ҳақида маълумотга эга бўлади.
Роман БОНДАРЧУК тайёрлади, ЎзА