Дунёнинг машҳур брендлари
Кундалик ҳаётимизда деярли ҳар куни бренд номларни эшитамиз ва қўллаймиз. Бренд номлар остида халқаро бозордаги нарх сиёсати, рақобатчилик муҳити, маҳсулот ишлаб чиқарувчи компания ва ташкилотнинг молиявий имконияти билан бирга маҳсулотнинг сифат ва ўзига хос жиҳатлари ифода этилади. Бренд маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи компания, мамлакат эса ушбу тур маҳсулотга оид тенденцияларни белгилайди.
Дунёга машҳур бренд номлар ва уларнинг этимологияси ҳақида қизиққанмисиз? Баъзи бренд номларни аталишида маълум шахс, жой номлари ёки маъноли сўзлар асос қилиб олинган бўлса, баъзиларига маълум воқелик сабаб бўлган. Қуйида дунёга машҳур бренд номларнинг пайдо бўлиш тарихи, улар билан боғлиқ қизиқарли фактлар ҳақида маълумотлар берамиз.
Дунёдаги биринчи уяли алоқа воситаси ишлаб чиқарувчи ҳисобланган “Motorola” компанияси америкалик ака-укалар Пол ва Жозеф Галвинлар томонидан асос солинган “Galvin Manufacturing” корхонаси негизида шаклланган. 1943 йилда “Galvin Manufacturing” компанияси очиқ акциядорлик жамиятига айлантирилди. 1947 йилда компания номи ўзининг энг машҳур савдо белгиси бўлган “Motorola” (Motion – ҳаракат, Victrola – ўша даврда замонасининг машҳур радиоприёмниги) номига ўзгартирилди.

“NOKIA” номи 150 йиллик тарихга эга. 1865 йилда муҳандис Федрик Идестам Финляндиянинг жануби-ғарбий ҳудудида жойлашган Нокиа дарёси бўйида ёғочни қайта ишлаш заводини ишга туширди. Қоғоз маҳсулотларини ишлаб чиқарадиган корхона тез фурсатда ривожланди. Корхонага дарёни яқинлиги "NOKIA" га электротехника ишлаб чиқарувчиси бўлиш имконини берди. 1922 йилда “NOKIA” нинг каучук ишлаб чиқарадиган “Finnish Rubber Works” ва “Finnish Cable Works” (кабель заводи) билан бирлашуви компаниянинг телекоммуникация соҳасидаги катта муваффақияти пойдевори бўлди.
“Coca-Cola” компаниясининг бренди “Fanta” ичимлиги иккинчи жаҳон уруши даврида Германияда пайдо бўлган. Бренд номи немсча “Fantasieden” сўзидан олинган бўлиб, ўзбекчада “тасаввур” деган маънони ифодалайди. Ичимликни жаҳон бозорига киритишда унга “Fanta” номи берилган.
“Adidas” фирмасининг номи унинг асосчиси Ади Дасселер номидан олинган. Компаниянинг биринчи ишлаб чиқарган футбол пойабзалидаги учта йўлсимон чизиқ “Adidas” брендининг логоси пайдо бўлишига асос бўлган.
Американинг спорт кийимлари ва пойабзаллари ишлаб чиқарувчи “NIKE” бренди номи қадимий юнон ғалаба маъбудаси Ники номидан олинган. Логотип муаллифи, дизайнер Кэролин Дэвидсон изоҳига кўра, бренд логоси маъбуданинг қанотига қиёсланади.
Жанубий Кореянинг гигант бренди бўлган “Samsung” компаниясининг номи (“Sam” – уч, “sung” – юлдуз) уч юлдуз деган маънони англатади. Корейс халқида уч сони куч ва салмоқлиликни ифодалайди.
Шундай бренд номлари ҳам бор-ки, атамалар аталишида мазмун-маъно англатиши муҳим ҳисобланмайди. Хусусан, фотография ускуналари ва маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи “Kodak” компанияси асосчиси Жордж Истмен бренд ном топишда бирор маъно англатиши шартмаслиги, асосийси ном қисқа бўлиши кераклигини, шунингдек, унга шунчаки "К" ҳарфи ёқишига асосланган.

Кўп тармоқли саноат корхонаси – “Daewoo” номи корейс тилидан таржима қилинганда “буюк олам” деган маънони англатади.
Компьютер, планшет, аудиоплеер ва дастурий таъминотлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган “Apple” команияси асосчиси Стив Жобснинг ёқтирган меваси айнан олма. Уч ойлик уринишлардан сўнг Стив Жобс шерикларига 5 соат ичида компанияга муносиб ном топа олмасалар бизнесга “apple” (олма) номини беришини айтади. Кутилган вақт самара бермади. Компанияга “Аpple” номи берилди.
1998 йилда Американинг Стэнфордск университети талабалари Сергей Брин ва Ларри Пейдж томонидан ишлаб чиқилган лойиҳа асосида дунёдаги етакчи интернет қидирув тизими “Google” пайдо бўлган. Атама гогол сўзидан олинган бўлиб, 1 сонидан кейинги 100 та нолни англатади. Ушбу лойиҳанинг асосчилари инвесторлардан олган чек қоғозидан айнан шундай сон ёзилган бўлган.
Дунёдаги етакчи интернет қидирув тизимларидан бири бўлган “Yahoo” америкалик талабалар томонидан тузилган веб-сайт асосида шаклланган. Ушбу бренд ном келиб чиқиши ҳақида икки хил версия бор. Сайт асосчилари талқинига кўра, ушбу атама, Жонатан Свифтнинг “Гуливернинг саёҳатлари” асарида келтирилган гуманоид мавжудот номидан олинган. Кейинчалик ушбу бренд номи инглиз тилидаги “Yet Another Hierarchical Officious Oracle” аккроними қисқартмаси сифатида талқин этилган.
Экспертларнинг қайд этишича, япон маҳсулотларини жаҳон бозорида харидоргир бўлишида сифат даражасининг юқорилиги билан бренд атамаларнинг ўзига хослиги ҳам муҳим аҳамият касб этади. Япон брендлари номининг маъноли ва шарқона фалсафага асосланганлиги тақдиқотчилар томонидан эътироф этилган. Атамаларни изоҳлашда иккита асосга, яъни, сўзларини ташкил этувчи иероглифлар ва уларнинг маъноларига эътибор қаратилади.
Хусусан, спорт кийимлари ва пойабзаллари ишлаб чиқарадиган “ASICS” трансмиллий корпорациясининг номи лотинча “Anima sana in corpore sano” иборасидан олинган бўлиб, ўзбекчага таржима қилинганда “Соғ танада соғлом руҳ” деган маънони англатади. “ASICS” фирмаси ҳозирда дунёда ўз сегментидаги бешинчи йирик фирма ҳисобланади.

Япон электротехника ишлаб чиқарувчи корпорация “Toshiba” атамаси 1984 йилда иккита йирик ишлаб чиқарувчи саноат “Tokyo Electric” ва “Shibaura Manufacturing” бирлашуви натижасида шаклланган. Бренд атама айнан ушбу номлар бирлашувидан ҳосил бўлган.
Япон автомобиль брендларининг баъзилари компания асосчилари номи билан аталади. Хусусан, “Suzuki” – Мичио Сузуки, “Mitsuoka Motors” – Акио Мицуока, “Honda” – Соичиро Хонда шарафига қўйилган. “Toyota” – Сакиши Тойода исм-фамилиясидан олинган. “Toyota” атамасида япон фалсафасига оид тушунча мужассам. Япон иероглифида Тойода сўзини ёзиш учун 9 та ҳаракат талаб этилса, “Toyota” сўзи 8 та ҳарф билан ёзилади. Японларда эса 9 сони нохушлик, 8 сони эса омадли сон ҳисобланади. Ҳақиқатми ёки афсона 8 сони компанияга омад келтирган.
Яна бир япон автомобиль брендига оид маълумот, 1983 йил “Tоyota” корпорацияси янги автомобиль брендига “Lexus” номини берди. Бу ном этимологиясига оид бир нечта версиялар бор. Хусусан, “Lexus” инглизча “luxuru” – ҳашамат ва “elegance” – башанг сўзларидан олинган. Бошқа бир изоҳларга кўра, бренд номи “luxuru exports to US” сўзларидан олинган бўлиб, “Lexus” автомобиллари аввал АҚШга экспорт учун ишлаб чиқарилганлиги асос бўлади.
Япон автомобиль бренди “Infinity” номи инглиз тилидан олинган бўлиб, “чексизлик” маъносини билдиради. Автомобиль соҳадаги чегарасиз имкониятни намоён эта олганлиги билан эътироф этилади. Бу бренддаги автомобиль ҳам “Lexus” каби Америка бозори учун ишлаб чиқилгани учун инглиз тилидаги ном билан номланган эди.
Зуҳра МИРЗАБОЕВА, ЎзА